Бузғунчилик характеридаги кўплаб оқимлар (секта) ҳеч бир давлатга ҳам миллатга ҳам ҳеч қачон фойда етказмаган. Аксинча, ҳамма вақт моддий, руҳий ёки жисмоний зарар етказиб келган. Диний оқим аъзоларини секта деб аташлари уларнинг ўзларига ҳам сира ёқмайди. Чунки “сектантлик” деганда ислом, насроний, яҳудий каби илоҳий динларга итоат қила туриб, ўша динлардаги тўғри йўлдагилардан ажралиб чиққан оқимлар тушунилишини ҳамма билишини уларнинг ўзлари ҳам билади.
Секта бу – одамларни ўзининг худбинона мақсадлари йўлида бошқаришнинг кучли усулларидан ҳисобланади. Масалан, сеантология асосчиси Рон Хаббард болалигидан ҳукмронликка интилган ва доим шу ҳақда хаёл суриб дафтарига “Барча одамлар – менинг қулларим”, “Бутун олам менга итоат қилади” ва шу қабилидаги ибораларни ёзиб ўтирар экан. Улғайганда ўзини турли соҳаларда синаб кўрди ва бирортасидан бирорта натижага эриша олмади. Ҳатто у ҳар бир ёзган сўзимга ҳақ тўлайди деган илинжда ёзувчиликни ҳам касб қилмоқчи бўлди. Кейин эса турли жойларда бир неча бор: “Ёзиб, ҳар сўз учун нечадир цент олиш – кулгули иш. Агар бой бўлишни истасанг, ўз динингни ярат” деб гапирган.
Сектага аксар кишилар ўзлари билмаган ҳолди кириб қолади. Бу ҳодиса кўпинча кўча-кўйда ёки интернетдаги ижтимоий сайтларда нотаниш одам билан суҳбатлашиб қолишдан бошланади. Секталарга кириб қолувчиларнинг кўпчилиги ҳаётда ишлари юришмай, тушкун кайфиятда юрган вақтида аъзо бўлиб қўяди. Чунки айнан шундай вақтда унинг атрофида меҳрибон, ширин сўз одамлар пайдо бўлиб унинг ҳаётга бўлган ишончини қайта уйғотади.
Сектага дахлдор бўлган ҳар қандай шубҳа-гумонлар дастлабки кунларданоқ олдиндан режалаштириб қўйилган далил ва уқтириш сериялари ёрдамида рад қилинади. Янги аъзо бўлганларнинг ташқи ахборий манбалардан олган маълумотлари илдизидан кесиб ташланади. Шу тариқа, секта тарафдорлари янги бир тўсиқ яратади – ушбу ташкилотга дахли бўлмаган материалларни кўришдан қўрқиш туйғуси. Улар бошқача дунёқарашга, иймон-эътиқодга олиб борувчи материалларни кўришдан жуда ҳам қаттиқ қўрқади. Шу боисдан улар кутубхонларга бормайди, телевизор кўрмайди, газета ўқимайди, ижтимоий тармоқлардаги фаол режимларда кўринмайди. Натижада ана шу янгилар оқимнинг қиёфасидаги доғ-дуғларни эмас, фақат ёруғ рангларни кўради.
Секта ўз аъзоларининг онгини ва ўзини тутишини назорат қилишда турли усуллардан фойдаланади. Улар сирасида гипноз ва шунга ўхшаш воситаларни ўзаро муомала чоғида, ваъз сўзлаётганда қўллайди ҳамда ўз адабиётларида ёзади. Шундай вазиятлардан улар психологик муҳит ҳосил қилиб, ташкилоти ва раҳнамосига жисмоний ва моддий жиҳатдан қарам қилиб қўяди, турли қўрқитишлар билан сектадан чиқиб кетишларига йўл қўймайди. Бундай пўписалар сирасида, албатта, муқаддас китоблардан узиб-узиб олинган кўчирмалар ҳам бўлади. Асосий куч бу ишларда ҳали ҳақиқий диний илми шаклланиб улгурмаган ва таклифларга ўта сезгир бўлган ёшлар танлаб олинади.
Амалиётчи руҳиятшуносларнинг хабар беришича, йўлбошчилар издошларини шундай гипноз қиладики, улар бу гипноздан сира ҳам чиқиб кета олишмайди. Мабодо, жамоадан чиқиб кетган тақдирда ҳам гипноз таъсиридан чиқа олмайди ва уни кучли мутахассислар ёрдамисиз бу ҳолатдан чиқариб бўлмайди.
Секта ўз аъзоларини муттасил равишда бутун оламга қарши чархлаб боради (оила, дўстлар, ҳамкасблар, давлат хизматчилари, анъанавий динларнинг руҳонийлари). Ана шуларнинг гуноҳларини санаб, инсоний қадр-қийматларини пастга уриб ўзлари билан қиёслаганда иккинчи навга айлантириб қўяди. Натижада улар билан яқин муносабатада бўлишни чеклаш тавсия этилади, шахсий муносабатлар эса оилавий ажрашишгача олиб келинади, иш жойи ўзгартирилади, яшаш жойи ҳам (шаҳар, мамлакат) ўша оқим фойдасига ўзгартирилади.
Секта ҳар бир мамлакатдаги аъзолари қалбидаги ватанни севиш туйғусини турли йўллар ва ёлғон важлари ила мавҳ этиб боради: давлат мадҳиясини куйлашни, давлат ташкилотларида ишлашни, ҳарбий хизматга боришни, ватанни душман ҳужумидан мудофаа қилишни, шаҳар, республика миқёсида ўтадиган тадбирларда, тантаналарда қатнашишни, Аллоҳнинг қудратини давлат органисиз эътироф этишни, давлат қонунларига амал қилиш жоиз эмаслигини... уларга узлуксиз уқтириб боради. Улар шу йўллар билан давлат ичида ўз давлатларини қуришга ҳаракат қилади.
Секта ўз аъзоларининг шахсий ҳаёти устидан назорат ўрнатади ва амалда энг майда нарсаларни ҳам эътибордан қочирмайди. Турмуш қуриш-керакми, йўқми, ким билан турмуш қуриш керак; фарзанд кўриш керакми, йўқми, оилавий ҳаётини қандай кечириш кераклигигача аралашади, десак, ҳаққимиз кетади – кўрсатма беради.
Жамоанинг гуноҳга йўл қўйганлари жиддий муҳокама қилинади ва унга кўп нарсалар, ҳатто оддийгина саломлашиш ҳам чеклаб қўйилади.
Диний оқимларнинг йўлбошчилари ўз ғояларини асосан янги тарафдорлар топиш мақсадида аҳоли орасида кенг ташвиқ қилади. Шу боис секта аъзолари кўпинча ишини бўш вақти кўп бўладиган ишларга ўзгартиради. Мақсад: кўчаларда уйма-уй юриб янги тарафдорлар ахтариш ва интернетда ижтимоий сайтларда ўтириб ишлаш.
Албатта, бундаги асосий нуқталардан бири – ихлосмандларнинг хайр-эҳсонларини йиғиб олишдир. Масалан, илгари саентолог бўлган қозоғистонлик бир кишининг nur.kz порталига 2016 йилнинг май ойида берган видеоинтервьюсида қозоғистонлик саентологларнинг аъзолик бадали миқдорини айтган эди. Унинг айтишича, бу ташкилотнинг тушуми 100 минг АҚШ долларидан бошлаб 1-3 миллионгача борар экан. Диний оқим аъзоларидан бирининг таъкидлашича, бу пуллар узоқ мамлакатлардаги эзилган ва камбағал жамият эҳтиёжларига сарфланади, ҳеч кимга кўринмайдиган золим билан жанг қилиш ҳамда Худонинг олдида йўл қўйилган гуноҳларни сотиб олиш учун харжланади. (Аммо улар бу пулни Аллоҳга қандай қилиб етказади? Аллоҳга пул нимага керак? Бундай гаплар муқаддас китобларнинг қайси бирида ёзилган?!)
Умуман, бу қадар тутуруқсиз гапга одамни ишонтириш учун гипнозданми, шунга ўхшаш сеҳргарлик ишлариданми фойдаланмаса бўлмайди.
Улар турли ўқув марказлари очади, шахсни ўстириш бўйича тренинглар ташкил қилади, болалар лагерлари очади, инглиз тили дарсларига, нотиқлик санъатига ва бошқаларга бепул дарслар жорий қилади ва омманинг эътиборини тортади. Аммо бепул пишлоқ фақат қопқонда бўлади.
Диний оқимларнинг аъзолари фақат ўзларининг тўғри йўлда эканига, фақат ўзлари жаннатга тушишига астойдил ишонади.
Анъанавий динларни улар шайтонийлик деб атайди. Айрим оқимлар жаннатни худди ҳозирги ҳаётдек тасаввур қилади, бола туғиш ҳам мумкин деб ўйлаганлар боис бу ишни жаннатга қолдиради. Бунинг оқибатида уларнинг ҳаётга бўлган қизиқиши камайиб кетади.
Диний оқимлар тарафдорларининг ҳаётий аъмоллари ва устувор вазифалари ўзига хос тизим қиёфасида шаклланганки, бундан уларнинг ўзларига ҳам, оиласига ҳам, давлати-ю миллатига ҳам зиғирча фойда бўлмайди.
Манбалар асосида Музаффархон АЪЗАМОВ тайёрлади.
Минг йиллик тарих, ноёб меъморий обидалар, қадимий ҳунармандчилик ва бой маданий мерос уйғунлашган Бухоро бугун нафақат сайёҳларни ўзига чорламоқда, балки замонавий медиа имкониятлари орқали дунё аудиториясига янада кенг танитилмоқда.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда туризмни иқтисодиётнинг стратегик йўналишларидан бирига айлантириш, Ўзбекистоннинг бой тарихий-маданий меросини жаҳонга кенг тарғиб қилиш, хорижий сайёҳлар оқимини кўпайтириш ва ҳудудларнинг туристик салоҳиятидан самарали фойдаланиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Ана шу эзгу мақсадларнинг мантиқий давоми сифатида Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси кўмагида Малайзиянинг “Universiti Teknologi MARA” олий таълим муассасаси Санъат, дизайн ва медиа факультетининг талаба ҳамда ўқитувчиларидан иборат 18 кишилик ижодий гуруҳ Бухоро вилоятида бўлди, хабар бермоқда ЎзА.
Малайзиялик ижодкорларнинг Бухорога ташрифи оддий туристик сафардан кўра кенгроқ мазмун касб этди. Уларнинг асосий мақсади — Бухоронинг бой тарихий-маданий мероси, қадимий обидалари, бетакрор меъморий муҳити ва туристик салоҳиятини замонавий медиа платформалар орқали халқаро аудиторияга етказишдан иборат бўлди.
Ижодий гуруҳ вакиллари шаҳарнинг ҳар бир манзилидан ўзига хос сюжет излади. Улар учун асрлар силсиласида қад ростлаган обидалар шунчаки тарихий ёдгорлик эмас, балки замонавий авлодга сўзлаб берилиши лозим бўлган улкан тарихий ҳикояга айланди.
Малайзиялик ёш фотограф ва дизайнерлар Арк қўрғони, Лаби Ҳовуз ансамбли, Пойи Калон мажмуаси, қадимий савдо тоқлари, Исмоил Сомоний мақбараси, Чашмаи Аюб каби кўп асрлик тарихдан дарак берувчи масканларда тасвирга олиш ишларини олиб борди.
Шунингдек, ижодкорлар Бухоронинг анъанавий ҳунармандчилик марказларига ташриф буюриб, усталарнинг меҳнати, миллий санъат намуналари, қадимий касбларнинг авлоддан-авлодга ўтиб келаётган жараёнларини ҳам объектив орқали муҳрлашди.
Бугун ахборот макони жадал ўзгараётган бир пайтда бирор мамлакат ёки шаҳар ҳақида тасаввур уйғотишнинг энг таъсирчан воситаларидан бири — сифатли визуал контент. Шу маънода, ташриф давомида тайёрланган фото ва видеоматериаллар “storytelling” — воқеани таъсирчан ҳикоя қилиш услубида яратилгани билан аҳамиятлидир. Зеро, бир суратда Бухоронинг кўҳна гумбази, яна бир кадрда ҳунарманднинг моҳир қўллари, бошқа бир лавҳада эса қадимий кўчалардаги ҳаёт акс этиши мумкин. Бу тасвирлар орқали Бухоро ҳақидаги маълумот оддий матндан кўра, таъсирчанроқ тарзда миллионлаб инсонларга етиб бориши мумкин.
Ижодкорлар томонидан яратилган контентлар ижтимоий тармоқлари ҳамда YouTube платформаси орқали намойиш этилиши режалаштирилган. Бу эса Бухоронинг туристик салоҳиятини, аввало, Жануби-Шарқий Осиё мамлакатлари аудиториясига кенг тарғиб қилиш учун муҳим имкониятдир.
Бундай халқаро ижодий ташрифлар Бухоронинг туристик брендини янада кучайтириш, хорижий аудиторияда шаҳар ҳақида янги ва жозибадор тасаввур уйғотишга хизмат қилади.
Энг муҳими, бу жараёнда Бухоро тарихи музейларда қолиб кетмаяпти. У замонавий технологиялар, ижтимоий тармоқлар ва ижодкорлар нигоҳида янги авлодга етказилмоқда.
Бухоронинг қадимий кўчаларида олинган ҳар бир кадр, ҳунарманд қўлидан чиққан ҳар бир буюм, обидалар бағрида акс этган ҳар бир лавҳа дунёнинг турли бурчакларидаги инсонларни “Бу қандай шаҳар?”, “Унинг тарихи қандай?”, “Мен ҳам бу жойни кўришни истайман” деган қизиқишга чорлаши мумкин. Бу эса туризм тарғиботининг энг таъсирчан кўринишларидан биридир.
Малайзиялик талаба ва устозларнинг Бухорога ташрифи яна бир муҳим жиҳати билан аҳамиятли. Турли маданият ва таълим мактабларига мансуб ёш ижодкорлар Бухоро мисолида Шарқ ва Жануби-Шарқий Осиё маданиятлари ўртасида янги ижодий кўприк яратди. Бу нафақат туризм, балки маданий дипломатия, таълим ва ижодий ҳамкорлик учун ҳам янги имкониятларни очади.
Бугун Бухоронинг кўҳна обидаларига қараётган малайзиялик ёш фотографнинг камерасида нафақат тарих, балки Ўзбекистоннинг замонавий қиёфаси ҳам акс этмоқда. Эртага ушбу тасвирларни кўрган минглаб ёшлар Бухорони ўзлари учун янги, қизиқарли ва албатта бориб кўришга арзийдиган манзил сифатида кашф этишлари мумкин. Шу боис, бу ташрифни бир неча кунлик ижодий сафар эмас, балки Бухородан дунёга йўл олган улкан визуал ҳикоянинг бошланиши, дейиш мумкин. Зеро, тарихни асраш — уни келажак авлодга етказишдир. Туризмни ривожлантириш эса ана шу тарихни дунёга танитиш билан чамбарчас боғлиқ.
Ўтмишда Бухоро карвонлар йўли орқали дунё билан боғланган эди. Бугун эса унинг тарихи камералар, ижтимоий тармоқлар ва рақамли платформалар орқали бутун дунёга тарқалмоқда. Энг муҳими, бу жараён давлатимиз раҳбари ташаббуслари асосида юртимизнинг туристик салоҳиятини жаҳонга кенг тарғиб этиш, Ўзбекистонни янада жозибадор ва рақобатбардош туристик маскан сифатида намоён этиш йўлидаги эзгу ишларга муносиб ҳисса бўлиб қўшилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати