Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
29 Август, 2026   |   16 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:22
Қуёш
05:46
Пешин
12:24
Аср
17:05
Шом
19:05
Хуфтон
20:25
Bismillah
29 Август, 2026, 16 Рабиъул аввал, 1448

Бузғунчи оқимларнинг аломатлари

29.03.2017   9615   7 min.
Бузғунчи оқимларнинг аломатлари

Бузғунчилик характеридаги кўплаб оқимлар (секта) ҳеч бир давлатга ҳам миллатга ҳам ҳеч қачон фойда етказмаган. Аксинча, ҳамма вақт моддий, руҳий ёки жисмоний зарар етказиб келган. Диний оқим аъзоларини секта деб аташлари уларнинг ўзларига ҳам сира ёқмайди. Чунки “сектантлик” деганда ислом, насроний, яҳудий каби илоҳий динларга итоат қила туриб, ўша динлардаги тўғри йўлдагилардан ажралиб чиққан оқимлар тушунилишини ҳамма билишини уларнинг ўзлари ҳам билади.  

 Секта бу – одамларни ўзининг худбинона мақсадлари йўлида бошқаришнинг кучли усулларидан ҳисобланади. Масалан, сеантология асосчиси  Рон Хаббард болалигидан ҳукмронликка интилган  ва доим шу ҳақда хаёл суриб дафтарига “Барча одамлар – менинг қулларим”, “Бутун олам менга итоат қилади” ва шу қабилидаги ибораларни ёзиб ўтирар экан. Улғайганда ўзини турли соҳаларда синаб кўрди ва бирортасидан бирорта натижага эриша олмади. Ҳатто у ҳар бир ёзган сўзимга ҳақ тўлайди деган илинжда ёзувчиликни ҳам касб қилмоқчи бўлди. Кейин эса турли жойларда бир неча бор: “Ёзиб, ҳар сўз учун нечадир цент олиш – кулгули иш. Агар бой бўлишни истасанг, ўз динингни ярат” деб гапирган.

Сектага аксар кишилар ўзлари билмаган ҳолди кириб қолади. Бу ҳодиса кўпинча кўча-кўйда ёки интернетдаги ижтимоий сайтларда нотаниш одам билан суҳбатлашиб қолишдан бошланади. Секталарга кириб қолувчиларнинг кўпчилиги ҳаётда ишлари юришмай, тушкун кайфиятда юрган вақтида аъзо бўлиб қўяди. Чунки айнан шундай вақтда унинг атрофида меҳрибон, ширин сўз одамлар пайдо бўлиб унинг ҳаётга бўлган ишончини қайта уйғотади.

Сектага дахлдор бўлган ҳар қандай шубҳа-гумонлар дастлабки кунларданоқ олдиндан режалаштириб қўйилган далил ва уқтириш сериялари ёрдамида рад қилинади. Янги аъзо бўлганларнинг ташқи ахборий манбалардан олган маълумотлари илдизидан кесиб ташланади. Шу тариқа, секта тарафдорлари янги бир тўсиқ яратади – ушбу ташкилотга дахли бўлмаган материалларни кўришдан қўрқиш туйғуси. Улар бошқача дунёқарашга, иймон-эътиқодга олиб борувчи материалларни кўришдан жуда ҳам қаттиқ қўрқади. Шу боисдан улар кутубхонларга бормайди, телевизор кўрмайди, газета ўқимайди, ижтимоий тармоқлардаги фаол режимларда кўринмайди. Натижада ана шу янгилар оқимнинг қиёфасидаги доғ-дуғларни эмас, фақат ёруғ рангларни кўради.  

Секта ўз аъзоларининг онгини ва ўзини тутишини назорат қилишда турли усуллардан фойдаланади. Улар сирасида гипноз ва шунга ўхшаш воситаларни ўзаро муомала чоғида, ваъз сўзлаётганда қўллайди ҳамда ўз адабиётларида ёзади. Шундай вазиятлардан улар психологик муҳит ҳосил қилиб, ташкилоти ва раҳнамосига жисмоний ва моддий жиҳатдан қарам қилиб қўяди, турли қўрқитишлар билан сектадан чиқиб кетишларига йўл қўймайди. Бундай пўписалар сирасида, албатта, муқаддас китоблардан узиб-узиб олинган кўчирмалар ҳам бўлади.  Асосий куч бу ишларда ҳали ҳақиқий диний илми шаклланиб улгурмаган ва таклифларга ўта сезгир бўлган ёшлар танлаб олинади.

Амалиётчи руҳиятшуносларнинг хабар беришича, йўлбошчилар издошларини шундай гипноз қиладики, улар бу гипноздан сира ҳам чиқиб кета олишмайди. Мабодо, жамоадан чиқиб кетган тақдирда ҳам гипноз таъсиридан чиқа олмайди ва уни кучли мутахассислар ёрдамисиз бу ҳолатдан чиқариб бўлмайди.

Секта ўз аъзоларини муттасил равишда бутун оламга қарши чархлаб боради (оила, дўстлар, ҳамкасблар, давлат хизматчилари, анъанавий динларнинг руҳонийлари). Ана шуларнинг гуноҳларини санаб, инсоний қадр-қийматларини пастга уриб ўзлари билан қиёслаганда иккинчи навга айлантириб қўяди. Натижада улар билан яқин муносабатада бўлишни чеклаш тавсия этилади, шахсий муносабатлар эса оилавий ажрашишгача олиб келинади, иш жойи ўзгартирилади, яшаш жойи ҳам (шаҳар, мамлакат) ўша оқим фойдасига ўзгартирилади.

Секта ҳар бир мамлакатдаги аъзолари қалбидаги ватанни севиш туйғусини турли йўллар ва ёлғон важлари ила мавҳ этиб боради: давлат мадҳиясини куйлашни, давлат ташкилотларида ишлашни, ҳарбий хизматга боришни, ватанни душман ҳужумидан мудофаа қилишни, шаҳар, республика миқёсида ўтадиган тадбирларда, тантаналарда қатнашишни,  Аллоҳнинг қудратини давлат органисиз эътироф этишни, давлат қонунларига амал қилиш жоиз эмаслигини... уларга узлуксиз уқтириб боради. Улар шу йўллар билан давлат ичида ўз давлатларини қуришга ҳаракат қилади.

Секта ўз аъзоларининг шахсий ҳаёти устидан назорат ўрнатади ва амалда энг майда нарсаларни ҳам эътибордан қочирмайди. Турмуш қуриш-керакми, йўқми, ким билан турмуш қуриш керак; фарзанд кўриш керакми, йўқми, оилавий ҳаётини қандай кечириш кераклигигача аралашади, десак, ҳаққимиз кетади – кўрсатма беради. 

Жамоанинг гуноҳга йўл қўйганлари жиддий муҳокама қилинади ва унга кўп нарсалар, ҳатто оддийгина саломлашиш ҳам чеклаб қўйилади.

Диний оқимларнинг йўлбошчилари ўз ғояларини асосан янги тарафдорлар топиш мақсадида аҳоли орасида кенг ташвиқ қилади. Шу боис секта аъзолари  кўпинча ишини бўш вақти кўп бўладиган ишларга ўзгартиради. Мақсад: кўчаларда уйма-уй юриб янги тарафдорлар ахтариш ва интернетда ижтимоий сайтларда ўтириб ишлаш.

Албатта, бундаги асосий нуқталардан бири – ихлосмандларнинг хайр-эҳсонларини йиғиб олишдир. Масалан, илгари саентолог бўлган қозоғистонлик бир кишининг nur.kz порталига 2016 йилнинг май ойида берган видеоинтервьюсида қозоғистонлик саентологларнинг аъзолик бадали миқдорини айтган эди. Унинг айтишича, бу ташкилотнинг тушуми 100 минг АҚШ долларидан бошлаб 1-3 миллионгача борар экан. Диний оқим аъзоларидан бирининг таъкидлашича, бу пуллар узоқ мамлакатлардаги эзилган ва камбағал жамият эҳтиёжларига сарфланади, ҳеч кимга кўринмайдиган золим билан жанг қилиш ҳамда  Худонинг олдида йўл қўйилган гуноҳларни сотиб олиш учун харжланади. (Аммо улар бу пулни Аллоҳга қандай қилиб етказади? Аллоҳга пул нимага керак? Бундай гаплар муқаддас китобларнинг қайси бирида ёзилган?!)

Умуман, бу қадар тутуруқсиз гапга одамни ишонтириш учун гипнозданми, шунга ўхшаш сеҳргарлик ишлариданми фойдаланмаса бўлмайди.

Улар турли ўқув марказлари очади, шахсни ўстириш бўйича тренинглар ташкил қилади, болалар лагерлари очади, инглиз тили дарсларига, нотиқлик санъатига ва бошқаларга бепул дарслар жорий қилади ва омманинг эътиборини тортади. Аммо бепул пишлоқ фақат қопқонда бўлади.

Диний оқимларнинг аъзолари фақат ўзларининг тўғри йўлда эканига, фақат ўзлари жаннатга тушишига астойдил ишонади.

Анъанавий динларни улар шайтонийлик деб атайди. Айрим оқимлар жаннатни худди ҳозирги ҳаётдек тасаввур қилади, бола туғиш ҳам мумкин деб ўйлаганлар боис бу ишни жаннатга қолдиради. Бунинг оқибатида уларнинг ҳаётга бўлган қизиқиши камайиб кетади.  

Диний оқимлар тарафдорларининг ҳаётий аъмоллари ва устувор вазифалари ўзига хос тизим қиёфасида шаклланганки, бундан уларнинг ўзларига ҳам, оиласига ҳам, давлати-ю миллатига ҳам зиғирча фойда бўлмайди.

 

Манбалар асосида  Музаффархон АЪЗАМОВ тайёрлади.

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Жаннатнинг мисоли

26.08.2026   15522   3 min.
Жаннатнинг мисоли

“Тақводорларга ваъда қилинган жаннатнинг мисоли шуки, унинг остидан анҳорлар оқади, мевалари ва соялари доимийдир. Шу тақво қилганларнинг оқибатидир. Кофирларнинг оқибати эса дўзахдир” (Раъд сураси, 35-оят).


Бу оят тақводорларга ваъда қилинган жаннатни сифатлаб бериш маъносида бўлиши мумкин. Оят “тақводорларга ваъда қилинган жаннат кофирларга ваъда қилинган дўзахга ўхшаш бўладими?” деган маънода бўлиши ҳам мумкин. Яъни жаннат билан дўзах бир­бирига ўхшаш эмас.


Аллоҳ таоло бошқа бир оятда жаннат ҳақида бундай марҳамат қилади: “Тақводорларга ваъда қилинган жаннатнинг мисоли: ичида айнимаган сувли анҳорлари, таъми ўзгармаган сутли анҳорлари, ичувчилар учун лаззатбахш хамрли анҳорлари, мусаффо асалли анҳорлари бор. Улар учун унда барча мевалар ва Раббиларидан мағфират бордир. Улар дўзахда мангу қоладиган, ўта қайноқ сув билан суғорилиб, ичаклари титилиб кетадиган кимса (кофирлар)га ўхшармиди?” (Муҳаммад сураси, 15-оят).


Аллоҳ таоло бу оятда бундай демоқда: “Сифати шундай доимий неъматлар ичра бўлган кишилар мудом азобланадиган, сифатлари ана ундай бўлган кимсалар каби бўлурми?” Яъни жаннатийлар дўзахийлар каби бўлмайди. Шундан олдин келган оят ҳам ушбу оятга қиёс қилинади.


Унинг остидан анҳорлар оқади, мевалари доимийдир”. Яъни жаннатнинг мевалари доимий бўлиб, асло тугаб қолмайди. Улар дунё мевалари ва унинг неъматларига ўхшамайди. Дунё меваларининг ҳар қандай тури вақти билан тугаб қолади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло охират жаннатининг мевалари ва ундаги жамики неъматлар узлуксиз, доимий эканини ҳамда кофирларга охиратнинг азоби ҳам бардавом эканини хабар қилди.


Ва соялари…” Аллоҳ таоло жаннатнинг сояси ҳам узлуксиз экани, унда ботиши билан сояси ҳам йўқоладиган қуёш бўлмаслигини баён этиб, ундаги барча неъматларнинг давомийлиги ва манфаатли бўлишини билдирди. Сояда манфаат бор, лекин зарар йўқ, қуёшда эса фойда билан бирга зарар ҳам бордир. Худди шундай, дунё ҳаётида барча нарсаларда фойдали тарафлари билан бирга зарарли жиҳатлар ҳам бўлади. У неъматлар келиши вақти билан тўхтаб, завол топади. Аллоҳ таоло охиратдаги соя, жаннатдаги барча неъматлар зарарсиз, узлуксиз, боқий бўлишини ва улар дунёдаги сояга ва неъматларга ўхшамаслигини хабар қилди.


Шу тақво қилганларнинг оқибатидир. Кофирларнинг оқибати эса дўзахдир”. Яъни кофирларнинг жазоси дўзахдир. Бу оят нинг зоҳирини эътиборга оладиган бўлсак, гўзал оқибат ширкдан сақланганларга бўлиши айтилди. Чунки Аллоҳ таоло кофирларнинг оқибати дўзах эканини зикр қилди. Яъни улар нинг оқибати, жазоси дўзахдир. Жаннат эса ширкдан сақланганларнинг мукофотидир.


Кофирларнинг оқибати эса дўзахдир”. Яъни кофирларнинг жазоси дўзахдир. Ёки ушбу иборанинг маъноси: “Тақво қилганлар нинг оқибати жаннатдир, кофирларнинг оқибати эса дўзахдир”.


Муфассирлардан баъзилари Аллоҳ таолонинг “Бу тақво қилганларнинг оқибатидир” оятининг маъносини бундай баён қилади: “Уларнинг амаллари, яхшиликларининг оқибати жаннатдир. Аллоҳ таолонинг ягоналигига куфр келтирган кимсалар амалларининг оқибати эса дўзахдир”.


Имом Абу Мансур МОТУРИДИЙнинг “Таъвилотул Қуръон” асаридан

Абдулатиф АЛЛОҚУЛОВ таржима қилди.

“Ҳидоят” журналининг 2025 йил 9-сонидан

http://hidoyatuz.taplink.ws

Ибратли ҳикоялар