Қадим замонда сув ташувчи бир йигит бўлган экан. У обкашининг икки четига илинган челакларда сув ташир экан. Челаклардан бирининг тагида тешик бўлиб, манзилга етгунча сувнинг ярми тўкилиб борар экан. Бутун челак ўз вазифасини тўла-тўкис бажараётганидан мағрурланар, тешик челак эса ишининг ярминигина бажара олаётганидан уялиб, хижолат чекар экан.
Бир куни тешик челак эгасига дебди: "Мен сендан узр сўрамоқчиман, олган сувингнинг ярминигина етказа оламан". Сув ташувчи йигит унга жавобан: "Сени кўтариб келадиган томонимдаги гулларни кўрганмисан? Мен уларни атайлаб шу томонга экканман. Ҳар сафар сув ташиганимда сен уларни суғориб кетасан. Мен неча марталаб аёлимга шу гуллардан гулдасталар совға қилганман. Бунинг учун сенга раҳмат айтаман", дебди.
Тадбиркор одам ҳатто тешик челакдан ҳам ўзи учун фойда ола билади.
Акбаршоҳ Расулов
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
"Бир банда: "Йа Робби лакал ҳамду кама янбағи лижалаали важҳика ва аъзими султоник" деди. Бу нарса икки фариштага(савобини ёзиш) қийин бўлди. Савобини қандай ёзишни билмай қолдилар.
Аллоҳнинг хузурига кўтарилиб: "Ё Роббимиз бир банданг бир сўзни айтди, уни қандай ёзишни билмаяпмиз" дейишди.
Аллоҳ бандасининг айтганини билгувчи бўлсада: "Бандам нима деди?" деди. Икки фаришта банданг: "Йа Робби лакал ҳамду кама янбағи лижалаали важҳика ва аъзими султоник", деди.
Аллоҳ таоло иккисига: "У калимани бандам айтганидек ёзиб қўяверинглар, Менга йўлиққанда Ўзим мукофотини бераман" деди (Ибн Можа ривоят қилган).
Алҳамдулиллаҳ, алҳамдулиллаҳ кама янбағи лижалаали важҳика ва аъзими султоник....