Қадим замонда икки дўст ов қилиш учун ўрмонга борибди. Тасодифан уларга айиқ рўпара бўлибди. Дўстлардан бири милтиғини ташлаб, яқин атрофдаги дарахтлардан бирининг устига чиқиб олибди. Иккинчиси ўзини ўликка солиб, ерга нафас олмай ётиб олибди. Айиқ ерда ётган одамни ҳидлаб кўриб, нари кетибди. Чунки айиқлар ўлакса емайдилар. Айиқ кўздан ғойиб бўлгач, дарахтдаги овчи ерга тушиб, дўстининг олдига келиб ҳазиллашибди: "Оғайни, айиқ қулоғингга бир нима дедими?" Дўсти унга: "Ҳа, у дўст танлашда адашибсан, деди", деб жавоб берибди.
Билингки, яхши кунингизда дўстларингиз кўп бўлади. Лекин ҳақиқий дўстлар сафарда ва тижоратда синалади.
Акбаршоҳ Расулов
Шу йилнинг 25 октябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида Буюк Британиянинг “Woolf Institute” ижрочи директори Эстер-Мириам Вагнер бошчилигидаги делегация билан учрашув бўлиб ўтди. Меҳмонларни Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Даврон Махсудов ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари, профессор Муҳаммадолим Муҳаммадсиддиқов қабул қилди.
Самимий мулоқот давомида юртимизнинг Шарқ ва Ғарбни боғловчи Буюк Ипак йўлидаги тарихий ўрни, Имом Бухорий, Имом Термизий ва Ибн Сино каби буюк алломаларимизнинг жаҳон цивилизациясига қўшган беқиёс ҳиссаси алоҳида қайд этилди. Бугунги кунда Ўзбекистонда 16 та диний конфессия вакиллари фаолият юритаётгани халқимизга хос азалий бағрикенгликнинг табиий ифодаси экани таъкидланди.
Шунингдек, хорижлик олимларга юртимизда “Жаҳолатга қарши маърифат” ғояси асосида диний таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан, 10 та мадраса, 4 та олийгоҳ ва йирик илмий-тадқиқот марказлари фаолияти ҳақида маълумот берилди.
Учрашувда Ўзбекистоннинг яқин келажакдаги бош мақсади Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиб, янги авлод мутафаккирларини етиштириш экани алоҳида таъкидланди.
Ўзбекистондаги тинч-тотувлик муҳитини юқори баҳолаган делегация аъзолари томонидан ёзилган ноёб китобни идорага туҳфа қилдилар. Ўз навбатида, меҳмонларга ҳам эсдалик ҳадялар берилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати