Қадим замонда икки дўст ов қилиш учун ўрмонга борибди. Тасодифан уларга айиқ рўпара бўлибди. Дўстлардан бири милтиғини ташлаб, яқин атрофдаги дарахтлардан бирининг устига чиқиб олибди. Иккинчиси ўзини ўликка солиб, ерга нафас олмай ётиб олибди. Айиқ ерда ётган одамни ҳидлаб кўриб, нари кетибди. Чунки айиқлар ўлакса емайдилар. Айиқ кўздан ғойиб бўлгач, дарахтдаги овчи ерга тушиб, дўстининг олдига келиб ҳазиллашибди: "Оғайни, айиқ қулоғингга бир нима дедими?" Дўсти унга: "Ҳа, у дўст танлашда адашибсан, деди", деб жавоб берибди.
Билингки, яхши кунингизда дўстларингиз кўп бўлади. Лекин ҳақиқий дўстлар сафарда ва тижоратда синалади.
Акбаршоҳ Расулов
Боку шаҳрида Ўзбекистон делегацияси Озарбайжон Миллий фанлар академиясига ташриф буюриб, илмий-маданий ҳамкорликни кенгайтириш ва муштарак тарихий меросни ўрганиш масалаларини муҳокама қилди.
26 октябрь куни бўлиб ўтган учрашувда Ўзбекистоннинг Озарбайжондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Баҳром Ашрафхонов, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов, Ўзбекистон тарихи давлат музейи директори Жаннат Исмоилова ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Ҳомиджон Ишматбеков иштирок этди.
Музокараларда тарихий қўлёзмалар ва илмий манбаларни тадқиқ этиш, буюк алломалар меросини халқаро миқёсда тарғиб қилиш, илмий муассасалар ва музейлар ўртасида тажриба алмашиш ҳамда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ташриф икки мамлакат ўртасидаги илмий-маданий алоқаларни мустаҳкамлаш ва ўзаро ҳамкорликнинг янги йўналишларини ривожлантиришга хизмат қилади.