Бир мадрасада дарс берадиган одоб-ахлоқли муаллима бор эди. Ёши ҳам ўтиб борар, эшигига келган совчиларига рад жавобини берар эди. Ҳамкасблари ундан:
– нега турмуш қурмайсиз, ахир сизда Ҳудо берган ҳусн-жамол етарли-ку? – деб сўрашса, у айтарди:
– шу атрофда бешта қизи бор аёл бўлган. Эри унга, агар яна қиз туғсанг, у менга керак эмас, деб таҳдид қилди. Вақти-соати етиб, аёл яна қиз туғди. Бу улуғ неъматга шукр қилиш ўрнига ота гўдакни кўтариб, кимдир олар, деб, хуфтон намозидан кейин масжид эшигини олдига ташлаб келди. Бомдодда келиб қараса гўдак жойида турганмиш, ҳеч ким олмабди. Қайтариб уйига олиб келади. Шу зайлда ота ҳар кун мурғакгина гўдакни масжид олдига ташлаб келар, лекин ҳеч ким олмасди. Етти кун шу аҳволда ўтибди. Онаизор эса Қуръон ўқиб, қизалоғидан айрилиб қолмаслигини Аллоҳдан ёлвориб сўрарди. Ота ҳам зерикиб, гўдакни қайта олиб бормай қўйди. Меҳрибон она эса гўдагидан ажраб қолмаганига жуда қувонибди. Аёл яна ҳомиладор бўлди, яна ўша хавотир… кўзи ёриди ва ниҳоят ўғил…
Шу орада катта қизи вафот этди.
Вақтлар ўтиб, аёл яна ҳомиладор бўлди, бу сафар ҳам ўғиллик бўлди. Кўп ўтмай иккинчи қизи ҳаётдан кўз юмди. Шундай қилиб, бирин-кетин яна учта ўғиллик бўлди-ю, кейинги учта қизидан ҳам айрилди. Негадир, ҳар кўзи ёриб, ўғил туғганида биттадан қизи қазо қилаверарди. Ниҳоят, бешта ўғил ва ўша олтинчи қизи қолди. Тақдир тақозоси билан, Она ҳам оламдан кўз юмди.
Орадан бир неча йиллар ўтди, қизалоқ ҳам болалар ҳам улғайишди, ишлик, жойлик бўлишди.
Муаллима айтади:
– Ўша отаси менга керак эмас деб, кўчага ташлаб келган қиз кимлигини биласизларми? Ўша менман. Турмуш қурмаганимга сабаб: отам ёлғиз, Ёши ҳам улуғ, мен унга ёрдамчи, шафёр тайинладим, ўзим ҳам унинг хизматидаман. Укаларимга келсак, улар деярли отамни зиёратига келишмайди, келса ҳам бир ойда бир, яна бири икки ойда бир марта келади халос.
Отам менга қилган ўтмишдаги ишларига пушаймон бўлиб, кўп йиғлайди…
“Қисосун алламатниял ҳаят” китоби асосида Муҳаммад Яҳё Муҳаммадхон ўғли тайёрлади.
Боку шаҳрида Туркий давлатлар муфтийлари йиғилиши доирасида улуғ мутафаккир, тасаввуф олими Саййид Яҳё Бокувий меросига бағишланган халқаро конференция ўз ишини бошлади.
Ушбу нуфузли тадбирда Туркий давлатлар ташкилоти, Бутунжаҳон мусулмон донишмандлар кенгаши, IRCICA, ICESCO, Ал-Азҳар уламолар кенгаши вакиллари ҳамда етук шарқшунос ва исломшунос олимлар иштирок этмоқда.
Анжуманда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари маъруза қилдилар.
Муфтий ҳазратлари Саййид Яҳё Бокувийнинг тасаввуф тарихидаги мақоми ва унинг таълимоти ҳақида тўхталдилар. Шунингдек, нутқда аллома нафақат тасаввуф, балки диний илмлар, табиий ва аниқ фанларни эгаллаган қомусий олим бўлгани, ўттизга яқин асарлари инсон нафсини тарбиялашда муҳим қўлланма экани таъкидланди.
Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Қуръони карим ва ҳадиси шарифларга таянган ҳолда қалб саломатлиги ва поклиги инсон ҳаётининг бош мезони эканини баён этиб, туркий халқларни боғлаб турган умуммаънавий илдизларга алоҳида урғу бердилар:
«Ҳазрат Аҳмад Яссавий, Баҳоуддин Нақшбанд ва Саййид Яҳё Бокувий каби буюк зотлар илгари сурган нафс тарбияси, инсонпарварлик ва юксак ахлоқ ғоялари бугун ҳам қардош халқларимизни бирлаштириб турувчи мустаҳкам маънавий кўприкдир. Бундай улуғ сиймолар меросини ҳамкорликда ўрганиш халқларимизнинг маънавий бирлигини мустаҳкамлаш ва ёшларимизни соғлом эътиқод руҳида тарбиялашга хизмат қилади».
Уч кунлик анжуман давомида Ўзбекистон илмий жамоатчилиги ҳам маърузалар билан иштирок этади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати