Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
02 Сентябр, 2026   |   20 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:27
Қуёш
05:50
Пешин
12:23
Аср
17:00
Шом
18:59
Хуфтон
20:17
Bismillah
02 Сентябр, 2026, 20 Рабиъул аввал, 1448

Муҳаммад ибн Сийрин

24.03.2017   11320   3 min.
Муҳаммад ибн Сийрин

Абу Бакр Муҳаммад ибн Сийрин раҳматуллоҳи алайҳи Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг халифалик замонида Басрада ҳижрий 653 йили туғилганлар. У зот улуғ тобиъин, тафсир, ҳадис, фиқҳ ва туш таъбирларида имом эдилар. Зуҳд, тақво, парҳезкорлик ва ота онага яхшилик қилишда пешқадам эдилар.

Оталари Сийрин Анас ибн Молик розияллоҳу анҳунинг қуллари эди. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳуга у кишини Кўфанинг ғарбидаги “Айнут тамр” шаҳрида бўлган жангдан улуш қилиб берилган эди. У шаҳарни Холид ибн Валид розияллоҳу анҳу Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу халифа бўлган замонларида фатҳ қилган эди. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ўз қулларини ўша вақтнинг ўзидаёқ озод қилиб юборган эди.

Анас ибн Сийрин роҳимаҳуллоҳ айтади: “Укам Муҳаммад Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг халифаликларига икки йил қолганда туғилди. Унинг онасининг исми “Софийя” эди. У Абу Бакр сиддиқ розияллоҳу анҳунинг чўриси эди. У зот уни озод қилган эди”.

Абу Бакр Муҳаммад ибн Сийрин раҳматуллоҳи алайҳи Умавийлар ва Аббосийлар давлатида яшаганлар. Аҳли сунна вал жамоадан бўлганлар.

Ҳишом ибн Ҳассон роҳимаҳуллоҳ айтади: “Муҳаммад ибн Сийрин 30 та саҳобий билан бир даврда яшаб, уларнинг суҳбатидан баҳраманд бўлган”.

Абу Бакр Муҳаммад ибн Сийрин раҳматуллоҳи алайҳининг тушларни таъбир қилишларидан мисоллар:

  1. Юсуф ибн Соббоғдан ривоят қилинади: Абу Бакр Муҳаммад ибн Сийрин раҳматуллоҳи алайҳи: “Кимки тушида Роббисини кўрса, у жаннатга киради” деган.
  2. Холид ибн Дийнордан ривоят қилинади: у Абу Бакр Муҳаммад ибн Сийрин раҳматуллоҳи алайҳининг ҳузурида эдим. Бир киши унинг ҳузурига келиб: “Эй Абу Бакр! Мен тушимда икки жўмраги бор идишдан сув ичаётган эканман. Уларнинг бири ширин иккинчиси нордон экан” деди. Абу Бакр Муҳаммад ибн Сийрин раҳматуллоҳи алайҳи у кишига: “Аллоҳга тақво қил. Сени бир аёлинг бўлади. Унинг синглисининг зиёнига сен нимадир бир иш қиласан” деди.
  3. Абу Қилобадан ривоят қилинади: бир киши Абу Бакр Муҳаммад ибн Сийрин раҳматуллоҳи алайҳига: “Мен тушимда қон сияётган эканман” деди. Абу Бакр Муҳаммад ибн Сийрин раҳматуллоҳи алайҳи унга: “Сени аёлинг ҳайз кўрган ҳолида келдими?” деди. У: “Ҳа!” деди. Абу Бакр Муҳаммад ибн Сийрин раҳматуллоҳи алайҳи унга: “Аллоҳга тақво қил. Уни ортига қайтарма!” деди.

Устозлари:

  • Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу
  • Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу
  • Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳу
  • Абдуллоҳ ибн Зубайр розиялллоҳу анҳу
  • Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу
  • Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу
  • Абдуллоҳ ибн Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ва бошқа саҳобилар.

Шогирдлари:

  • Қатода ибн Даома роҳимаҳуллоҳ
  • Юнус ибн Убайд роҳимаҳуллоҳ
  • Ибн Авн роҳимаҳуллоҳ
  • Холид Ҳизо роҳимаҳуллоҳ
  • Авф Аъробий роҳимаҳуллоҳ
  • Ҳишом ибн Ҳассон роҳимаҳуллоҳ
  • Қурра ибн Холид роҳимаҳуллоҳ
  • Маҳдий ибн Маймун роҳимаҳуллоҳ
  • Жарир ибн Ҳозим роҳимаҳуллоҳ
  • Айюб Сухтиёний роҳимаҳуллоҳ ва бошқа тобиъинлар.

Абу Бакр Муҳаммад ибн Сийрин раҳматуллоҳи алайҳи ҳижрий 110 йили Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳининг вафотларидан 100 кун ўтгандан сўнг 80 ёшларида Басрада вафот этадилар.

Манбалар асосида

Абдус Сомад Абдул Босит тайёрлади

Сийрат ва ислом тарихи
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

13 минг нафардан зиёд ўқувчига мактаб форма ва ўқув қуроллари ҳадя қилинди

31.08.2026   78892   1 min.
13 минг нафардан зиёд ўқувчига мактаб форма ва ўқув қуроллари ҳадя қилинди

Мустақиллигимизнинг 35 йиллик айёми ҳамда янги ўқув йили муносабати билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар билан ишлаш бўлими томонидан юртимиз бўйлаб кенг кўламли хайрия тадбирлари ўтказилди.

Мазкур хайрли ташаббус асосида Республикамизда фаолият юритаётган 2 161 та масжид ходимлари иштирокида 11 144 нафар кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож ҳамда боқувчисини йўқотган оилалар фарзандларига мактаб формалари ва ўқув қуроллари беғараз ҳадя қилинди.

Ушбу акция доирасида ажратилган кўмакнинг умумий миқдори 4 миллиард 929 миллион 995 минг сўмни ташкил этди.

Шунингдек, жорий йилда «Вақф» хайрия жамоат фонди томонидан ҳам 1500 нафар етим ва чин етим болаларга байрам совғалари ҳамда мактаб формалари ва ўқув қуроллари ҳадя қилинди. Хусусан, Фарғона вилоятида 302 нафар, Самарқанд вилоятида 243 нафар ва Қашқадарё вилоятида 215 нафар боқувчисини йўқотган ўқувчиларга ёрдамлар кўрсатилди.

Тадбирлардан кўзланган асосий мақсад – ёш авлоднинг сифатли таълим олишига кўмаклашиш, уларни янги ўқув йилига муносиб тайёрлаш ҳамда қалбларида байрам қувончи улашишдир.

Истиқлол байрами арафасида амалга оширилаётган бундай хайрия тадбирлари юртимизда инсон қадри, болалар манфаатлари ва ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётганининг амалий намунаси, дейиш мумкин.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари