Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
15 Июл, 2026   |   1 Сафар, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:21
Қуёш
04:58
Пешин
12:34
Аср
17:40
Шом
19:59
Хуфтон
21:32
Bismillah
15 Июл, 2026, 1 Сафар, 1448

“Ўткан кунлар”нинг бош қаҳрамони ким?

24.03.2017   38721   4 min.
“Ўткан кунлар”нинг бош қаҳрамони ким?

Бу саволни эшитган киши бўлиб ҳайрон бўлиб қолади: ҳай, Аллоҳ! Шу одам “Ўткан кунлар”ни ўқиганмикан ўзи ёки мени синаш учун қитмирлик қилиб сўраяптими?..

Бугун тонгда ошга борган эдик. Шаҳар бош имом хатиби Анвар қори ака Турсунов домла амри маъруф қилганларида маърифатли аждодларимиз, уларга муносиб авлодлар тарбиялаш борасида китобхонликниинг фойдаси ҳақида гапирар экан, жумладан бундай дедилар: “Яқинда “Ўткан кунлар”ни яна бир қайта ўқиб чиқдим. Шу галги мутолаадан нима топдим биласизми?

Марҳум устоз шоир Абдулла Орипов бир суҳбатда: “Ўткан кунлар”нинг бош қаҳрамони Кумуш ва Отабек эмас, Юсуфбек ҳожи. Агар асарда ана шу муҳташам образ бўлмаганида роман “Минг бир кеча” ҳикояларига ўхшаб қоларди”, деган эдилар.

Ана шу гапнинг ҳикматини топдим. Абдулла Қодирий ҳазратлари Юсуфбек ҳожи тимсолида миллатнинг бирдамлиги, Ватаннинг яхлитлиги учун курашишни ҳаётининг маъноси деб билган; қариндош-уруғчилик, таниш-билишчилик, маҳаллийчилик қилиб ўзаро низолашиб юрган майдакашларни катта ишларга ундаб, агар вазият шу ҳолда давом этса; миллатнинг хароб бўлишини, юрт тупроғининг босқинчилар оёғи остида хор бўлишини башорат қилган буюк сиймони тасвирлаган экан.

Ҳақиқатан, Юсуфбек ҳожи образини диққат билан ўрганаверсангиз, романнинг залвори юксалиб бораверади. Буюк миллат фидойисини кашф қиласиз”.

Бу гапларни тинглар эканман, негадир бирданига ўпкам тўлиб кўзимга ёш келгандек бўлди. Шу давранинг ўзида Абдулла Қодирийнинг санъаткорлигини, Абдулла Ориповнинг закийлигини, Анвар қори аканинг воизлигини яна бир бир кашф қилдим – қанчалар буюк инсонлар.

“Ўткан кунлар” шундай асар эканки, унда ҳар бир инсоннинг ўз қаҳрамони бор экан. Айтайлик, кенг фикрлайдиган, мушоҳадага бой, катта ҳаётий тажриба тўплаган, жаҳон саҳнасида миллатимизнинг ўрни, обрўси ҳақида бош қотирадиган донишманд ёшдаги инсонлар учун бош қаҳрамон – Юсуфбек ҳожи; муслима, муштипар, итоаткор аёллар учун бош қаҳрамон – Офтобойим; чин севги, пок муҳаббатни орзу қиладиган ёшидагиларнинг қаҳрамони – Кумуш ва Отабек;  севадиган, севиладиган ёшга етиб, не-не орзу-умидлар оғушида турмушга чиққани заҳоти кўз олдидаги бегининг сароб эканини, жисми узатса қўл етадиган ерда тургани билан қалби дунёнинг у чеккаси қадар узоқ эканини билган аламзада келинчаклар учун бош қаҳрамон – Зайнаб (шугинага кўп ачинади одам)...

Аммо романда икки ёшнинг самимий муҳаббати воқеалари завқу шавқ билан тасвирлангани боис ёшу қари, ҳамма “Ўткан кунлар” деганда фақат шу иккисини кўз олдига келтиради...

Тўғрисини айтсам, “Ўткан кунлар”ни қайта-қайта ўқимайман. Зарурат юзасидан бир кўз ташлаб қўяман деганимда эса ундан бош кўтаролмайман ва кўп вақтлар асар воқеалари таъсирида юраман. Романнинг бу қадар фожеали тугагани мени изтиробга солади. Айниқса, Кумуш билан Отабекнинг  ўғли Ёдгорнинг босқинчилар билан курашиб вафот этгани – Юсуфбек ҳожи авлодидан ҳеч ким қолмагани алам қилади.

Яна ўйлайманки, Юсуфбек ҳожию Отабеклар ана шу миллат фарзанди эди. Шундай самимий қалб эгаларини етиштирган миллат озод ва эркин яшашга ҳақли эди ва ана шу улуғ неъматга тинимсиз курашлар эвазига эришди. Ички курашлар, низолар, фитналарга ўралашиб бой бериб қўйган ҳурлигимизни бир ёқадан бош чиқариб қайтариб олдик. Яратганга шукрки, мамлакатимизни бутун дунё тан олиб турганига чорак асрдан ошди. Ватанимиз мадҳияси дунёнинг энг баланд минбарларида жаранглаганда юксак мартабали инсонлар ҳам қўлларини кўксига қўйиб ҳурмат бажо айлаётир. Зотан, Абдулла Қодирий Юсуфбек ҳожи образи орқали ана шу кунлар орзусини тараннум этмаганмиди!..

Дамин ЖУМАҚУЛ,  

журналист  

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Покистон ОАВ: Ўзбекистон Ислом цивилизацияси меросини тиклашда муҳим ташаббускор бўлмоқда

15.07.2026   3791   1 min.
Покистон ОАВ: Ўзбекистон Ислом цивилизацияси меросини тиклашда муҳим ташаббускор бўлмоқда

Покистоннинг “Diplomatic News Agency”, “Islamabad Post”, “News Network Pakistan”, “The World News”, “Infora News” нашрларида Ўзбекистонда бўлиб ўтган I Халқаро Ислом цивилизацияси форуми ҳақида туркум мақолалар эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.

Покистон матбуотининг ёзишича, мазкур форум тинчлик, бағрикенглик, маърифат, маданиятлараро ва динлараро мулоқот тамойиллари асосида ташкил этилган. Ушбу йирик тадбирда Ўзбекистоннинг бутун минтақа, ислом ва жаҳон цивилизациясининг шаклланиши ҳамда тараққиётига қўшган ҳиссаси эътироф этилган ҳолда махсус декларация қабул қилинган.

Мазкур декларацияда Ўзбекистон Президентига чуқур миннатдорлик изҳор этилгани, Ўзбекистон етакчиси томонидан 2017 йилда БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида илгари сурилган ташаббуснинг бугунги жамият учун беқиёс аҳамияти эътироф этилган. Ушбу ташаббус ислом цивилизациясининг бой инсонпарварлик меросини қайта тиклаш, илмий жиҳатдан ўрганиш ва кенг тарғиб этишга қаратилган.

Шу билан бирга, мақолада форум иштирокчилари бир овоздан Ўзбекистонда Ислом цивилизацияси марказининг ташкил этилгани, унинг самарали фаолияти йўлга қўйилгани ва Биринчи Халқаро Ислом цивилизацияси форумининг ўтказилиши мазкур ташаббуснинг амалий ифодаси эканини тасдиқлагани қайд этилган. Бу саъй-ҳаракатлар мусулмон умматининг бебаҳо меросини ўрганиш, асраб-авайлаш ва кенг тарғиб қилиш борасида халқаро ҳамкорликнинг янги даврига асос солгани шубҳасиз.

Декларацияда ислом цивилизацияси меросини ўрганиш, сақлаш ва кенг тарғиб қилиш, халқаро ҳамкорликнинг янги тизимини шакллантириш мақсад қилиб белгиланган. Шу билан бирга, ислом оламидаги нуфузли ташкилотлар ва глобал ташаббусларнинг алоҳида ўрин тутиши қайд этилган.

Ўзбекистон мусулмонлар идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари