Бу саволни эшитган киши бўлиб ҳайрон бўлиб қолади: ҳай, Аллоҳ! Шу одам “Ўткан кунлар”ни ўқиганмикан ўзи ёки мени синаш учун қитмирлик қилиб сўраяптими?..
Бугун тонгда ошга борган эдик. Шаҳар бош имом хатиби Анвар қори ака Турсунов домла амри маъруф қилганларида маърифатли аждодларимиз, уларга муносиб авлодлар тарбиялаш борасида китобхонликниинг фойдаси ҳақида гапирар экан, жумладан бундай дедилар: “Яқинда “Ўткан кунлар”ни яна бир қайта ўқиб чиқдим. Шу галги мутолаадан нима топдим биласизми?
Марҳум устоз шоир Абдулла Орипов бир суҳбатда: “Ўткан кунлар”нинг бош қаҳрамони Кумуш ва Отабек эмас, Юсуфбек ҳожи. Агар асарда ана шу муҳташам образ бўлмаганида роман “Минг бир кеча” ҳикояларига ўхшаб қоларди”, деган эдилар.
Ана шу гапнинг ҳикматини топдим. Абдулла Қодирий ҳазратлари Юсуфбек ҳожи тимсолида миллатнинг бирдамлиги, Ватаннинг яхлитлиги учун курашишни ҳаётининг маъноси деб билган; қариндош-уруғчилик, таниш-билишчилик, маҳаллийчилик қилиб ўзаро низолашиб юрган майдакашларни катта ишларга ундаб, агар вазият шу ҳолда давом этса; миллатнинг хароб бўлишини, юрт тупроғининг босқинчилар оёғи остида хор бўлишини башорат қилган буюк сиймони тасвирлаган экан.
Ҳақиқатан, Юсуфбек ҳожи образини диққат билан ўрганаверсангиз, романнинг залвори юксалиб бораверади. Буюк миллат фидойисини кашф қиласиз”.
Бу гапларни тинглар эканман, негадир бирданига ўпкам тўлиб кўзимга ёш келгандек бўлди. Шу давранинг ўзида Абдулла Қодирийнинг санъаткорлигини, Абдулла Ориповнинг закийлигини, Анвар қори аканинг воизлигини яна бир бир кашф қилдим – қанчалар буюк инсонлар.
“Ўткан кунлар” шундай асар эканки, унда ҳар бир инсоннинг ўз қаҳрамони бор экан. Айтайлик, кенг фикрлайдиган, мушоҳадага бой, катта ҳаётий тажриба тўплаган, жаҳон саҳнасида миллатимизнинг ўрни, обрўси ҳақида бош қотирадиган донишманд ёшдаги инсонлар учун бош қаҳрамон – Юсуфбек ҳожи; муслима, муштипар, итоаткор аёллар учун бош қаҳрамон – Офтобойим; чин севги, пок муҳаббатни орзу қиладиган ёшидагиларнинг қаҳрамони – Кумуш ва Отабек; севадиган, севиладиган ёшга етиб, не-не орзу-умидлар оғушида турмушга чиққани заҳоти кўз олдидаги бегининг сароб эканини, жисми узатса қўл етадиган ерда тургани билан қалби дунёнинг у чеккаси қадар узоқ эканини билган аламзада келинчаклар учун бош қаҳрамон – Зайнаб (шугинага кўп ачинади одам)...
Аммо романда икки ёшнинг самимий муҳаббати воқеалари завқу шавқ билан тасвирлангани боис ёшу қари, ҳамма “Ўткан кунлар” деганда фақат шу иккисини кўз олдига келтиради...
Тўғрисини айтсам, “Ўткан кунлар”ни қайта-қайта ўқимайман. Зарурат юзасидан бир кўз ташлаб қўяман деганимда эса ундан бош кўтаролмайман ва кўп вақтлар асар воқеалари таъсирида юраман. Романнинг бу қадар фожеали тугагани мени изтиробга солади. Айниқса, Кумуш билан Отабекнинг ўғли Ёдгорнинг босқинчилар билан курашиб вафот этгани – Юсуфбек ҳожи авлодидан ҳеч ким қолмагани алам қилади.
Яна ўйлайманки, Юсуфбек ҳожию Отабеклар ана шу миллат фарзанди эди. Шундай самимий қалб эгаларини етиштирган миллат озод ва эркин яшашга ҳақли эди ва ана шу улуғ неъматга тинимсиз курашлар эвазига эришди. Ички курашлар, низолар, фитналарга ўралашиб бой бериб қўйган ҳурлигимизни бир ёқадан бош чиқариб қайтариб олдик. Яратганга шукрки, мамлакатимизни бутун дунё тан олиб турганига чорак асрдан ошди. Ватанимиз мадҳияси дунёнинг энг баланд минбарларида жаранглаганда юксак мартабали инсонлар ҳам қўлларини кўксига қўйиб ҳурмат бажо айлаётир. Зотан, Абдулла Қодирий Юсуфбек ҳожи образи орқали ана шу кунлар орзусини тараннум этмаганмиди!..
Дамин ЖУМАҚУЛ,
журналист
24–29 август кунлари Ўзбекистон пойтахтида “Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ, янги кашфиётлар” мавзусида халқаро медиафорум ўтказилади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Тадбирнинг асосий қисми Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида ўтказилади. Унда хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари, халқаро экспертлар ва медиа соҳаси мутахассислари жам бўлади.
Форум дастуридан тантанали очилиш маросими, ялпи мажлислар, мавзуга оид медиа-кўргазмалар, матбуот анжуманлари ва икки томонлама учрашувлар ўрин олган. Шўба йиғилишлари доирасида ҳужжатли кино ва тарихий хотира, нашриёт лойиҳалари, замонавий технологиялар, шунингдек, медиа соҳасидаги халқаро лойиҳаларни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинади.
Бундан ташқари, Ўзбекистон талабалари учун жаҳон медиа саноатининг етакчи мутахассислари иштирокида маҳорат дарслари ташкил этилади. Иштирокчилар замонавий журналистика, медиа маҳсулотлар яратиш ва халқаро ахборот маконида самарали фаолият юритиш борасида тажриба алмашади.
27 август куни форум қатнашчилари учун Самарқанд шаҳрига саёҳат уюштирилади. Дастур доирасида меҳмонлар Имом Бухорий мажмуасини зиёрат қилади ва шаҳарнинг тарихий-маданий мероси билан танишади. Шунингдек, Тошкент шаҳрида хорижий ОАВ вакиллари учун махсус медиа-тур ўтказилиши режалаштирилган.
Форум 28 август куни якуний ялпи мажлис ва тантанали ёпилиш маросими билан ўз ишини якунлайди. Хорижлик меҳмонлар, Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тадбирларда ҳам иштирок этади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати