Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
08 Май, 2025   |   10 Зулқаъда, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:40
Қуёш
05:12
Пешин
12:25
Аср
17:20
Шом
19:31
Хуфтон
20:57
Bismillah
08 Май, 2025, 10 Зулқаъда, 1446

Энг яхши совға...

20.03.2017   10061   4 min.
Энг яхши совға...

Фарзанд тарбиясида ота-онадан катта маҳорат, улкан масъулият, теран ақл ва чуқур мулоҳаза талаб қилинади. Боланинг феъл-атворини синчковлик билан ўрганиб, унга меҳр ва тадбир билан ёндашилса, иншааллоҳ, кўзланган мақсадга эришилади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу борада бизга энг гўзал намунадирлар. У зот  (алайҳиссалом): “Фарзандларингизни хурмат қилинг ва уларга чиройли одоб ўргатинг”(Ибн Можа ривояти), деб биз умматларга шу каби кўплаб фазилатли тавсияларини берганлар. Насиҳатларига амал қилган киши ҳатто тунда ҳам йўлидан адашмай, қоқилмай манзилига етади. У зот (алайҳиссалом) болаларга салом бериш ва унга муносиб алик олишни ўргатишдан бошлаганлар. Кўчадан ўтиб кетаётиб ҳам уларга биринчи салом берганлар. Анас розияллоҳу анҳу айтади: “Мен болалар билан ўйнаётганимда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ёнимга келиб, бизга салом бердилар”. У кишидан (розияллоҳу анҳу)яни бир ривоятда: “Эй ўғлим, аҳли оиланг ҳузурига кирадиган бўлсанг, салом бер. Чунки саломинг сенга ва оиланга барака келтиради”, деб марҳамат қилганлар.

Болага ёлғон гапирманг ва уни алдаманг, чунки сиз унга намунасиз. Абдуллоҳ ибн Омир розияллоҳу анҳу бундай ҳикояни қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизнинг уйда ўтирган эдилар. Онам мени чақирдилар: “Қани, бу ерга кел-чи, сенга бир нима бераман”, дедилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Унга нима бермоқчисан?” деб сўрадилар. Онам: “Бир дона хурмо бераман”, деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агарда унга бирор бир нарса бермасанг, сенга ёлғон ёзилади”, дедилар”.

Фарзандларни жазолашда ўта қаттиққўллик ярамайди. Жазо унга яраша бўлиши учун юзга уриш ёки тупуриш ва бошқа нарсалар билан болани таҳқирланмайди. Чунки юз мукаррамлик белгисидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизлардан бирингиз урадиган бўлса, юзга уришдан сақлансин”, деб марҳамат қилганлар (Табароний ривояти).

Ўғрилик барча даврларда инсонларнинг нафратига сазовор бўлган жирканч одатдир. У ижтимоий муҳитни издан чиқаради ва жамиятни таназзулга олиб боради. Айрим ота-оналар фарзандларининг ёшликда қилган ўғирлигига бепарво бўлиб, қилмишини гўдакликка йўядилар. Бу мутҳиш хатодир. Бундай бепарволик болада ўзгалар молига хиёнат қилишдан қўрқмаслик ҳиссини уйғотади. Қуйидаги ҳикоя сўзимизнинг далилидир: Маҳкамалардан бирида ўғрилик билан қўлга тушган ўғрини жазолашга ҳукм чиқарилади. Ҳукм ижро этиладиган кун келганда ўғри овозининг борича бундай деб бақиради: “Мени эмас онамни жазоланг! Биринчи бор қўшнимизникидан тухум ўғирлаганимда у мени койимади ва эгасига қайтариб беришимни талаб қилмади. Аксинча, қилган ишимдан қувониб: “Ҳудога шукр! Менинг ўғлим ҳақиқий эркак бўлибди”, деган эди. Агар онамнинг тили бўлмаганида эди, мен ўғри бўлмасдим”.

Сўкиш ва ҳақорат сўзларни айтиш ёшлар орасида энг кўп тарқалган ёмон иллатлардандир. Бунда катталарнинг “хизмати” катта. Чунки энди тили чиқаётган болага: “Битта сўкиб қўй”, деб ёмон одатни сингдириб боришади. Айрим ота-оналар жаҳл отига миниб, ўзаро тортишиб уятсиз сўзларни айтишлари фарзандларида маънавий аҳлоқсизликни шаклланишига, шунингдек, уларни кўча-кўйда қаровсиз қўйиб, хулқи бузуқ болалар билан ўртоқлашиб қолишига сабаб бўлишади. Бунинг учун бола тарбияси узлуксиз равишда диққат марказида туриш керак.

Бугунги кунда кўпчилик ёшлар ахлоқий меъёрлар буткул таназзулга юз тутган оломонча маданиятга кўр-кўрона тақлид қилаётганлари боис ахлоқий бузуқликка юз тутмоқдалар. Тарбияга масъул шахслар ёшларни маънавий ва моддий ҳужумлардан ҳимоялашлари, уларни доимо эзгулик сари чорлаб, панд-насиҳатлар қилишлари лозим. Юртимизда ота-оналарга бу борада ёрдамчи бўла оладиган диний-марифий, касб-ҳунар ва спорт ташкилотлари бисёр. Улардан унумли фойдаланиш барчамизнинг қўлимизда.

“Ўзлари имон келтириб, зурриётлари ҳам уларга имон билан эргашган зотларга (ўша) зурриётларини ҳам қўшамиз. Уларга қилган амалларидан бирор нарсани камайтирмаймиз. Ҳар бир кимса ўзи қилган иши билан гаровлангандир” (Тур сураси, 21 оят).

Аллоҳ таоло барчамизга ана шу бахтини насиб айласин!    

 

Жалолиддин Ҳамроқулов

ТИИ “Таҳфизул Қуръон” кафедраси мудири,

“Новза” жоме масжиди имом хатиби

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Усмон мусҳафи зиёрати

05.05.2025   4499   2 min.
Усмон мусҳафи зиёрати

#Ноёб_фотолар

• Беш республика муфтийси Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхон, диний назорат масъул котиби Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон ҳамроҳлигида Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари II қурултойи делегатлари ҳамда Россия, Шимолий Кавказ ва Озарбайжондан келган уламолар Усмон мусҳафини зиёрат қилмоқда.

1948 йил, Тошкент

•Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу халифалиги даврларида милодий 651 йили, ҳижрий 24 йили Қуръони Карим кийик терисига бир неча нусхада ёзилиб, Ислом оламининг марказий шаҳарларига юборилди. Мусҳафнинг расмда тасвирланган ўша қадимий табаррук нусхаларидан бири ҳозирги пайтда Ўзбекистон мусулмонлари идораси кутубхонасида сақланмоқда. 
 

• Ҳазрати Усмон Мусҳафининг юртимизга келиб қолиши тарихи ҳақида турли ривоятлар бор. Ҳазрати Усмон мусҳафи дастлаб Самарқандга олиб келинган. Уни Амир Темур, Қаффол Шоший, Ҳазрати Усмоннинг куёвлари Саид олиб келган деган ривоятлар машҳур. Бу ҳақда Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний назорати раиси ўринбосарлари, таниқли олимлар Шайх Исмоил Махдум Саттиев, Шайх Юсуфхон Шокиров, шунингдек, Ҳамид Зиёев, Ҳабибуллоҳ Солиҳ ва бошқаларнинг фикрлари эътиборга лойиқ.


• Усмон мусҳафи руслар бостириб келгунга қадар ҳижрий 1285 йилгача Самарқандда турди.


•1869 йилнинг майида Туркистон бош губернатори Фон Кауфман буйруғи билан Самарқанд шаҳри ҳокими Серов воситачилигида ерли мусулмон уламолари розилиги билан Мусҳаф Санкт-Петербургга жўнатилди ва 1917 йилга қадар ўша ердаги кутубхонада сақланади. 


• Ҳукуматнинг 1923 йил 25 июндаги қарорига кўра Усмон Мусҳафи Туркистон мусулмонларига 1924 йилда қайтарилди. 


Мусҳафи шариф бирмунча вақт Тошкент масжидларида сақланди, сўнг Ўзбекистон халқлари тарихи музейига кўчирилди. 1989 йил 14 март куни Тошкентда бўлган мусулмонларнинг IV қурултойида Ўзбекистон ҳукумати қарори билан Мусҳафи Усмон Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний назорати ихтиёрига қайтариб берилди. 


• Ҳозирда Мусҳаф Ҳазрати Имом мажмуасининг Мўйи муборак мадрасасидаги Ўзбекистон мусулмонлари идораси кутубхонасида сақланмоқда.


• Мусҳафни мўътадил табиий иқлим шароитида асрашга мўлжалланган махсус мослама Германиядан келтирилган. Ҳар йили бу нодир Мусҳафни минглаб ватандошларимиз ва хорижий меҳмонлар зиёрат қилишади. 

t.me/muftiylaruz

Ўзбекистон янгиликлари