Масруқ роҳимаҳуллоҳнинг исми Абу Оиша Масруқ ибн Аждаъ ибн Молик ибн Умайя ибн Абдуллоҳ Водиъий Ҳамадонийдир.
Масруқ роҳимаҳуллоҳнинг отаси исломни қабул қилиб, ўғли билан Мадинаи мунавварага кўчиб келади. Масруқ роҳимаҳуллоҳ Мадинада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг асҳобларидан таълим олиб, униб ўсади. Шунинг учун ҳам У зот тобиъинларнинг улуғларидан биридир.
Онаси Бани Зубайднинг чавандози Аъмр ибн Маъд Якрабнинг синглиси эди. Масруқ роҳимаҳуллоҳ Яман чавандозларидан бири бўлиб улғайдилар. Бу зотнинг Масруқ деб номланишларига сабаб, ёшликларида ўғирлаб кетилиб, кейинчалик топилганликларидир.
Масруқ роҳимаҳуллоҳ Оиша бинти Абу Бакр розияллоҳу анҳодан ҳеч ажрамайдилар, доим бирга юрадилар. Шу сабаб Оиша бинти Абу Бакр розияллоҳу анҳо: “Эй Масруқ! Албатта сен мени боламдек бўлиб қолдинг”, деганлар.
Масруқ роҳимаҳуллоҳ Қуддус фатҳида ва ундан бошқа ислом фатҳларида қатнашганлар. Сиффин жангида инсонларга: “Эй инсонлар! Қўлларингизни уруш қилишдан тийинглар!”, деганлар.
Масруқ роҳимаҳуллоҳ Кўфада яшаганлар ва инсонларга фатво берувчи бўлганар. У кишининг аёли Қумайр ибн Аъмр: “Масруқ оёқлари шишиб кетгунга қадар намоз ўқир эди. Гоҳида унинг бу ҳолатини кўриб, уни ортига ўтиб йиғлар эдим” дейдилар.
Масруқ роҳимаҳуллоҳ Умар ибн Хаттоб, Алий ибн Толиб, Абдуллоҳ ибн Масъуд, Хаббоб ибн Арт, Убай ибн Каъб, Абдуллоҳ ибн Аъмр ибн Осс, Оиша бинти Абу Бакр, Убайд ибн Умайр Лайсий, Умму Румон бинти Омир Кинонийя, Муоз ибн Жабал, Усмон ибн Аффон, Абдуллоҳ ибн Умар ибн Хаттоб, Субайъа Асламийя, Маъқал ибн Синон, Муғира ибн Шўъба, Зайд ибн Собит ва Умму Салама розияллоҳу анҳумлардан ҳадис ривоятлар қилганлар.
Масруқ роҳимаҳуллоҳнинг ана шундай забардаст саҳобий олимларга ва айниқса Ибн Масъуддек устозга шогирд бўлиши Аллоҳнинг каломи маъноларини чуқур билиши ва уни тафсир қилишда пешволик мартабасини топишига сабаб бўлган. Масруқ роҳимаҳуллоҳнинг эътиқоди кучлилиги ҳақида Абу Исҳоқ шундай ривоят қилган: «Масруқ ҳажга борганда ётиб ухлашдан воз кечган, ухласа ҳам саждага бош қўйиб ухларди.
Масруқ роҳимаҳуллоҳдан Омир Шаъбий, Иброҳим ибн Язид Нахаъий, Яҳё ибн Васоб, Абдуллоҳ ибн Мурраҳ Хорифий, Шақиқ ибн Саламаҳ, Яҳё ибн Жаззор, Абу Зуҳо Муслим ибн Субайҳ, Абдурраҳмон ибн Абдуллоҳ ибн Масъуд, Убайд ибн Нузайла, Макҳул Шомий, Абу Исҳоқ Субайъий, Муҳаммад ибн Мунташир ибн Аждаъ, Муҳаммад ибн Нашр Ҳамадоний, Абу Аҳвас Жашмий, Айюб ибн Ҳоний, Аммораҳ ибн Умайр, Ҳаббол ибн Руфайда, Анас ибн Сирийн Ансорий, Абу Шаъсои Маҳорибий, Қосим ибн Абдурраҳмон ибн Абдуллоҳ ибн Масъуд ва Қумайр ибн Аъмр роҳимаҳумуллоҳлар ривоят қилишган.
Масруқ роҳимаҳуллоҳ устози Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ҳақларида: «Мен ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан тафсир соҳасида кўп илм олдим. Устозимиз бизга аввал Қуръон сураларидан қироат қилиб берардилар. Кейин унинг маъноларини тушунтириб тафсир қилиб берардилар» деганлар.
Масруқ роҳимаҳуллоҳ 62 ҳижрий санада вафот этадилар.
Манбалар асосида Тожжиддинов
Абдусссомад Абдулбосит ўғли тайёрлади
Жорий йилнинг 13–16 сентябрь кунлари Озарбойжон пойтахти Боку шаҳрида Туркий давлатлар муфтийлари кенгашининг навбатдаги VII йиғилиши ҳамда унинг доирасидаги бир қатор тадбирлар бўлиб ўтади.
Йиғинларда туркий дунёнинг етакчи дин пешволари – Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар, Кавказ мусулмонлари идораси раиси, Шайхулислом Аллоҳшукур Пошшозода, Туркия Диёнат ишлари бошқармаси раиси Сафи Арпагуш, Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси раиси, бош муфтий Наврўзбай ҳожи Тағанули, Қирғизистон мусулмонлари диний назорати раиси, муфтий Абдулазиз қори Закиров, Туркманистон муфтийcи Раҳмон Қурбонмуродов кабилар бошчилигидаги туркий давлатлар уламоларидан иборат делегациялар иштирок этади.
Мамлакатимиз делегацияси сафидан Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгаши, Фатво маркази, ҳудудий вакилликлар ҳамда олий диний таълим муассасаларидан вакиллар жой олган.
Тадбирлар доирасида уламолар мусулмон уммати учун муҳим бўлган шаръий масалалар, замонавий фатволар ва муштарак ташаббусларни муҳокама қилиб, якуний ҳужжатларни имзолайдилар. Шунингдек, илмий-амалий анжуман, икки томонлама музокаралар ҳамда табаррук қадамжолар зиёрати ҳам режалаштирилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати