Аллоҳ таоло қуръони каримда марҳамат қилади:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا اذْكُرُوا نِعْمَةَ اللَّهِ عَلَيْكُمْ
Эй, имон келтирганлар! Аллоҳнинг сизларга берган неъматини эслангиз! (Аҳзоб сураси 9 оят).
Аллоҳ таолонинг неъматларини ичида энг улуғи бу – имон неъматидир. Бу неъмат борасида тафаккур қиладиган бўлсак, банда Имони сабабли Раббисининг розилиги, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг шафоатлари ҳамда дунё ва охират саодатига эришади. Мўмин бандаларлар учун эса Қуръони каримда жуда кўплаб башоратлар келган. Шулардан бири:
الَّذِينَ يَحْمِلُونَ الْعَرْشَ وَمَنْ حَوْلَهُ يُسَبِّحُونَ بِحَمْدِ رَبِّهِمْ وَيُؤْمِنُونَ بِهِ وَيَسْتَغْفِرُونَ لِلَّذِينَ آَمَنُوا رَبَّنَا وَسِعْتَ كُلَّ شَيْءٍ رَحْمَةً وَعِلْمًا فَاغْفِرْ لِلَّذِينَ تَابُوا وَاتَّبَعُوا سَبِيلَكَ وَقِهِمْ عَذَابَ الْجَحِيمِ
رَبَّنَا وَأَدْخِلْهُمْ جَنَّاتِ عَدْنٍ الَّتِي وَعَدْتَهُمْ وَمَنْ صَلَحَ مِنْ آَبَائِهِمْ وَأَزْوَاجِهِمْ وَذُرِّيَّاتِهِمْ إِنَّكَ أَنْتَ الْعَزِيزُ الْحَكِيمُ
وَقِهِمُ السَّيِّئَاتِ وَمَنْ تَقِ السَّيِّئَاتِ يَوْمَئِذٍ فَقَدْ رَحِمْتَهُ وَذَلِكَ هُوَ الْفَوْزُ الْعَظِيمُ
״Аршни кўтариб турадиган ва унинг атрофидаги (фаришта)лар (яккаю ягона) Парвардигорларига ҳамд билан тасбеҳ айтурлар ва Унга имон келтирурлар ҳамда имон келтирган кишиларни мағфират этишини сўрарлар: «Парвардигоро, Ўзинг раҳмат ва илм жиҳатдан барча нарсани эгаллагандирсан. Бас, тавба қилган ва йўлингга эргашган кишиларни мағфират эт ва уларни дўзах азобидан сақла! Парвардигоро, уларни ҳам, уларнинг ота-боболари, жуфти ҳалоллари ва зурриётлари орасидаги солиҳ бўлган кишиларни ҳам Ўзинг уларга ваъда қилган мангу (жаннат) боғларига дохил қилгин! Албатта, Сен Азиз (қудратли) ва Ҳаким (ҳикматли зот)дирсан. Ўзинг уларни барча ёмонликлардан асрагин, Кимни ўша кунда (қиёматда) ёмонликлардан асрасанг, бас, ҳақиқатан унга раҳм қилган бўласан. Мана шу улкан ютуқдир» (деб дуо қилурлар).
(Ғофир сураси 7-9 оятлар).
Юқоридаги ояти карималарда муқарраб фаришталарнинг биз мўмин бандалар учун истиғфор айтишлари зикр қилинмоқда. Аршни кўтариб турадиган фаришталарнинг истиғфорига сазовор бўлиш инсон учун нақадар улуғ бахт!
Қуйидаги ҳикояда бошқа жонзотларнинг ҳам истиғфор айтиши зикр қилинади:
Нақл қилишларича, Сулаймон алайҳис салом денгиз соҳилида ўтирган эдилар, тўсатдан буғдой донини кўтариб, денгиз томон ўрмалаётган чумолига кўзлари тушиб қолди. Сулаймон алайҳис салом уни сув олдига етиб боргунича диққат билан кузатдилар. Қарасалар, бир қурбақа сувдан бошини чиқариб, оғзини очди, чумоли дарҳол унга кириб олгач, денгизга шўнғиб кетдию соатлаб қолиб кетди. Сулаймон алайҳис салом таажжубланиб, ҳайрон эдилар. Кейин қурбақа сувдан чиқди-да, оғзини очиб, чумолини қирғоққа ташлади, дон эса йўқ эди. Сулаймон алайҳис салом чумолини чақириб, нима иш қилганини ва қаерда бўлганини сўрадилар. Чумоли айтдики: эй Аллоҳнинг пайғамбари, сиз кўриб турган бу денгиз тубида ичи ковак ҳарсанг тош бўлиб, уни ичида бир сўқир қурт бор. Аллоҳ уни ўша ерга яратиб қўйган, у егулик истаб ташқарига чиқа олмайди. Аллоҳ таоло уни ризқига мени тайинлаб қўйди, мен уни ризқини кўтариб олиб келаман, мана бу қурбақани эса мени кўтариб олиб тушиши ва чиқариб қўйиши учун бўйсундириб қўйди, уни оғзида менга сув зарар қилмайди, қурбақа оғзини тошни тешигига қўяди, мен кириб оламан, қачон ризқни ўша қуртга етказиб бергач, қайтиб қурбақани оғзига чиқиб оламан, у мени денгиздан чиқариб қўяди. Сулаймон алайҳис салом:
– уни қандай тасбиҳ айтаётганини эшитдингми? – дедилар.
Чумоли: – ҳа, уни ноласини ешитдим, у айтар еди: “Эй, сув қаърида, тошнинг ичидаги жониворни Ўз ризқидан бебаҳра қилмаган Зот! Мўмин бандаларингни Ўз раҳматингдан бебаҳра қилма!”, деганини эшитдим, – деди.
Муҳаммад Яҳёхон Муҳаммадхон ўғли
Тошкент Ислом институти 4-курс талабаси
Cавол: Отам билан Мадинаи мунавварада умра учун эҳромга кириб, Маккага йўлга тушдик. Лекин йўлда ҳаво совуб кетиб, отам дўппи, куртка ва пайпоқ кийиб олишга мажбур бўлдилар. Бу ҳол Маккага етиб боргунимизча давом этди ва эҳромда умра қилиб олдик. Саволим шуки, отам кийган кийимларининг ҳар бири учун алоҳида каффорат берилиши лозим бўладими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Эркак киши ҳаж ёки умрага эҳром боғлаганда зарурат сабабли бир нечта тикилган кийимни бир кундуз ёки бир кеча (ёки жами 12 соат)дан кам муддат кийиб юрса битта садақа – ярим соъ (2 кг атрофида) буғдой ёки унинг қийматини ҳарам чегарасида фақирларга садақа қилиши кифоя қилади.
Агар бир кундуз ё кеча (12 соат)дан кўп муддат кийиб юрган бўлса, ҳарам чегараси ичида битта жонлиқ сўйиши етарли. Кийимлар бир нечта бўлиши билан садақа ёки сўйиладиган жонлиқлар сони кўпаймайди.
Шу ўринда эслатиб ўтиш лозимки, эркак киши эҳромдалик ҳолида совқотиб қолса, тикилган кийим кийиб олмасдан, адёлга ўхшаш бирор ёпинчиқ ўраниб олиш ёки кенг кийимни енгига қўлларини киритмасдан, елкасидан ташлаб олиш ҳам мумкин. Буни кийим кийиш деб ҳисобланмагани учун жиноят саналмайди ва каффорот ҳам лозим бўлмайди (“Камолуд дироя” китоби). Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.