Аллома шайх Муҳаммад Али Собуний Қуръони Карим ва Расулуллоҳ суннатларини ўрганувчи замонамиз уламоларидан саналади. Олим ислом илмларига оид бир неча асарлар таълиф қилган бўлиб, улардан “Софват ат-тафосийр”, “Равоиул-баён фий тафсирил Қуръон” ҳамда “Мухтасар тафсири Ибн Касийр” каби китоблари Ислом оламида машҳурдир. Шайх Собуний ҳаётларини Қуръони Карим ва суннати набавийя хизматига сарфлади. Тафсир, ҳадис ва бошқа илм соҳаларига бағишланган, исломнинг мусаффолиги ва бағрикенглигини ёритувчи асарлари билан илмий-маърифий кутубхоналарни бойитди ва ҳақли равишда “Китоб ва суннат ходими” унвонига эга бўлди.
Шайх Муҳаммад Али Собуний 1930-йил, Суриянинг Ҳалаб шаҳрида, буюк олим Шайх Жамил Собуний хонадонида таваллуд топган. Ўғлини етук олим бўлишида асосий сабабчи бўлган падари бузруквори Ҳалабдаги “Умавий жоме” масжидида дарс берар эди. Ёш Муҳаммад Али Қуръон дарсларига қўшилиб, Қуръони Каримни тўлиқ ёд олди. Отасидан ҳам кўплаб диний билимлар ва араб тили илмни ўрганди. Бошланғич ва “Хусровия” номли усмонийлар қурган ўрта мактабни имтиёзли тамомлаб, иқтидорли талабалар қаторида Қоҳирадаги “Ал-Азҳар” университетига юборилди. 1952-йилда университетнинг Шариъат факультети дипломига эга бўлди. 1954 йил мутахассислик ўқишини тамомлаб, Азҳари шарифнинг “Шаръий суд мутахассислиги” дипломини аъло баҳолар билан қўлга киритди. Бу диплом ўша вақтларда энг олий диплом ҳисобланиб, ҳозирги кундаги докторлик дипломи билан баробардир. Сўнг, она юрти Сурияга қайтиб, саккиз йил давомида Ҳалабдаги санавий мактабида “Ислом маданияти” фанидан дарс бергач, Азҳари шариф уламолари ҳузурида илмини яна ҳам мукаммал қилиш мақсадида Мисрга борди, лекин ўша пайтдаги сиёсий вазият бунга имкон бермади.
Устозлари:
Шайх Собуний Сурия таълим вазирлиги томонидан Саудия Арабистонига шартнома асосида Маккаи мукаррамадаги Исломий фанлар, тарбия, ва шариъат факультетига дарс бериш учун жўнатилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам таваллуд топган муборак заминда 28-йилга яқин дарс бердилар. Бу вақт давомида қўлларидан кўплаб уламолар, жумладан Масжидил ҳарам имомлари етишиб чиқди.
Собуний ҳазратлари дарс бериш билан чекланмай, шайх Саййид Алавий, шайх Ҳасан Машшот каби ўша пайтдаги Ҳижоз олимларининг дарсларида ҳам қатнашар эди.
Кейинчалик, илмий тадқиқот ишлари давомида Абу Жаъфар Нуҳас раҳматуллоҳи алайҳининг “Маонил Қуръон” номли ноёб асарларини беш йил давомида тадқиқ қилиб, олти жузда нашр қилдирган. 1998-йилдан Маккадаги халқаро ташкилот Ислом олами уюшмасига қарашли муассасада бир неча йил фаолият юритди. Шайх Муҳаммад Али Собуний Масжидил ҳарамда имомлик ҳам қилган. Маккада бўлган онлари ҳар куни Каъбаи мауззаманинг яқини, “Ҳажарул-асвад” билан “Рукнил-яманий”нинг орасида ўтириб, Қуръони Карим тиловат қилардилар. Қуръондан кунлик вазифалари 2 пора эди. Ҳудди ўша жойда фатво учун ҳам ўтириб, савол сўраганларга жавоб берар эдилар.
Асарлари:
Шайх Муҳаммад Али Собунийнинг кўп асарлари инглиз, француз, рус, форс, урду ва бошқа тилларга таржима қилинган. Қуръони Карим тафсири соҳасига бағишланган таснифлари чуқур илм, кенг маъно ва гўзал ифода ҳамда осон ибораси билан ажралиб туради. Ҳадис, Қуръон илмлари, фиқҳ ва бошқа фанларда ҳам салмоқли хизмат қилди: “Ат-тибён фи улумил-Қуръон”, “Сиҳоҳи ситта” (олти саҳиҳ тўплам) китобларининг шарҳи ҳисобланган “Мин кунузис суннатин набавийятил мутоҳҳароҳ” (Пок набавий суннат хазиналари), фиқҳга оид “Ал-фиқҳуш шаръий ал-муяссар” китоблари бунинг яққол мисолидир.
Мужтаҳид мазҳаббошиларимизнинг Қуръони Каримдан қандай ҳукм олишлари ёритилган “Равоиул-баён” номли асарлари бизда ҳам – Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус ислом билим юртларида ўқитиб келинмоқда. Будан ташқари “Софватут тафосийр” (Тафсирлар сараси ), “Ал-маварис фиш шариъатил-исламийяҳ” (Ислом шариъатида мерослар), “Ас-суннатун набавийя қисмун минал ваҳйил-муназзал” (Суннати набавийя ‒ Илоҳий ваҳийнинг бир қисми), “Ҳарокатул арзи ва давронуҳа – ҳақиқотун илмийятун асбатаҳал Қуръон” ( Ер ҳаракати ва айланиши – Қуръон исбот қилган илмий ҳақиқатдир) ва бошқа кўплаб китоб ва мақолалар муаллифидир.
Шайх Муҳаммад Али Собуний ҳозирга қадар дин хизматида камарбаста бўлмоқдалар. Аллоҳ у зотни ҳифзу-ҳимоясида сақласин.
Муҳаммад Яҳёхон Муҳаммадхон ўғли
Тошкент Ислом институти талабаси.
“Янги Ўзбекистон” газетасининг шу йил 27 август кунги 175-сонида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий, “Олий Даражали Имом Бухорий” ордени соҳиби Шайх Нуриддин ХОЛИҚНАЗАР ҳазратларининг “Қадр-қимматимиз улуғланаётган юрт” номли мақоласи чоп этилди.
Эзгулик, бағрикенглик марказига айланаётган мамлакатимизда диний-маърифий соҳада эришилаётган тарихий ютуқлар эътирофига бағишланган қиёсий-таҳлилий мақоланинг тўлиқ матни билан қуйида танишишингиз мумкин:
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Бутун халқимиз томонидан катта шодиёна қилинаётган, ўз тақдирини шу азиз Ватан тақдири билан боғлаган қирқ миллионга яқин юртдошимиз қалбини чексиз фахр-ифтихор туйғуларига тўлдираётган мустақиллик байрами – истиқлолимизнинг 35 йиллик айёми билан барчани чин қалбимдан муборакбод этаман.
Аллоҳ таолога беҳисоб шукрки, мамлакатимизда сўнгги йиллардаги жадал ва кенг кўламли ислоҳотлар қаторида эътиқод эркинлигини таъминлаш ҳамда мўмин-мусулмонлар эмин-эркин тоат-ибодат қилиши учун яратилаётган шароитлар янги босқичга кўтарилди.
Бунёдкорлик ва маънавий тикланиш солномаси
Сўнгги ўн йиллик солномасига қарайдиган бўлсак, юртимизнинг ҳар бир ҳудудида улкан бунёдкорлик ишларига гувоҳ бўламиз. Уларнинг энг маҳобатлилари, шубҳасиз, пойтахтимиздаги Ислом цивилизацияси маркази ва Самарқанддаги Имом Бухорий мажмуасидир.
Бундан 9 йил олдин Ислом цивилизацияси марказини барпо этиш ҳақида махсус қарор қабул қилиниб, амалий ишлар бошланган эди. Ниҳоят жорий йилда қадимдан Тошкентнинг маънавий маркази бўлиб келган Ҳазрати Имом мажмуаси ёнида миллий руҳ ва замонавий шароитларга эга муҳташам иншоот барпо этилди. Марказнинг асосий зали, таъбир жоиз бўлса, қалби, ҳеч шубҳасиз, муқаддас Қуръон залидир. Бу ерда дунёдаги энг қадимий Ҳазрати Усмон Мусҳафи юксак мақомига яраша муносиб ўрин топди.
Бу масканда Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳам янги қароргоҳига эга бўлди. Президентимизнинг оқ фотиҳаси билан биз ҳам шу ерда фаолиятимизни давом эттиряпмиз.
Имом Бухорий мажмуаси қурилиши 2019 йилда бошланган эди. Қарийб 45 гектар майдонни қамраб олган ҳудудда улкан мақбара, 10 минг кишилик масжид, инновацион музей, кутубхона, меҳмонхоналар ва бошқа зарур инфратузилма иншоотлари барпо этилди.
Шу муаззам мажмуа фойдаланишга топширилаётганида хаёлимга бир фикр келди. Биласиз, Имом Бухорий бобомиз илм талаб қилиш йўлида қанча машаққатлар чекиб дунё кездилар. Буюк муҳаддис бўлиб Ватанимизга қайтиб келдилар. Лекин унга ҳозиргидек эътибор, эҳтиром, эъзоз кўрсатилмаганди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Имом Бухорий ҳазратларининг бой илмий меросини юксак даражада қадрлаш ва тарғиб этишга янги босқичда кенг имкониятлар яратилди. Ҳозир бутун ислом олами, барча мусулмонлар шу мажмуага талпинмоқда.
Шунингдек, Фарғонадаги Бурҳониддин Марғиноний янги мажмуаси, Намангандаги Султон Увайс Қараний зиёратгоҳи, Андижон бош масжиди, Сурхондарёдаги термизийлар мақбаралари, Қашқадарёдаги Абу Муин Насафий зиёратгоҳи, Бухородаги Мир Араб олий мадрасаси, Нукусдаги Имом Эшон Муҳаммад, Урганчдаги Охун бобо масжидлари, Тошкентдаги Сузук ота, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф масжид-мажмуалари, Тошкент вилоятидаги Зангиота зиёратгоҳини ҳам санаб ўтиш мумкин.
Юртимизнинг шаҳару қишлоқларида, энг чекка ҳудудларида 130 тага яқин янги масжид очилди. 500 дан зиёд жоме бутунлай қайтадан бунёд этилди. 3 та олий ва 1 та ўрта махсус мадраса ташкил этилди. Жумладан, 500 йиллик тарихга эга Мир Араб олий мадрасасининг тарихий мақоми тикланди ва уни дунёга машҳур ал-Азҳар мажмуаси даражасига етказиш ишлари давом этмоқда.
Самарқандда Ҳадис илми мактаби, Сурхондарёда Имом Термизий номидаги ислом институти, шунингдек, Имом Термизий номидаги ўрта махсус ислом таълим муассасаси фаолият бошлади. Тошкент ислом институтида магистратура ташкил қилиниб, бу йил илк битирувчилар соҳанинг нуфузли идораларида меҳнат фаолиятига киришди.
Қуръони карим ва тажвид ўқув курслари сони 30 дан ошди. Машғулотларни 100 мингдан зиёд тингловчи якунлаб, Аллоҳнинг каломини ўқиш бахтига эришди. Бундан ташқари, интернет орқали онлайн қироат сабоқлари йўлга қўйилди.
Диний идорамиз ҳузурида Марказий Осиёда ягона бўлган Фатво маркази ташкил этилди. Бу ерда диний уламоларимиз ҳар йили юртдошларимизнинг 300 мингдан ортиқ саволига жавоб бериб келмоқда. Эътиборлиси, ишлаш ё ўқиш мақсадида чет давлатда бўлиб турган ватандошларимизнинг саволларига мобил илова ва ижтимоий тармоқлар орқали ҳам жавоб бериш имконияти яратилган.
Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий ва Баҳоуддин Нақшбанд номидаги 4 та халқаро илмий-тадқиқот маркази таъсис этилиб, нодир илмий-маърифий асарлар тадқиқ қилинмоқда.
Зиёрат ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш
Ҳаж ва умра сафарларига кенг йўл берилди. Ҳаж квотаси 3 баравар, яъни 5 мингдан 15 мингга кўпайган бўлса, умрага қўйилган квота чекловлари олиб ташланди. Натижада ҳар йили 1 миллионга яқин ҳамюртимиз Аллоҳнинг байтини зиёрат қилишга муваффақ бўлмоқда.
Бу йилдан бошлаб Президент ҳожилари дастури жорий этилиб, эл-юртимизга сидқидилдан хизмат қилган 100 нафар юртдошимиз ҳаж сафарига имтиёзли бориб келди.
Рамазон ойи, икки ҳайит байрами ҳақиқий маънода катта айёмга айланди. Бу муборак саналарни Президент қарори билан кенг нишонлаш дунё мамлакатлари тажрибасида йўқ. Айниқса, жорий йилги айёмларда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан амалга оширилган улкан воқеликларни алоҳида таъкидлаш керак: Рамазон ойида 1 триллион 100 миллион сўм, Қурбон ҳайитида 700 миллиард сўм маблағ хайрия ишларига йўналтирилди.
Диний соҳа ходимларига бугунгидек эътибор, ижтимоий, моддий қўллаб-қувватлаш илгари кузатилмаган эди. Айниқса, 15 уламонинг Имом Бухорий ордени билан мукофотланиши тарихий воқеа бўлди.
Имом-хатибларимиз хорижий тажриба алмашиш ва малака ошириш учун чет давлатларга бормоқда. Хусусан, АҚШ, Россия, Буюк Британия, Европа мамлакатлари, Саудия Арабистони, Миср, БАА, Туркия, Жанубий Корея сингари давлатларда малака ошириш курслари, Қуръони карим хатмлари, диний-маърифий суҳбатларда иштирок этмоқда. Албатта, бундай юксак эҳтиром ва кенг имкониятлар қалбларимизда чексиз шукроналик туйғусини уйғотади. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда шукр қилувчиларга неъматларини янада зиёда этишни ваъда қилиб, бундай марҳамат қилади:
“Ва Роббингиз сизга: “Қасамки, агар шукр қилсангиз, албатта, сизга зиёда қилурман. Агар куфр келтирсангиз, албатта, азобим шиддатлидир”, деб билдирганини эсланг” (Иброҳим сураси, 7-оят).
Ушбу илоҳий ваъдага мувофиқ, тинч ва фаровон кунларимизнинг қадрига етиш, юртимизда амалга оширилаётган хайрли ва эзгу ишларга шукроналик келтириш неъматларнинг бардавом ва янада зиёда бўлишига сабабдир. Зотан, шукр фақат тилда эмас, балки меҳр-оқибат, саховат ва эзгу амалларда намоён бўлиши билан ўз маъносини топади.
Буюк саодатнинг ифодаси
Мамлакатимиздаги очиқлик сиёсати натижасида Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ислом олами билан алоқалари ривожланмоқда. Халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик мустаҳкамланди. Туркий давлатлар муфтийлари кенгаши, Абу Даби тинчлик форуми, Халқаро мусулмон уламолари кенгаши, Мусулмон донишмандлар кенгаши, Исломий фиқҳ академияси, Ислом олами уюшмаси, Подшоҳ Салмон номидаги Ҳадиси шариф академияси ва Халқаро ислом фиқҳи академияси каби нуфузли ташкилотлар шулар жумласидан.
Яқинда мамлакатимизда I халқаро ислом цивилизацияси форуми ўтказилди. У бутун дунё эътиборини яна бир бор Ўзбекистонга қаратди. Форум доирасида кўплаб нуфузли олимлар, уламолар юртимизга ташриф буюриб, амалга оширилаётган ижобий ўзгаришларнинг шоҳиди бўлди.
Юртимиздан етишиб чиққан буюк мутафаккир алломаларнинг ҳаёти ва илмий меросини ўрганиш юзасидан 600 дан ортиқ китоб, монография, рисола, роман нашр қилинди.
Умуман олганда, инсон қадрини улуғлашга қаратилган халқпарвар сиёсат аҳолининг турмуш сифатини янада ошириш, илгари адашган йўлидан қайтиб, соғлом ҳаёт кечириш йўлини танлаган шахсларни афв этиш каби савобли ишларда намоён бўлаётир.
Буларнинг бари Аллоҳ таолонинг инояти билан эришилган истиқлол шарофатидандир. Тикланган маънавий қадриятлар, кенг очилган эътиқод имкониятлари янги Ўзбекистонда инсон қадри нақадар юксак даражага кўтарилганининг ёрқин мисолидир. Бу ишлар маърифат, бағрикенглик ва эзгулик тамойиллари атрофида бирлашган халқимизнинг келажакка ишончини янада мустаҳкамлайди.
Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз таълимотларида инсон учун энг улуғ саодат тинчлик-осойишталик, тансиҳатлик ва хотиржамлик эканини алоҳида таъкидлаганлар:
“Сизлардан ким аҳли-оиласи тинч, тани соғ ва бир кунлик егулиги бор ҳолда тонг оттирса, гўёки унга бутун дунё тўлалигича берилибди” (Имом Термизий ривояти).
Бугун юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва эмин-эркинлик мана шундай улуғ саодатнинг амалий ифодасидир.
Аллоҳ таоло жонажон Ватанимиз истиқлолини абадий, тинчлигимизни барқарор айласин! Юртимиз ривожи ва халқимиз фаровонлиги йўлида сидқидилдан хизмат қилаётган Президентимиз ва барча мутасаддиларга куч-ғайрат, мустаҳкам соғлиқ ва улкан зафарлар ёр бўлсин. Эл-юртимиз аҳил-иноқлиги, хонадонларимизнинг қут-баракаси ҳеч қачон аримасин!
Шайх Нуриддин ХОЛИҚНАЗАР,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий, “Олий Даражали Имом Бухорий” ордени соҳиби