
Нимаики ишни элу юрт бирдамликда, ҳамжиҳатликда бажарса, шу ишнинг бажарилиш жараёни ўз-ўзидан байрамга айланиб кетади.
Халқимиз азалдан озодаликни, саришталикни одат қилиб келган. Чунки бунга муборак динимиз буюради. Ана шундай покизалик тадбирлари ҳар баҳорда умумхалқ ҳашари кўринишида бажарилган ва бу эзгу анъана ҳар йили давом этади. Миллатимизнинг ана шундай ажойиб одатларидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 2 мартдаги фармойиши эълон қилинди. Ушбу фармойиш асосида март-апрель ойлари юртимизда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ойлиги, деб эълон қилинди.
Бугун ва эртага ҳам республикамизнинг барча ҳудудларида умумхалқ ҳашари бўлиб ўтади. Шу жумладан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги масжидлар, зиёратгоҳлар ва мадрасаларда ҳашар ишлари уюшқоқлик билан амалга оширилмоқда. Унда гул кўчатлари, мевали ва манзарали дарахтлар экиш, оқлаш, буташ, кўчалар, йўлакларни тартибга келтириш, қурилиш ва маиший чиқиндиларни тўплаш, белгиланган жойга олиб чиқиш, ариқларни тартибга келтириш ишлари бажарилмоқда.
Масжид-мадрасаларда ҳашар давом этмоқда.
















Ўзбекистон мусулмонлари идораси
ахборот хизмати
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида "Ислом маърифати, ҳадис илми ва Имом Бухорий мероси" ўқув курси ўтказилди. Мутахассислар томонидан ёдгорлик мажмуаси гид-экскурсоводлари учун ўтказилган машғулотлар доирасида экскурсия фаолияти билан боғлиқ ҳуқуқий, назарий ва амалий масалалар кўриб чиқилди, хабар бермоқда “Самаркандский вестник” нашри.
- Бу ерга ташриф буюрган ҳар бир зиёратчи фақат ибодат қилиш учун эмас, балки маънавий "озиқ" олиш учун ҳам бориши керак, - дейди Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Ш.Зиёдов. - Бу ерда фаолият юритаётган гидларнинг малакасини ошириш тизимини йўлга қўяр эканмиз, уларга Имом Бухорийнинг бизга қолдирган меросини, бу мероснинг тарихий манбаларини чуқур ўргатишимиз шарт.
Курс доирасида мажмуага биринчи марта ташриф буюрган меҳмонлар билан мулоқотнинг ўзига хос хусусиятлари муҳокама қилинди. Хорижлик зиёратчиларга нафақат Имом ал-Бухорий ҳаётидаги фактлар ва диний қадриятларимизни етказиш, балки бой маданий меросимизни асраб-авайлаш ва етказиш каби долзарб масалалар кўтарилди.
Гид-экскурсоводлар ҳам ўз тажрибалари билан ўртоқлашиб, келгусидаги ишларни ташкил этиш бўйича таклифлар бердилар. Бу бевосита экскурсияларни ўтказиш пайтида юзага келадиган масалаларни муҳокама қилиш имконини берди.
Курс Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Диний таълим соҳасида кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш институти, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, вилоят ҳокимлиги ҳамда Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасини сақлаш ва унинг атрофини ободонлаштириш департаменти томонидан ташкил этилди.
Тарихий обидалар ва зиёратгоҳлар туризм салоҳиятининг муҳим қисми бўлган Самарқанд вилояти учун малакали мутахассисларни тайёрлаш алоҳида аҳамиятга эга. Меҳмонга ташриф буюриладиган жойнинг тарихи қанчалик тўлиқ ва тушунарли очиб берилиши гиднинг профессионаллигига боғлиқ. Шунинг учун ҳам гид-экскурсоводларнинг малакасини мунтазам ошириб бориш, уларнинг касбий билим ва кўникмаларини такомиллаштириш ҳамда замонавий хизмат кўрсатиш стандартларини жорий этиш Самарқандда туризм хизматлари сифатини оширишда устувор йўналишлардан бири бўлиб қолмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати