Бутунжаҳон мусулмон уламолар кенгаши бош котиби Али Қорадоғий Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази ташкил этилиш муносабати билан Ўзбекистон ҳукумати ва аҳлига табрик йўллади
Бутунжаҳон мусулмон уламолар кенгаши бош котиби Али Муҳйиддин Қорадоғий Сурхондарё вилоятида Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази барпо этилиши муносабати билан Ўзбекистон раҳбарияти ҳамда халқига табрик йўллади.
Ушбу табрик видео кўринишида бўлиб, мазмуни қуйидагичадир:
“Аллоҳ таолога ҳамдлар, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам), У зотнинг оила аъзолари, саҳобалари ҳамда ҳидоятга эргашганларга Аллоҳнинг салот ва саломлари бўлсин!
Баракотли, азиз, гўзал, биз учун севикли бўлган Ўзбекистон ҳукуматидаги ҳурматли ака-укалар, опа-сингиллар! Сизларни барчангизни Аллоҳ ҳузуридан бўлган муборак, покиза табрик ила муборакбод этаман!
Ўзбекистон ҳукуматининг ушбу режалаштирган муборак иши – буюк имомлардан бўлмиш Имом Термизий номидаги илмий-тадқиқот маркази ташкил қилиниши мени жуда ҳам хурсанд қилди. Ўзбекистон юрти жуда ҳам кўплаб муҳаддислар, фақиҳлар ва бошқа қатор соҳаларда етук олимларни етиштириб чиқарган. Улар сабабли ислом маданияти, балки бутун инсоният маданияти бойиди. Мана шундай юрт учун бундай марказларнинг очилиши ажабланарли иш эмас. Шунинг учун мен Ўзбекистон ҳукуматини, шунингдек у ердаги мусулмон халқни ушбу қилинаётган муборак иш муносабати билан табриклайман. Аллоҳ таолонинг изни ила ушбу маскан нафақат Ўзбекистон ҳамда унинг қўшни давлатлари, балки бутун дунё миқёсида ўзининг ижобий самарасини беради, инша Аллоҳ.
Биз Ислом дининиг ўзлиги, тарихи билан шон-шарафга сазовор бўлдик. Шунингдек, ғарб дунёси ҳам ушбу тарих ила зафарларга эришди. Шунинг учун биз ўз тарихимизни ўрганишимиз, аввалги уламоларимиз сингари унга эргашишимиз лозим.
Ислом дини мўътадил дин бўлиб, у фақат бунёдкорликни хоҳлайди, вайрон қилишни эмас, жамиятни бирлаштиради, фирқаларга бўлмайди, инсонларни севади, уларни ёмон кўрмайди. Бу дин ўзбек халқи ва бошқа халқлар учун Аллоҳнинг раҳматидир. Бу Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг сийратлари, ва У зотнинг рисолатларидир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда “(Эй, Муҳаммад!) Биз Сизни (бутун) оламларга айни раҳмат қилиб юборганмиз” (Анбиё, 107), деган.
Аллоҳ таоло Ўзбекистон диёри – унинг Президенти, ҳукумати, халқи, олимлари, толиби илмлари барчасига баракалар ёғдирсин, уларни бундан-да кўпроқ муваффақиятларга эриштирсин!Ассалому алайкум вароҳматуллоҳи ва барокатуҳ!”
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон мусулмонлари идораси муассислигида Сурхондарё вилоятида Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази ташкил этилади. Бу Ўзбекистон Президентининг жорий йилнинг 14 февральдаги қарорида ўз аксини топган.
Қарор ислом дини ривожига улкан ҳисса қўшган буюк аллома Абу Исо Термизий (Имом Термизий) ва термизий алломаларнинг меросини илмий асосда чуқур ўрганиш, миллий-диний қадриятларни асраб-авайлаш ва ривожлантириш, шу асосда ёш авлодни эзгу ғоялар руҳида тарбиялаш, уларнинг қалбида Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғусини янада кучайтириш мақсадида қабул қилинди.
Али Муҳйиддин Қорадоғий 1949 йилда Ироқнинг Қорадоғ шаҳрида туғилган. 1975 йилда Бағдод Ислом институтини, 1980 йилда Қоҳирадаги Азҳар университетини тамомлаган. 1985 йилда Азҳар университетида Шариат ва қонун йўналиши бўйича фан доктори илмий даражасини, 1995 йилда профессор унвонини олган. У молиявий муаммолар, банк иши ва иқтисод каби мавзуларга оид ўттиздан ортиқ китоб ва юздан зиёд илмий мақолалар муаллифидир. Ҳозирда Жаҳон мусулмон уламолар кенгашининг Бош котиби лавозимида фаолият кўрсатмоқда.
Манба: markaz.tiu.uz
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
اللَّهُمَّ صَلِّ عَلَى مُحَمَّدٍ فِي الْأَوَّلِينَ وَ صَلِّ عَلَى مُحَمَّدٍ فِي الآَخرينَ وَصَلِّ عَلَى مُحَمَّدٍ في النَّبِيِّينَ وَ صَلِّ عَلَى مُحَمَّدٍ فِي الْمُرْسَلِينَ وَ صَلِّ عَلَى مُحَمَّدٍ فِي الْمَلَاءِ الْأَعْلَىٰ إِلَى يَوْمِ الدِّينِ اَللّهُمَ أَعْطِ مُحَمَّدًا الوَسِيلَةَ وَالْفَضيلَةَ وَ الشَّرَفَ وَ الدَّرَجَةَ الْكَبِيرَةَ
Ўқилиши: Аллоҳумма солли ъала Муҳаммадин фил аввалийна ва солли ъала Муҳаммадин фил ахирийна ва солли ъала Муҳаммадин фин набиййийна ва солли ъала Муҳаммадин фил мурсалийна ва солли ъала Муҳаммадин фил малаил аъла ила явмиддийн. Аллоҳумма аъти Муҳаммаданил васийлата вал фазийлата вaш шapoфa вaд дapожатал кабийрота!
Маъноси: Аллоҳим! Аввалгилар орасида ҳазрати Муҳаммадга раҳмат ёғдир, кейингилар орасида ҳазрати Муҳаммадга раҳмат ёғдир, набий (пайғамбар)лар орасида ҳазрати Муҳаммадга раҳмат ёғдир, мурсал элчи расуллар орасида ҳазрати Муҳаммадга раҳмат ёғдир, малаул аълода энг олий, шарафли зотлар орасида то қиёмат кунигача ҳазрати Муҳаммадга раҳмат ёғдир! Аллоҳим! Ҳазрати Муҳаммадга васийла (жаннатдаги энг олий мақом), фазилат, шараф ва улуғ даража ато қил! («Ал-адъийатул-воридаҳ», 64-с).
Фақиҳ Абу Лайс Самарқандий айтадилар: «Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Васийла жаннатдаги энг юксак бир мақомдирки, унга фақат бир киши эришади. Умид қиламанки, ўша киши мен бўламан».
Севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўз амрларига мувофиқ ул зотга васийла тилангани учун бу салавот ҳам жуда савоблидир.
«Энг гўзал салавотлар» рисоласидан