Мўминларнинг онаси Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ким ўн икки ракат суннат номозларни бардавом ўқиб юрса, Аллоҳ унга жаннатда бир уй бино қилади. Пешиндан олдин тўрт ракат, пешиндан кейин икки ракат, шомдан кейин икки ракат, ҳуфтондан кейин икки ракат, бомдоддан олдин икки ракат”. Имом Термизий ривоят килиб, бу бобда Умму Ҳабиба, Абу Ҳурайра, Абу Мусо ва ибн Умар розияллоҳу анҳумлардан ҳам ҳадис ривоят қилинган деганлар. Сўнгра Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳонинг ҳам ҳадисларини келтириб, уни саҳиҳ деганлар. Имом Муслим ҳам Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳодан ушбу ҳадисни ривоят қилган ва ҳадиснинг охирида Умму Ҳабиба онамизнинг: “Шундан буён уларни доим ўқийман” деганларини ривоят қилган. Кўриниб турибдики, нафл ибодатларни, хусусан фарзлардан олдинга ва кейинги суннат намозларнинг фазилати жуда улуғ. Шунинг учун имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг мазҳабларида нафл намозларига алоҳада аҳамият қаратилган. Чунки намоз банданинг қиёматда нажот топишга асосий омили. Шундай экан уни ўз вақтида ва мукаммал адо этиш фарздир. Мободо вақтида ўқий олмаса қазосини ўқиш лозим бўлади. Аммо бир инсон қазосини ҳам ўқий олмай вафот этса, Аллоҳ таолонинг фазли ила адо қилинмаган фарзларнинг ўрнини нафллар билан тўлдирилади. Имом Насоий ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Банданинг қиёматда биринчи ҳисоб қилинадиган амали намозидир. Агар тўла бўлса, тўлиқ деб ёзилади. Агар унда камчилиги бўлса: Қарангларчи, зоя қилган(ўтказиб юборган) фарзларини тўлдирадиган нафлларини топасизми дейди. Сўнгра бошқа амаллар ҳам шунга кўра бўлади”. Деганлар. Мазҳаббошимиз тутган, аждодларимиз асрлар давомида унга оғишмай амал қилиб келаётган йўл нақадар гўзал! Тасаввур қилиб кўринг, эллик йилдан буён намоз ўқиётган инсоннинг уни тўлдирадиган яна эллик йиллик нафл ибодати бор. Аммо афсуски бугун баъзи ёшларимизни суннат намозларига бепарво қарашаётганини кўрамиз. Бунга гўёки ишлари кўплигини баҳона қиладилар. Аммо кўчада дўсти билан соатлаб гаплашишга вақти бор. Ваҳолангки тўрт ракатли намозга бор-йўғи беш дақиқа кифоя. Ушбу мақолани ёзиш асносида бир йигит келиб интернетдан Оиша онамиздан ривоят қилинган юқоридаги ҳадисни ўқиганини айтиб, ҳақиқатдан ҳам шундай ҳадис бор-йўқлигини, агар бор бўлса, мазкур ўн икки ракат намозни ўқилиш тартиби ҳақида сўради.
Бугун биз учун одатга айланган суннат намозлари, айни ўша ҳадисда фазилати зикр қилинган нафл ибодатлардир. Уларни бардавом ўқиб юрган инсонга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жаннатда уй ваъда қилмоқдалар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини яхши билган, суннатга мувофиқ ҳаётлари билан бутун дунёга устоз бўлган аждодларимиз бунга аввало ўзлари қаттиқ амал қилишган, қолаверса бизга ҳам буни таълим бериб кетишган. Балки фазилатларини билмагандирмиз, аммо намоз ўқишни ўрганган илк чоғларимизданоқ фарз намозлари билан бирга мазкур суннатларни ҳам қўшиб ўқишни устозларимиздан таълим олганганмиз. Ёшларимиз ҳам илмда, тақвода дунёга устоз бўлган аждодларимизнинг йўлларидан юриб, уларга муносиб фарзанд бўлишга интилсалар, албатта икки дунё саодатига етишамиз.
Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти ўқитувчиси,
“Новза” жомеъ масжиди ноиби имоми А. Собиров.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Қабул бўлиш жиҳатидан отанинг фарзанди учун қилган дуоси Пайғамбарнинг уммати ҳаққига қилган дуоси кабидир. Онаники ҳам шундай” (“Мажмаъул одоб” китобидан).
Она шафқати отаникидан устунроқ бўлгани сабабли дуосининг қабул бўлиши ҳам отаникидан тезроқдир. Бир ҳадиси шарифда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “…Онанинги дуоси тезроқ қабул бўлади”.
Саҳобаи киромлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бунинг сабабини сўраганларида: “Чунки она отага қараганда фарзандга яқинроқ. Яқин бўлганнинг дуоси олдинроқ қабул бўлади”, деб жавоб бердилар (“Мажмаъул одоб” китобидан).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай марҳамат қилганлар: “Аллоҳнинг ижобат қилишига аниқ ишонган ҳолингизда дуо қилинг. Билингки, Аллоҳ ғофил ва беҳуда қалбдан дуони қабул қилмас” (Имом Термизий ривояти).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бошқа бир ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизлардан бирингиз дуо қилса, рағбатини катта қилсин (катта нарсалар сўрасин). Чунки берадиган ҳеч бир нарсаси Аллоҳ таолога машаққат эмас”, деганлар (Имом Аҳмад ривояти).
Абу Саид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Набий алайҳиссалом марҳамат қиладилар: “Мусулмон банда бир гуноҳ ёки бирор қариндоши билан ораси очилиши (шариатга уйғун бўлмаган нарсалар)ни сўрамагунича ўзига уч нарса берилмасидан дуоси қайтарилмайди: дуоси қабул бўлиб, дунёда ўзига берилади ёки дуоси охиратга олиб қўйилади ёхуд дуоси қадар бир ёмонликдан узоқлаштирилади” (Имом Ҳоким ривояти).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ алайҳиссалом: «Сизлардан дуо қилгач, “Дуо қилдим, қабул бўлмаяпти”, деб шошмайдиган кишининг дуоси қабул бўлади.
Аллоҳга дуо қилинглар ва шикоят қилиб: “Ижобат бўлмади, қабул бўлмади”, деманглар», деганлар (Имом Бухорий ривоти).
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам буюрадилар: “Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, Аллоҳ азза ва жалла дуосини қабул қилмайдиган бандасига дуо қилишни насиб этмайди” (Имом Табароний ривояти).
“Ҳар бир она билиши керак” китобидан
Нигора МИРЗАЕВА таржимаси