Мўминларнинг онаси Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ким ўн икки ракат суннат номозларни бардавом ўқиб юрса, Аллоҳ унга жаннатда бир уй бино қилади. Пешиндан олдин тўрт ракат, пешиндан кейин икки ракат, шомдан кейин икки ракат, ҳуфтондан кейин икки ракат, бомдоддан олдин икки ракат”. Имом Термизий ривоят килиб, бу бобда Умму Ҳабиба, Абу Ҳурайра, Абу Мусо ва ибн Умар розияллоҳу анҳумлардан ҳам ҳадис ривоят қилинган деганлар. Сўнгра Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳонинг ҳам ҳадисларини келтириб, уни саҳиҳ деганлар. Имом Муслим ҳам Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳодан ушбу ҳадисни ривоят қилган ва ҳадиснинг охирида Умму Ҳабиба онамизнинг: “Шундан буён уларни доим ўқийман” деганларини ривоят қилган. Кўриниб турибдики, нафл ибодатларни, хусусан фарзлардан олдинга ва кейинги суннат намозларнинг фазилати жуда улуғ. Шунинг учун имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг мазҳабларида нафл намозларига алоҳада аҳамият қаратилган. Чунки намоз банданинг қиёматда нажот топишга асосий омили. Шундай экан уни ўз вақтида ва мукаммал адо этиш фарздир. Мободо вақтида ўқий олмаса қазосини ўқиш лозим бўлади. Аммо бир инсон қазосини ҳам ўқий олмай вафот этса, Аллоҳ таолонинг фазли ила адо қилинмаган фарзларнинг ўрнини нафллар билан тўлдирилади. Имом Насоий ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Банданинг қиёматда биринчи ҳисоб қилинадиган амали намозидир. Агар тўла бўлса, тўлиқ деб ёзилади. Агар унда камчилиги бўлса: Қарангларчи, зоя қилган(ўтказиб юборган) фарзларини тўлдирадиган нафлларини топасизми дейди. Сўнгра бошқа амаллар ҳам шунга кўра бўлади”. Деганлар. Мазҳаббошимиз тутган, аждодларимиз асрлар давомида унга оғишмай амал қилиб келаётган йўл нақадар гўзал! Тасаввур қилиб кўринг, эллик йилдан буён намоз ўқиётган инсоннинг уни тўлдирадиган яна эллик йиллик нафл ибодати бор. Аммо афсуски бугун баъзи ёшларимизни суннат намозларига бепарво қарашаётганини кўрамиз. Бунга гўёки ишлари кўплигини баҳона қиладилар. Аммо кўчада дўсти билан соатлаб гаплашишга вақти бор. Ваҳолангки тўрт ракатли намозга бор-йўғи беш дақиқа кифоя. Ушбу мақолани ёзиш асносида бир йигит келиб интернетдан Оиша онамиздан ривоят қилинган юқоридаги ҳадисни ўқиганини айтиб, ҳақиқатдан ҳам шундай ҳадис бор-йўқлигини, агар бор бўлса, мазкур ўн икки ракат намозни ўқилиш тартиби ҳақида сўради.
Бугун биз учун одатга айланган суннат намозлари, айни ўша ҳадисда фазилати зикр қилинган нафл ибодатлардир. Уларни бардавом ўқиб юрган инсонга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жаннатда уй ваъда қилмоқдалар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини яхши билган, суннатга мувофиқ ҳаётлари билан бутун дунёга устоз бўлган аждодларимиз бунга аввало ўзлари қаттиқ амал қилишган, қолаверса бизга ҳам буни таълим бериб кетишган. Балки фазилатларини билмагандирмиз, аммо намоз ўқишни ўрганган илк чоғларимизданоқ фарз намозлари билан бирга мазкур суннатларни ҳам қўшиб ўқишни устозларимиздан таълим олганганмиз. Ёшларимиз ҳам илмда, тақвода дунёга устоз бўлган аждодларимизнинг йўлларидан юриб, уларга муносиб фарзанд бўлишга интилсалар, албатта икки дунё саодатига етишамиз.
Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти ўқитувчиси,
“Новза” жомеъ масжиди ноиби имоми А. Собиров.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Бир куни Ҳасан розияллоҳу анҳу уйидан янги, тоза кийимлар кийиб, виқор билан кўчага чиқди. Бир гуруҳ дўстлари, ходимлари билан Мадина кўчаларининг бирида кетаётиб, елкасида бир меш сув кўтариб олган, қашшоқликдан эзилган кекса яҳудийни учратиб қолди. Қария Ҳасан розияллоҳу анҳуни бундай кўркам кийимда кўриб, чидай олмади, «Илтимос, бирпас тўхтаб, сўзимга қулоқ солинг!» деди. Ҳасан розияллоҳу анҳу тўхтади. Яҳудий: «Эй Расулуллоҳнинг набираси! Менга раҳм қилинг, адолат қилинг! Бобонгиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Дунё мўминнинг зиндони, кофирнинг жаннатидир», деган эдилар. Лекин кўриб турибманки, сиз бу дунёда ҳам неъматларга кўмилиб, фаровон яшаяпсиз. Унда бўлса, бу дунё сиз учун жаннат, мен учун эса дўзах экан-да? Ахир мен қийинчиликда, қашшоқликда яшаяпман. Лекин сиз мўминсиз, мен эса ундай эмас», деди.
Ҳасан розияллоҳу анҳу бундай деди: «Кўзингдан парда олиб ташланганида, Аллоҳ таоло менга ва барча мўминларга жаннатда қандай неъматлар тайёрлаб қўйганини кўрганингда эди, бу дунё шунчалик гўзаллигига қарамай, биз учун зиндонлигини кўрган бўлардинг. Аллоҳ таоло сенга ва барча кофирларга дўзахда қандай азобу қийноқлар тайёрлаб кўйганини кўрганингда, шунчалик қашшоқ, паришонлигингга қарамай, бу дунё сен учун жаннат эканлигини тушунган бўлардинг».
Дарҳақиқат, мусулмонлар бу дунёда қанчалик фаровон яшамасин, жаннатдаги неъматлар олдида ҳеч нарса эмас. Худди шунга ўхшаб, мусулмон бўлмаганлар ҳам бу дунёда фаровон яшаётган бўлса, бу Аллоҳ таолонинг Роҳман исмининг бир тажаллийси бўлиб, вақтинчалик берилган иноятдир, охиратда кўриладиган азобларнинг қаршисида ҳеч нарса эмасдир.
«Ким дунёни истаса, дунё уни ерга уради!»
Ҳасан розияллоҳу анҳу ўрни келганда, одамларга насиҳат қилиб, ҳаётда бошқаларга ибрат бўлиб яшаш, гўзал хулқ-атвор эгаси бўлиш лозимлигини айтар эди. У ўзининг ижтимоий ҳаётга оид маслаҳатларидан бирида бундай деган: «Кимки дунёни хоҳласа, дунё уни ерга уради! Кимки дунёга қалбини боғламаса, унга парво қилмайди. Кимки дунёни севса, у бойларнинг қулига айланади. Кечаги куни билан бугунги куни тенг бўлган киши зиёнда, кимнинг ўтмиши бугунидан яхшироқ бўлса, у ҳам зиёндадир. Ўзини мукаммал деб ҳисоблаган одамда камчилик кўп бўлади. Гўзал ахлоқ инсонга зийнатдир. Садоқат бойликдир. Шошқалоқлик енгилликдир. Қалби дунёга боғланган одамлар билан бирга ўтириш доғдир. Ёмон одамлар билан бирга бўлиш эса ўзгаларда шубҳа уйғотади».
«Миллионер саҳобалар» китобидан