Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
21 Август, 2026   |   8 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:12
Қуёш
05:38
Пешин
12:26
Аср
17:14
Шом
19:18
Хуфтон
20:39
Bismillah
21 Август, 2026, 8 Рабиъул аввал, 1448

“Ассалому алайкум” – дуо каломи

23.02.2017   12742   6 min.
“Ассалому алайкум” – дуо каломи

“Одамларнинг энг ожизи-дуога ожизлик қилган одам. Одамларнинг энг бахили салом беришга бахиллик қилган одамдир”

 ( Ҳадиси шарифдан).

Аллоҳнинг муборак исмларидан бири  Салом, унинг  сифати ва даражаси Қуръони каримда бундай баён этилади: «Бас, қачон уйларга кирсангизлар, бир-бирларингизга Аллоҳ ҳузуридан бўлган муборак покиза саломни айтинглар (яъни «Ассалому алайкум», денглар)» (Нур, 61).

 “Салом” Аллоҳнинг марҳамати ҳамда тоза ва мунаввар неъмати  эканлигига далолат, «Қачон сизларга бирон ибора билан салом берилса, сизлар ундан чиройлироқ қилиб алик олинглар ёки (ҳеч бўлмаса) ўша иборани қайтаринглар» (Нисо, 86).

Бинобарин, Абдуллоҳ ибн Амр ибн Оссдан (розияллоҳу анҳу)дан қилинган  ривоятда: Бир киши Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан: «Исломдаги қайси амал яхши?» деб сўраганида, у зот: «Қорни очларни тўйдиришинг ҳамда таниган ва танимаган кишига салом беришинг», деган эканлар (Имом Бухорий ва имом Муслим).

“Яхши амал”дан мурод одобдир. Дарҳақиқат, ҳадисда руҳий эҳтиёж нафсоний эҳтиёжга қиёсланаётир. “Қорни очларни тўйдириш”дан савоб ҳосил бўлгани каби, кўнгилни қувонтирадиган саломдан ҳам шу самара мавжудлигига ишора қилинмоқда.

Саломлашув халқлар ўртасида урф даражасидаги одоблардан. Ҳар бир миллат ва халқда унинг ўзига хос кўринишлари мавжуд. Бу сўз баракотидан одамлар ўртасида ўзаро илқлик, яқинлик ва меҳру муҳаббат пайдо бўлади. Одам Ато (алайҳиссалом) инсон сифатида кўз очганларида илк насиҳат ва тавсия ҳам шу манида кечди:

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Аллоҳ таоло Одам (алайҳиссалом)ни халқ қилиб, у кишига «Ана бу ўтирган бир неча фаришта олдига боргин-да, салом бергин, сўнгра уларнинг сенга оладиган алигини яхшилаб эшитгин, чунки бу сенга ва сендан тарқаладиган зурриётларингга йўлланган салом бўлади», деди. (Одам (алайҳиссалом) бориб: «Ассалому алайкум», дедилар. Фаришталар: «Ассалому ъалайка ва раҳматуллоҳи», деб «раҳматуллоҳи»ни зиёда қилишди», дедилар) (Имом Бухорий ва имом Муслим ).

Ушбу ҳадис Исломда саломлашув ибодат амалларидан бир амал сифтида талқин этилиши баробарида, дуо эканлиги эслатилаётир. Мазмун ифодасида фаришталар дуоси жамланганидан хабардор этаётир.

Шунинг учун ҳам Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадисда:  Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Иймон келтирмагунингизча жаннатга кирмайсизлар. Бир-бирингизга муҳаббат қилмагунингизча иймонли бўла олмайсизлар. Агар амал қилсангиз, ўрталарингизда муҳаббат пайдо этадиган нарсага сизларни далолат қилайми? Орангизда саломни ёйинг», дедилар (Имом Муслим).

Банданинг олий нияти – жаннат. Жаннатнинг калити – имон. Имон муҳаббат меҳвари эканки, аслида «саломни ёймоқлик» сабаби турар экан. Қуйидаги ҳадис унинг замиридаги маънони комил қилиб, саломлашишнинг қандай фазилатлари борлигини баён этади ва бунга одатланмоққа чорлайди.

Имрон ибн Ҳусайндан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Бир киши Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига келиб, «Ассалому алайкум», деди. Унга жавоб қайтариб ўтирдилар-да, ўнта савоб, дедилар. Сўнгра бошқа киши келди-да, «Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи», деди. Унга ҳам жавоб қайтардилар-да, йигирмата савоб, дедилар. Сўнгра бошқа бир киши келди-да, «Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳу ва барокатуҳу», деди. Унга ҳам жавоб қайтариб, ўттизта савоб, дедилар». (Имом Абу Довуд ва имом Термизий).

Ҳақиқатда, “Ассалому алайкум” ёки «Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳу ва барокатуҳу» энг олий туйғу изҳори бўлиб, замири соф ва самимий тилак билан уйғунлашган: “Сизга тинчлик ва саломатлик тилайман!” Инсонга саломатлик ва тинчлик тилашдан ҳам зиёда тилак бормикин?!

Арабчадан ўзлашган бу сўзда ўзбекона самимиятимизнинг тафти бор, ажиб руҳий илиқлиги бор. У оғиздан чиқиши ёки қулоққа чалиниши биланоқ қалбга ором етади. Бегона танишга, таниш қадрдонга айланади.

Аксарият ўзбек хонадонларида тонгда ўзаро саломлашиш урфга айланган. Бу оила аъзоларининг бир-бирларига меҳру муҳаббатлари ошувига, оқибат ришталарининг юксалишига омил бўлади. Шу сабабли ота-боболаримиз саломлашишга жиддий қараганлар .

Бу каби ўзбекона тарбия билан ўсаётган ёшлар кўча-кўйда, жамоат жойларида  одоблари билан ажралиб турадилар. Аммо, минг афсуски, саломлашиш борасида сўз кетганда, айрим кўнгилни хира қилувчи кўринишлар учраб тургани ачинарли ҳол албатта.  Бу ўринда айбни ёшларга, ёшликка ағдариш инсофдан эмас. “Ота-онанг кимлигин саломингдан билурлар” дейилганидек, болаларда акс этган ҳар-бир хато ва камчиликнинг бош сабабчиси ота-она. Уларнинг динимиз буюрганидек гўзал “Ассаломлому алайкум” калимасининг ўрнига “привет”, “салют”, “чао”га ўхшаш сўзларни қўлласа, бу фарзандларнинг тарбияси қандай бўлади?! Ёки сўнгги даврда бошни бошга тегизиб, муштни муштга уриб “шохлашиб саломлашишлар”, йигитларнинг ўпишиб кўринишлари на динимиз талабларига ва на миллий қадриятларимизга тўғри келмайди?

Баъзида саломлашишда чала ёки маъно моҳияти бузилган кўринишларга ҳам дуч келамиз. Жумладан, "ассалом", "салом", дейилса салом чала бўлади, маънога путур етади. Шу сабаб суннатга кўра чиройли ва мукаммал тарзда салом бериш, ҳам одоб кўрсатиш, ҳам савоб қозониш лозим. "Ассалому алайкум", дейилса, аниқ қилиб: "Ва аллайкум ассалом", дейиш керак. Бугун айримлар орасида урф бўлганидек айрим харфларни талаффуз этмаслик маънони бузиб юборади. Масалан, "Ассому алайкум" – "сизга ҳалокат тилайман" дегани. Унда ёмон ният, қарғиш акс этган.

Халқимизда: “Бепароволик белни синдирар” деган гап бор. Агар биз бугун  миллий-манавий қадриятларимизга бепарволик қилсак, бир куни надоматда қоламиз. Айниқса, саломатлик борасида беэътиборлик қилиш, моҳиятни англамаслик, ўзликни идрок эта билмаслик, муқаддас туйғуларга муносабатда чалғишга етаклайди, ёшларимизнинг эътиқодига ҳам путур етказади.

Қисқа маънода таъриф берилса , “салом” яхшиликнинг калитидир. Эртакларимизда бекорга девлар, ялмоғизлар тилидан “Ҳақ саломинг бўлмаса, икки ялаб, бир ютардим”, дейилмаган. Яъни, “салом” раҳмсизда инсоф, золимда шафқат уйғотиши баробарида меҳру ҳурматни оширади. Шунинг учун ҳам мазмунли, чиройли саломлашиш билан одобимизга кўрк қўшишимиз, ёшларимизни шу руҳда тарбиялашимиз керак.

 

Ҳасанхон АТОЕВ,

Нурота шаҳридаги “Саййид Ато” масжиди имом-хатиби

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг халқаро нуфузи яна бир бор юксак эътироф этилди

07.08.2026   52888   4 min.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг халқаро нуфузи яна бир бор юксак эътироф этилди

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази номига хорижий давлатлар раҳбарлари, нуфузли халқаро ташкилотлар, илмий муассасалар ҳамда халқаро анжуманлар иштирокчилари томонидан йўлланаётган миннатдорлик ва ҳамкорлик мактублари Марказнинг халқаро майдондаги юксак нуфузи тобора мустаҳкамланиб бораётганидан далолат бермоқда.

Хусусан, Малайзия Қироличаси Ража Зарит София Зоти Олиялари Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов номига йўллаган миннатдорлик мактубида Ўзбекистонга амалга оширган расмий ташрифи давомида кўрсатилган юксак меҳмондўстлик ва самимий қабул учун чуқур миннатдорлик билдирган. Шунингдек, Қиролича Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф унда унутилмас таассурот қолдирганини таъкидлаб, Марказ экспозициялари Марказий Осиёнинг бой тарихи, маданий мероси ҳамда Ислом цивилизацияси тараққиётига беқиёс ҳисса қўшган буюк алломаларнинг илмий-маънавий меросини замонавий музей ечимлари орқали кенг ва таъсирчан тарзда намоён этаётганини юқори баҳолаган. Айниқса, Қуръон залидаги маънавий муҳит ва ноёб мерос намуналари унда катта ҳурмат ва ҳайрат туйғуларини уйғотгани қайд этилган.

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳамда 2026 йил 7–11 июль кунлари Тошкент, Самарқанд ва Термиз шаҳарларида бўлиб ўтган I Халқаро ислом цивилизацияси форуми юксак халқаро эътирофга сазовор бўлмоқда. Форум якунларидан сўнг нуфузли халқаро ташкилотлар, илмий муассасалар ва жамоат арбоблари томонидан миннатдорлик ҳамда ҳамкорликни ривожлантиришга оид қатор мактублар келиб тушди.

Малайзия Халқаро Ислом университети (International Islamic University Malaysia – IIUM) ҳузуридаги Office of Strategic Institution Transformation раҳбари, профессор Шукрон бин Абд Раҳмон ўз мактубида I Халқаро ислом цивилизацияси форумининг халқаро аҳамиятига алоҳида тўхталган. Унинг қайд этишича, 40 дан ортиқ мамлакатдан олимлар, давлат арбоблари ва халқаро ташкилотлар вакилларини бирлаштирган мазкур анжуман ислом цивилизациясининг тинчлик, бағрикенглик ва маърифат ғояларини тарғиб этиш, давлатлар ўртасидаги илмий мулоқот ва академик ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутди. Шунингдек, форумнинг юқори савияда ташкил этилгани, иштирокчилар учун яратилган шароитлар ҳамда Ўзбекистоннинг бой илмий ва маънавий мероси халқаро жамоатчиликка муносиб тарзда намоён этилгани эътироф этилди.

Россиянинг “Россия – Ислом дунёси” стратегик қараш гуруҳи томонидан юборилган икки алоҳида мактубда ҳам Форум ва Марказ фаолиятига юксак баҳо берилди. Хусусан, мазкур мактубларда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг очилиши XXI аср ислом оламидаги энг йирик гуманитар ва маданий-маърифий лойиҳалардан бири сифатида баҳоланиб, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ушбу ташаббусни амалга оширишдаги етакчи ўрни ва Марказни илм-фан, тинчлик, маърифат, гуманизм ҳамда бунёдкорлик маскани сифатида шакллантиришга қаратилган саъй-ҳаракатлари алоҳида эътироф этилган.

Шу билан бирга, Марказнинг келгусида дунё олимлари, тадқиқотчилари ва талабалари учун нуфузли илмий-маърифий марказга айланишига ишонч билдирилиб, музейшунослик, тарих, археология, таълим, китобшунослик ва нашриётчилик соҳаларида қўшма илмий ва маданий лойиҳаларни амалга оширишга тайёрлик билдирилган.

Иордания Ҳошимийлар Қироллиги Маданият вазирлиги Бош котиби профессор Нидал Ал-Аҳмад ҳам ўз мактубида I Халқаро ислом цивилизацияси форуми юксак савияда ташкил этилганини таъкидлаб, анжуман Ислом цивилизациясининг инсоният тараққиётига қўшган улкан ҳиссасини халқаро майдонда яна бир бор намоён этганини қайд этган. Шунингдек, турли мамлакатлардан ташриф буюрган олимлар, давлат ва дин арбобларини бир майдонга жамлаган мазкур форум тинчлик, бағрикенглик ва маърифат ғояларини илгари суришга хизмат қилувчи муҳим халқаро мулоқот платформасига айлангани таъкидланган.

Марказнинг халқаро майдондаги фаолиятига билдирилаётган юксак ишончнинг яна бир амалий ифодаси сифатида ICESCO нинг Боку шаҳридаги минтақавий офиси томонидан Марказ раҳбариятига 2026 йил 27–28 июль кунлари бўлиб ўтган Global Foresight Focal Points Initiative халқаро тадбирида иштирок этиш учун расмий таклифнома юборилди. Таклифда ICESCOга аъзо давлатларда стратегик прогнозлаш, давлат бошқарувида инновацион ёндашувларни жорий этиш ва келажакни режалаштириш соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилгани қайд этилган.

Хорижий давлатлар раҳбарлари, нуфузли олимлар ва халқаро ташкилотлар томонидан билдирилган мазкур эътирофлар Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг қисқа вақт ичида халқаро илмий-маърифий ҳамкорликнинг муҳим платформаларидан бирига айланганини яна бир бор тасдиқлайди. Бу эса Марказ томонидан ислом цивилизациясининг бой илмий ва маданий меросини ўрганиш, асраб-авайлаш ва жаҳон ҳамжамиятига кенг тарғиб этиш борасида амалга оширилаётган ишлар халқаро даражада юксак баҳоланаётганининг ёрқин ифодасидир.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

 

Ўзбекистон янгиликлари