Истиқлолимизнинг ўтган йиллари мобайнида, муборак Умра сафарини ташкил этиш борасида, катта ютуқларга эришилди. Бугунги кунда бу ишлар янада такомиллашиб, зиёратчиларга кўплаб қулай шарт-шароитлар яратилмоқда.
Шу йилнинг 20 февраль куни, эрта тонгда, ўзбекистонлик зиёратчиларнинг Тошкент шаҳри зиёратчиларидан иборат дастлабки гуруҳи, Тошкент–Жидда йўналишида умра амалларини адо этиш мақсадида, Саудия Арабистонига жўнаб кетишди.
Эрта тонгда, Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходимлари иштирокида, жами 230 нафардан иборат: зиёратчилар, ишчи гуруҳи, гуруҳ раҳбарлари, шифокорлар ва ошпазлар Саудия Арабистонига кузатилди.
Зиёратчиларимизга Маккаи мукаррамада “Аброж ал-Кисва” ва Мадинаи мунавварада “Нур ал-Мавадда” меҳмонхоналарига жойлашадилар. Уларга Саудия Арабистони Подшоҳлигидаги бир неча йиллик ҳамкоримиз “ал-Ҳидоя” ширкати томонидан хизмат кўрсатилади.
Зиёратчиларни Жидда шаҳри аэропортида кутиб олиш ва кузатиш тадбирлари Ҳаж ва Умра масалалари бўйича Атташе З.Абдуллаев бошчилигида, ишчи гуруҳи ва “ал-Ҳидоя” ширкати ходимлари билан биргаликда, уюшган ҳолда амалга оширилади. Шунингдек, зиёратчиларимизга ўзбекистонлик тажрибали ишчи гуруҳи, шифокорлар ҳамда моҳир ошпазларимиз хизмат кўрсатадилар.
Эслатиб ўтамиз, бу йилги баҳорги умра мавсумида, 5500 нафар ва Рамазон мавсумида, 670 нафар фуқароларимизнинг умра зиёратига бориши режалаштирилган. Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК ўртасидаги келишувга кўра, “Умра-2017” баҳор мавсуми зиёратчиларини кузатиш 1 апрелга қадар давом этади.
Аллоҳ таолодан, умра амалларини адо этиш учун сафарга чиққан азиз юртдошларимизга, амалларни мукаммал бажариб, жонажон Ватанимизга, ота-она, фарзандлари бағрига соғ-саломат қайтишларини сўраб қоламиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Халқаро алоқалар бўлими
Жорий йилнинг 26 август куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида «Вақф» хайрия жамоат фонди ҳамда Туркия Диёнат вақфи масъул ходимлари иштирокида видеоконференция форматида мулоқот бўлиб ўтди.
Учрашувда икки муассаса ўртасида имзоланган меморандум ва унинг асосида ишлаб чиқилган йўл харитасидаги вазифалар ижроси атрофлича муҳокама қилинди. Томонлар шериклик алоқаларини мустаҳкамлаш ҳамда унинг амалий механизмларини белгилаб олиш масалаларига алоҳида эътибор қаратдилар.
Мулоқот давомида вазифаларнинг жорий ҳолати таҳлил қилиниб, истиқболда амалга ошириладиган қўшма ташаббуслар ва ижтимоий лойиҳалар борасида ўзаро тажриба алмашишга келишиб олинди. Хусусан, таълим ва маданият соҳаларидаги қўшма ташаббуслар, ёшлар билан ишлаш ва ижтимоий лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш, хорижий хайрия хизматларини ташкил этиш ҳамда закот ва хайрия муносабатларини янада ривожлантириш каби ўзаро манфаатли йўналишлар бўйича атрофлича фикр алмашилди.
Таъкидлаш жоизки, мазкур мулоқот икки қардош давлат вақф фондлари ўртасидаги диний-маърифий ва саховат йўналишидаги алоқаларни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати