Улуғ саҳобийя Ҳавла бинти Саълаба (разияллоҳу анҳу) Ислом тарихида ном қолдирган машхур аёллардан. У Пайғамбар (салоллоҳу алайҳи васаллам)га биринчилар қатори иймон келтириб, машҳур саҳоба Авс ибн Сомитга турмушга чиққан эди.
Солиҳа аёл Ҳавла эрига вафодорлиги, бола тарбиясида сабри, матонати билан машҳур қозонган эди. Ҳавла зукко ва доно аёл бўлиб, оиласи, фарзандларидан меҳрини аямас эди, уларга чавандозликни, камондан ўқ отишни ўргатар эди.
Тарихчилар Ҳавла билан боғлиқ машхур воқеани манбаларда бундай зикр қилади. Жоҳилият даврида Авс ибн Сомит хотинига: “сен менга онам каби сан” деб қўйди ва бу айтган гапидан пушаймон бўлди. Ҳавла бу гапни Пайғамбар (салоллоҳу алайҳи васаллам)га айтганда “эй Ҳавла энди сен эрингга харом бўлдинг” дедилар. Ҳавла эрини оқлаб “Эй Аллоҳнинг расули, эрим кексайиб, ақли заифлашиб қолган, болаларим эса ёш, энди мен нима қиламан?” деб эридан айрилгиси келмаётганини билдирди. Пайғамбармиз яна аввалги жавобни қайтардилар. Шунда Ҳавла бинти Саълаба йиғлаб Аллоҳ таолога бундай дуо қилди: “Аллоҳим сенга арз қиламан, мени бу мушкулотдан ўзинг қутқар. Роббим бу ишимизни ечимини Пайғамбаринг тилига ўзинг тушургин” деди.
Оиша онамиз (разияллоҳу анҳу) ривоят қиладилар: мен ҳам, бошқалар ҳам Ҳавланинг ҳолига ачиниб йиғладик. Шу пайт унинг илтижолари, оҳу фарёди Аллоҳ таолога етгани маълум бўлди. Аллоҳ таоло ўз ҳабибига ваҳий тушуриб, аёлни севинтирди. Пайғамбар (салоллоҳу алайҳи васаллам) табассум қилиб, тушган оятни тиловат қилдилар:
قَدْ سَمِعَ اللَّهُ قَوْلَ الَّتِي تُجَادِلُكَ فِي زَوْجِهَا وَتَشْتَكِي إِلَى اللَّهِ وَاللَّهُ يَسْمَعُ تَحَاوُرَكُمَا إِنَّ اللَّهَ سَمِيعٌ بَصِيرٌ (1) الَّذِينَ يُظَاهِرُونَ مِنْكُمْ مِنْ نِسَائِهِمْ مَا هُنَّ أُمَّهَاتِهِمْ إِنْ أُمَّهَاتُهُمْ إِلَّا اللَّائِي وَلَدْنَهُمْ وَإِنَّهُمْ لَيَقُولُونَ مُنْكَرًا مِنَ الْقَوْلِ وَزُورًا وَإِنَّ اللَّهَ لَعَفُوٌّ غَفُورٌ (2)
“Эй Муҳаммад Аллоҳ ўз жуфти ҳақида сиз билан баҳслашаётган ва Аллоҳга арз қилаётган аёлнинг сўзини эшитди. Аллоҳ икковингизнинг сўзлашувунгизни эшитур. Албатта Аллоҳ эшитувчи ва кўрувчидир. Ораларингиздаги ўз хотинларини “зиҳор” қиладиган кишиларга улар (хотинларни алсо) оналари эмасдирлар. Уларнинг (чин) оналалари (уларни) туққан аёллардир. Улар, ҳақиқатан, номақбул ва ёлғон сўз айтурлар. (Лекин) Аллоҳ афв этувчи ва кечирувчидир”.
Ҳавла бинти Саълаба эрига бу хабарни айтганда Авс ниҳоятда севиниб кетди.
Ҳавла эрининг вафотидан сўнг турмуш қурмади. У эрига кўп ачинар, доим унинг ҳаққига дуо қилар эди. Эрига Аллоҳдан мағфират тиларди. Пайғамбар (салоллоҳу алайҳи васаллам) қачон Ҳавлани кўрсалар: “Ассалому алейкум, эй дуосини Аллоҳ ижобат этган аёл, эй сўзини Аллоҳ тинглаган аёл” деб саломлашар эдилар.
Бир куни Умар ибн Ҳаттоб (разияллоҳу анҳу) масжиддан қайтаётганда бир аёл йўлини тўсиб чиқиб, насиҳат қила бошлади: “Эй Умар сен бир вақтлар “Умарча” дейишарди, кейин “Умар” деб аталадиган бўлдининг. Бугун эса “Мўминлар амири” дейишмоқда. Эй Умар, маъсулят бобида Аллоҳ таолодан қўрқ, ким қиёмат кунидан қўрқса, ким ўлимдан қўрқса, ўткинчи нарсалар ҳам уни қўрқувга соладиган бўлади”.
Ҳамроҳлари Ҳазрати Умарга: “Шу кампирнинг гапини қулоқ солиб ўтирибсизми?” дейишди. Шунда Ҳазрати Умар: “Бу аёлнинг кимлигинни билмайсизми? У Авс ибн Сомитнинг хотини Ҳавла бинти Саълаба бўлади. Бу аёлнинг сўзини Аллоҳ таоло эшитган-у, Умар эшитмасинми?” дедилар.
Зиҳор муоммоси ҳал этилишида сабабчи бўлган тақводор, эрига вафодор бўлган бу аёл саҳобийялар ичида кўркам ва ифорли гул мисли яшаб ўтди. Аллоҳ таоло ундан рози бўлсин.
Давоми бор...
Манбалар асосида
Тошкент Ислом Институти 4-курс талабаси
Тожиддинов Абдуссомад Абдулбосит ўғли тайёрлади
Ҳаётда кўпинча тўғри йўналиш эмас, балки тезлашиш ўргатилади. Тезроқ юриш, тезроқ етиб бориш, ҳамма нарсани тезроқ бажариш... Лекин ҳеч ким тўхтаб: “Бунчалик шошилишдан мақсад нима?” деб сўрамайди. Инсон тинимсиз ҳаракатда бўлишни эришиш, табиий ҳаёт тарзи деб ўйлаб, сарфланаётган умри эвазига аслида нимага эришаётгани ҳақида ўйламай қўяди.
Баъзан йўлни йўқотдик, деб ўйлаймиз. Ҳолбуки, йўқоладиган нарса йўл эмас, балки тўғри йўналишдир. Бу йўналиш харитадаги чизиқлар ёки телефондаги йўл кўрсаткич эмас, балки Аллоҳ таоло борлиғимизга жо қилган ички йўналтиргич, яъни фитратимиздир.
Бу ички йўналтиргич баъзан тўғри томонни кўрсатмаётгандек туюлади. Дунё ташвишлари, нафс истаклари кўпайиб кетганида, у сарсон бўлади ё қотиб қолади. Шунда биз уни бузилди деб ўйлаймиз. Лекин фитрат бузилмайди, шунчаки биз унга аҳамият бермай қўйган бўламиз. Баъзилар бу йўналтиргични бошқаларнинг қўлига бериб қўяди...
Йўналишини йўқотган одам тўғри йўлга қайтиши керак. Бу қайтиш шунчаки бир манзилга қайтиб боришмас, балки ички дунёмиздаги тарқоқликни жамлаш, фитратимизга қайтишдир. Шунда инсон дунёнинг “ҳаммасига эришиш” васвасасидан халос бўлади. Ўтмишдаги хато ва синовлардан ибрат олади, аммо уларни ўзига оғир юк қилиб олмайди. Бошқалардан ва ҳаётдан жуда кўп нарса кутишни тўхтатади...
Ҳақиқий хотиржамлик – ҳамма нарса мукаммал бўлиши деганимас. Инсон ўз ҳаракат доираси чегарасига етганида Аллоҳнинг қазо ва қадарига рози бўлса хотиржамлик топади. Бу лоқайдлик эмас.
Мусулмон киши ҳам хурсанд бўлади, қайғуради, бошқалар каби яшайди. Лекин у ўткинчи туйғулар, орзу-ҳаваслар аро сарсон бўлиб қолмайди. Чунки дунёдаги ҳар бир ҳолат вақтинчалик синов эканини яхши англайди.
Инсон ўзлигига қайтганида бошқаларнинг юкини елкасига олишга уринмайди. Ёрдам беради, лекин ҳар ким ўз қисмати ва қилмиши учун ўзи масъул эканини тушунади. Бошқаларнинг айбига қарамай, ўз хатоларини тузатиш билан банд бўлади. Муҳими, ҳар ишида шошқалоқлик қилмайди. Чунки охиратга ва маънавий камолотга элтувчи йўлни шошиб босиб ўтиб бўлмаслигини билади.
Айтилганидек: “Ким ўзини таниса, Раббини танийди”. Бу мартабага эришган қалб эса ҳеч қачон адашмайди.
Абдулатиф АБДУЛЛОҲ