Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
26 Август, 2026   |   13 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:18
Қуёш
05:43
Пешин
12:25
Аср
17:09
Шом
19:10
Хуфтон
20:30
Bismillah
26 Август, 2026, 13 Рабиъул аввал, 1448

Буюк имом...

17.02.2017   12008   14 min.
Буюк имом...

Жонажон диёримиз қадим-қадимдан битмас-туганмас маънавий меросларни ўзида  жам этган, Ер юзидаги илм-фан ривожига ҳисса қўшган сон-саноқсиз уламоларни етиштирган муқаддас маскан, илм-маърифат бешиги десак хато қилмаган бўламиз. Биргина Термиз шаҳрини мисол тариқасида келтирадиган бўлсак, олимларнинг олиб борган тадқиқиотларига кўра Термизий номи билан машҳур бўлган уламолар адади жуда ҳам кўп экани шу заминда истиқомат қилаётган ҳар бир кишида ифтихор ҳиссини уйғотади.

Термизлик уламолар ҳақида гап кетар экан биринчи бўлиб Абу Исо ат-Термизий ҳақида сўз очмасликнинг иложи йўқ. Шу боисдан ҳам у зотнинг  ҳаётлари, илм таҳсил қилиш йўллари ва бизларга қолдирган бой илмий мероси борасида топганларимизни сизлар билан баҳам кўрамиз.  

Исмлари: Муҳаммад ибн Исо ибн Савра ибн Мусо ибн аз-Заҳҳокдир.[1]

Баъзи маълумотларда, Муҳаммад ибн Исо ибн Язид ибн Савра ибн Сакан[2] деб келтирилса, бошқалар Муҳаммад ибн Исо ибн Савра ибн Шаддод деганлар.[3] Аллома Ибн Касир раҳматуллоҳи алайҳ ибн Исо деб қўшимча қилганлар.[4]

Аммо алломанинг тўлиқ ва мукаммал исмини Муҳаммад ибн Исо ибн Саврадир, деб тарихчи олимлар келтирганлар ва шунга кўпчилик томонидан иттифоқ қилинган.[5]

У зотнинг исмига “Язид” деган қўшимчани Миззий ўзининг “Таҳзиб ал-камол” китобида келтирган.[6] Бироқ, у бу маълумотни кимдан олганлигини келтирмаган. Ундан олдин боболарининг исмларини келтирган. Шу маълумотлар Ибн Касирнинг “Ал-бидоя ва ан-ниҳоя” асарида ҳам мавжуд.

Нисбалари: Термизий, Буғий, Заририй, Суламийдир.

Термизий деб нисбат берилиши Термиз шаҳрига нисбатандир.

Буғий нисбалари эса, Термиз шаҳридан олти фарсах узоқликда жойлашган Буғ (ҳозирги Шеробод тумани) қишлоғ бўлиб, Имом Термизий у ерда вафот этиб, ўша жойга дафн этилгани учун ушбу ном қўшилган.[7]

Заририй тахаллуси аллома умрининг охирларида кўзлари ожиз бўлиб қолганлиги учун қўйилган.

Суламий нисбалари машҳур араб қабилаларидан бўлган Сулайм ибн Мансурга нисбатан берилган.[8] Сулайм ибн Фаҳм ибн Ғонамга нисбатан эмас.  Ҳофиз Юсуф ибн  Аҳмад Боғдодийдан нақл қилинишича, алломанинг боболари Марвлик бўлиб, Абу Лайс ибн Сайёр даврида Термизга кўчиб келиб қолишган.

Куняларига келсак, Абу Исо эканига ҳеч ким ихтилоф қилган эмас.

Туғилишлари: Имом Термизий ҳижрий учинчи асрда, аниқроғи ҳижрий 209 йилда таваллуд топганлар.

Ҳофиз Заҳабий “Сияр аълам ан-нубало” асарида У зотни ҳижрий 210 йил атрофида туғилган десалар,[9] Халил ас-Сифдий эса “ал-Вофий би ал-вафоёт” китобида “икки юз нечанчи (ўнгача бўлган саноқни назарда тутган) йилда туғилган”, деб айтган.[10]

Ҳофиз Ибн Асир “Жомеъ ал-усул” китобида ҳижрий 209 йил туғилган деб айтган.[11] Мазкур маълумотни Муҳаммад ибн Қосим Жассус ҳамда Сулаймон Жамал ўзларининг “Шамоил”га ёзган шарҳларида, Муҳаммад ибн Муҳаммад ал-Амир “Фиҳрист”ида, Муҳаммад Абдулҳай Лакнавий Саййид Шариф Журжонийнинг “Мухтасар”ига ёзган “Зофар ал-амоний”[12] номли шарҳида келтирганлар.

Имом Термизийнинг туғилган жойлари ҳақида манбаларда аниқ равшан келтирилмаган. Аниқроғи У Зот ўзи нисбат берилган шаҳарда туғилганлар. Негаки, у зотнинг туғилганлик нисбати бошқа ҳеч бир жойга берилмаган, валлоҳу аълам.

Имомнинг кўзи ожиз ҳолда туғилган, деган гапга келсак, бу гап “Имом Термизий маноқиблари ва имомларнинг у зот ҳақидаги мақтовлари” деб номланган қисмда Термизийнинг зеҳни ўткирлиги борасида келтириладиган қисса сабабли йўққа чиқади. Қиссада оқ вараққа қарар эдилар, умрининг охирларида кўзлари кўрмай қолган, деб айтилган. Биз қуйида келтирадиган  уламоларнинг сўзлари ҳам ушбу маълумотни тўғри эканини тасдиқлайди:

Ҳофиз ибн Юсуф  Аҳмад ал-Бағдодийнинг: “Имом умрининг охирида кўзлари кўрмай қолган”[13], деган.

   Ибн Касир: “Термизийнинг ҳолидан шуниси аён бўладики, кўзи ожизлик унга (кўп) юргани ва тинглагани, ёзгани ва ёдга олгани, текширгани ва тасниф этганидан сўнг етган”[14], деб айтган.

   Ҳофиз ибн Ҳажар ал-Асқалоний ҳам ўз “Таҳзиб” номли асарида келтирган фикр ҳам худди шундайдир.

Ҳофиз ибн Ҳажар Абу Аҳмад ал-Ҳокимнинг шундай деганини нақл қилади: “Умар ибн Илкнинг “Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий вафот этди. Ўзидан кейин Хуросонда илм ва тақвода  Абу Исога тенг келадиган меросхўр қолдирмади. (Абу Исо Бухорийнинг ўлими сабаб кўп) йиғлади, сўнг кўзи ожиз бўлиб қолди”, - деганини эшитдим.[15]

Илм талаби: Бошқа муҳаддис уламолар каби Имом Термизий ҳам илм талабида кўплаб шаҳарларда бўлганлар. У киши Ҳижоз, Басра, Куфа, Бағдод, Рай, Хуросон юртларида ҳадис эшитган. Шу маънода Ҳофиз Абу Бакр ибн Нуқта ўзининг “Ат-Тақйид ли маърифа ар-рувват ас-сунан ва ал-масанид” асарида шуни айтиб ўтган ва уларнинг баъзиларини исмини ҳам келтирган.

Ҳофиз Миззий айтади: “Термизий шаҳарларга сафар қилди ва Хуросонликлар, Ироқликлар, Ҳижозликлар ва улардан бошқа жуда кўп шайхлардан ҳадис эшитган”[16].

Имом Термизий Миср ва Шомга сафар қилмаган. Балки, бу юртларнинг шайхларидан билвосита ривоят қилган. Доктор Нуриддин Итр айтади: “Миср ва Шом шаҳарларига Термизийнинг кирмагани тасодифан эмас. Бунга сабаб ҳолатлар ва фитналарнинг ғалаёни бўлгани бўлса не ажаб!”. Яна қўшимча қилиб шундай дейди: “Тўғрироғи шуки, Имом Термизий Бағдодга ҳам келмаган. Агар у Бағдодга кирганда буюк имом Аҳмад ибн Ҳанбалдан ҳадис эшитган бўлар эди. Лекин Термизийни у кишидан ҳадис эшитгани ҳақида хабар келмаган. Бу гапни Хатиб Бағдодий ўзининг “Тарихи Бағдод” асарида Термизийни зикр қилмаганлигидан билиб оламиз”[17]

Бу ҳақда бошқа қараш ҳам бор. Ибн Нуқта ўзининг “Тақйид” асарида имом Термизий Бағдодда Ҳасан ибн Сабоҳ, Аҳмад ибн Ҳассон ибн Маймун, Аҳмад ибн Маниъ, Муҳаммад ибн Исҳоқ ас-Соғонийдан ҳадис ривоят қилган.

Устозлари. Имом Термизий жуда ҳам кўп шайхлардан ҳадис ривоят қилганлар. Агар Термизийнинг ҳадис ривоятидаги қайси шаҳарларга сафарлари саҳифаларини варақласангиз, у кишининг шайхлари икки юзлаб бўлганига гувоҳ бўлишингиз мумкин.

 Имом Бухорий ва Имом Муслимларга битта шайх (устоз)да шерик бўлган. Шунингдек, Имом Бухорийнинг ўзига бир қанча шайх (устоз)ларда, Имом Муслимга эса бошқа Имом Бухорий улардан ҳадис тингламаган бир неча шайх (устоз)ларда шерик бўлган. Шу билан бирга, Имом Термизий бешта муҳаддисдан алоҳида ҳолда ўзи якка қирқ иккита шайхдан ривоят қилган.

Имом Термизий бешта машҳур муҳаддис – имом Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Насоий ва Ибн Можалар улардан ривоят қилган тўққизта шайхдан ҳадис айтган. Улар:

Муҳаммад ибн Башшор Набдор,  Муҳаммад ибн Мусний Абу Мусо, Зиёд ибн Яҳё ал-Ҳасаний,  Аббос ибн Абдулазим ал-Анбарий,  Абу Саъид ал-Ашаҳ Абдуллоҳ ибн Саъид ал-Киндий,  Абу Ҳафс Амр ибн Али ал-Фаллоҳ, Муҳаммад ибн Муъаммар ал-Қайсий ал-Баҳроний, Яъқуб ибн Иброҳим ад-Давроқий, Наср ибн Али ал-Жаҳзомийлардир.

Имом Термизий Имом Бухорийга шогирд тушиб, Узотдан ҳам ҳадис ривоят қилган.

Имом Абу Исо Термизий илм учун сафарбар қилинган, ҳадис илмини эгаллаш ва ёзиб қолдириш истагида сафарлар билан кечган мазмунли умрдан сўнг ҳижрий 279 йил, ражаб ойида Термизга қарашли, ундан олти фарсах узоқликда жойлашган Буғ қишлоғида Роббилари ҳузурига риҳлат қилдилар.

Уламоларнинг у зот ҳақида айтилган сўзлари:

Абу Саъд ал-Идрисий ал-Ҳофиз айтади:  “Муҳаммад ибн Ийсо ибн Савра ибн Мусо ибн Заҳҳак ас-Суламий  ал-Ҳофиз аз-Зарир (кўзи ожиз) Термизий  ҳадис илмида эргашиладиган имомлардандир. Жомеъ, тарих, илал борасида ёзган асарлари ҳақиқий моҳир олим кишининг китобидир. У кишининг хотиралари зарбул масал қилинган”.

Ҳофиз Абу Яъло ал-Холилий: “Абу Исо.... ишончли, унга (уламолар томонидан) иттифоқ қилинган. Омонатдорлик ва илми билан танилган”, деган.

Ас-Самъоний шундай дейдилар: “У шубҳасиз, ўз асрнинг тенги  йўқ имомидир.

Ибн Асир Жазарий айтадилар: “У Имом Ҳофиз эди. Ва чиройли таснифлари бор эди. Ҳадис фани бўйича китоблари кўп бўлиб улардан машҳури “Ал-жомеъ ал-кабир” китобидир”.

Яна айтадиларки: “(У зот) машҳур ҳофиз олимлардан биридир. Ва фиқҳда  ҳам забардаст эдилар”.[18]

Абул Фидо айтадилар: “У  Ҳофиз, имом, шу қаторда кўзи ҳам ожиз эдилар. Ҳадис илмида унга эргашиладиган улуғ имомлардан эди”.[19]

Ҳоким Абу Аҳмад айтадилар: “Умар ибн Илкнинг бундай деганларини эшитдим: “Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий вафот этди. Ўзидан кейин Хуросонда илм ва тақвода  Абу Исо (имом Термизий)га тенг келадиган меросхўр қолдирмади . (Абу Исо Бухорийнинг ўлими сабаб кўп) йиғлади, сўнг кўзи ожиз бўлиб қолди”.[20]

Абу Фазл Ал-Байламоний айтади: “Наср ибн Муҳаммад аш-Шеркуҳийнинг: “Мен Муҳаммад ибн Исо ат-Термизийнинг Муҳаммад ибн Исмоил менга сен мендан фойдаланганингдан кўра, мен сендан кўпроқ фойда олдим, дедилар”,- деганларини эшитдим”-деган.[21]

Абу Хотам ибн Ҳиббон: “Термизий  ҳадисларни жамлаган, ёзган, уларни ёдлаб айтиб бергувчи зокирлардан эди”,- деган.[22]

Исъардий айтадилар: “Абу Исонинг кўп фазилатлари бўлиб, улар бошқалар томонидан тўпланиб, ривоят қилинган ва кўпчилик бу хабарлардан воқиф эди. Унинг китоби мақбул, боблари ва фаслларида келтирилган ҳадислар саҳиҳ эканлигига улуғ олимлар, фазилатли шайхлар, фақиҳлар ва ўз илмининг билимдони ҳисобланган ҳадис ҳофизлари иттифоқ қилган беш китобнинг биридир”.[23]

Ҳофиз Абул Ҳажжож ал-Миззий  айтади: “Абу Исо машхур ҳофиз имомларидан бири ва Аллоҳ у билан мусулмонларни фойдалантирган инсондир”.[24]

Абу Жаъфар ибн аз-Зубайр айтади: “Ҳадис фанига оид илмларда Термизийга бирор кимса тенглаша олмаган”.[25]

Мулла Али ал-Қорий: “(У зот) Ҳужжат (деб номланган, айтгани суриштирилмасдан далил бўладиган) ягона имом. Ишончли, моҳир ҳофиздир”,[26]- деб айтган.

Ибн Аммод ал-Ҳанбалий Термизий ҳақида: “Ибн Исо замондошлари орасида энг машхур, кучли хотира ва моҳирликда эса мўъжиза эди”[27], деганлар.

Олимлар ва ҳофизлар томонидан Имом Термизий ҳақидаги айтилган бу мақтовлар  у зотнинг ҳадис илмида пойқадами қутлуғ, юрган йўли тўғри, табаррук, салафи солиҳларнинг ишларини пухта ва ишончли эгаллагани ва бундан ташқари тақво ва зуҳдда тенгсиз эканига уламолар иттифоқ қилганини кўрсатиб беради. Имом Бухорийдек муҳаддислар султонининг Имом Термизийдан ҳадис ривоят қилгани ва“Сен мендан фойдаланганингдан кўра, мен сендан кўпроқ фойда олдим”, деган сўзлари Имом Термизийнинг мартабалари нақадар баланд эканига далолатдир.

Ислом дини ривожига улкан ҳисса қўшган буюк аллома, ватандошимиз Абу Исо Термизий (Имом Термизий) ва Термизий тахаллуси билан ижод қилганалломаларнинг беназир меросини илмий асосда чуқур ўрганиш, муқаддас юртимиз замини азал-азалдан улуғ алломалар, азиз-авлиёлар ватани бўлиб келганини юртдошларимиз ва халқаро жамоатчилик ўртасида кенг тарғиб қилиш, миллий-диний қадриятларимизни асраб-авайлаш ва ривожлантириш, шу асосда ёш авлодни эзгу ғоялар руҳида тарбиялаш, уларнинг қалбида Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғусини янада кучайтириш мақсадидаЎзбекистон Республикаси Президентининг “Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори аввало халқимиз, қолаверса барча илм аҳлларига қувончли хабар бўлди. Мазкур ўз вақтида чиқарилган Қарор улуғ аждодларимиз ва уларнинг илмий меросини тадқиқ қилиш ва абадийлаштириш йўлида барча илм аҳлларига  куч-ғайрат, шижоат бағишлайди, деган умиддамиз.

Жалолиддин Ҳамроқулов

Тошкент ислом институти “Таҳфизул-Қуръон” кафедраси мудири

 

[1]“Фазоилул-китоб ал-жомеъ”, 96 б; Таҳзийбул-камол, 26/250.

[2]“Таҳзийб ат-таҳзийб”,  9/387.

[3]“Ал-иршод ила маърифатил-уламоил-ҳадис”, 3/904; “ал-Ансоб”, 2/361; 3/41

[4]“Ал-бидоя ван-ниҳоя”, 11/66

[5]Ибн Ҳиббоннинг “ас-сиқот” асари 9/153, Суюутийнинг “тобақотул-ҳуффоз” асари 282.

[6]“Таҳзийбул-камол”, 26/250.

[7]“Ал-Ансоб” 2/361; “Ан-нафҳуш-шазий” 1/167

[8]“Ал-Ансоб” 7/170,171;  “Ан-нафҳуш-шазий” 1/171.

[9]“Сияру аъламин-нубало” 13/371

[10]“ал-Вофий бил-вафоёт” 4/290

[11]“Жомеъул-усул” 1/193

[12]“зофарул-аманий”,  555-б.

[13]“Фазоилул-китабил-жомеъ”, 40-б, “Таҳзийб ат-таҳзийб”,9/389

[14]“Ал-бидоя ван-ниҳоя”, 11/67

[15]“Таҳзийб ат-таҳзийб”,9/389

[16]“Таҳзибул-Камол” 26/250/251.

[17]“Имом Термизий” асари, 23-бет.

[18]“Жомеъул-усул”, 1/114.

[19]“Ал-мухтасар”, 1/71.

[20]“Таҳзийб ат-таҳзийб”,9/389, яна “Тазкиротул-ҳуффоз” ва “Сияру аъламин-нубало” китобларидаги Имом Термизийнинг таржимаи ҳолларида ҳам келган.

[21]“Таҳзийб ат-таҳзийб”,9/389

[22]“Ас-сиқот” 9/103

[23]“Фазоилул-китаб ал-жомеъ”, 30-б.

[24]“Таҳзийбул-камол” 26/250.

[25]“Қутул-муғтазий” 6-б.

[26]“Ал-мирқотул-мафотиҳ” 1/21.

[27]“Шазаротуз-заҳаб”, 2/174.

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

МУҚАДДАС ҚАДРИЯТ ВА УНИ НИҚОБ ҚИЛГАН МАНФУР СИЁСАТ: ШАҲИДЛИК МАСАЛАСИНИНГ БУГУНГИ КУНДАГИ ТАЛҚИНИ

26.08.2026   2974   8 min.
МУҚАДДАС ҚАДРИЯТ ВА УНИ НИҚОБ ҚИЛГАН МАНФУР СИЁСАТ: ШАҲИДЛИК МАСАЛАСИНИНГ БУГУНГИ КУНДАГИ ТАЛҚИНИ

“Шаҳид” сўзи “ҳозир”, “гувоҳ”, “ўз билганлари ҳақида хабар берувчи” маъноларини ифодалайди. Шунингдек, “Шаҳид” Аллоҳ таолонинг исмларидан бири бўлиб, “гувоҳлиги ишончли, ҳар доим ҳозир бўлувчи Зот” деган маъноларни англатади.

“Шаҳид” сўзи умумий тарзда Аллоҳнинг йўлида ҳалок бўлган шахсга нисбатан ишлатилади.

Шаҳидлик – Аллоҳнинг розилиги йўлида жонини фидо қилган, иймон-эътиқоди ва номусини сақлаш йўлида золим душман қўлида қатл қилинган кишиларга Аллоҳ томонидан бериладиган даражадир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида вабодан, ички касалликлардан, фожиали фалокатдан вафот этганларни ҳам шаҳидлик даражасини топиши хабар берилган.

Ислом динида шаҳидларнинг мартабаси ва уларнинг мақоми алоҳида қадрланади. Бироқ айрим кимсалар шаҳидликни уруш-жанжаллар майдонида ўлган одам билан чегаралаб қўйиб, хато тасаввурга эга бўлиб юришади. Зотан, жангу жадалда ўлиш шаҳидликка шарт қилинган эмас!

Баъзилар эса ўз-ўзини ўлдириб, портлатиб юборишни ҳам шаҳидлик деб одамларни алдайдилар. Ўз-ўзини ўлдириш шаҳидлик эмас. Аслида, бу икки ҳолатсиз ҳам инсон шаҳидлик мартабасига эга бўлиши мумкин. Зеро, Ҳабибимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан келган ҳадиси шарифда қуйидагиларни кўришимиз мумкин.

Саҳл ибн Ҳунайф розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳдан сидқидилдан шаҳидликни сўраса, гарчи кўрпасида ўлса ҳам, Аллоҳ уни шаҳидлар мартабасига етказади”, дедилар (Имом Муслим, Имом Абу Довуд, Имом Термизий ривояти).

Имом Термизий келтирган ривоятда: “Ким Аллоҳдан Унинг йўлида содиқлик ила, чин қалбдан қатл бўлишни сўраса, Аллоҳ унга шаҳиднинг ажрини беради”, дейилган.

Ниятни холис қилиб, жамиятдан ажралмаган ҳолда, ота-онаси бағрида, оиласи даврасида, дўсту ёрлари билан биргаликда, ватанига хизмат қилиб юриб ҳам шаҳидлик мартабасига эга бўлиб, обрў-эътибор ва ёруғ юз билан дунёдан ўтаётган табаррук шаҳид зотлар жуда кўп. Шулардан ўрнак олишимиз лозим бўлади.

Шаҳидлик ҳақида бир қанча шаръий ҳукмлар, фатволар, баёнотлар мавжуд.

Аввало, шуни билиш лозимки, шаҳидлар икки хил бўлади:

1. “Шаҳиди аъло” – “олий даражадаги шаҳид”. Ватан учун бўлган жангу жадалда, душманлар билан бўлган урушда, Аллоҳнинг калимасини олий қилиш учун бўлаётган жиҳодда ўлганлар. Шунингдек, ўз юртида, ўз оиласида тинчлик-осойишталикда ҳаёт кечираётганида биров зулм қилиб ёки оиласини ҳимоя қилиш натижасида қасддан тиғли асбоб (пичоқ, болта, ўқ) билан ўлдириб кетса, у “шаҳиди аъло” – “олий даражадаги шаҳид” бўлади.

2. “Шаҳиди ҳукмий” – “шаҳид бўлган деб ҳукм қилинган”. Жангу жадалда тиғли асбоб (пичоқ, болта, ўқ) билан яраланиб, уруш майдонидан чиқарилгандан кейин ўлганлар. Бу ҳолатда касалхонага олиб борилса, дори-дармон ёки таом еб-ичса, намоз вақти бўлганини билса, васият қилса, ана ундан кейин вафот қилса, “шаҳиди ҳукмий” бўлади.

Шунингдек, ўз юртида, ўз оиласида тинчлик-осойишталикда ҳаёт кечираётганида биров томонидан зулм қилиб, қасддан тош ва таёқ (тиғсиз нарсалар) кабилар билан қатл этилганлар ёки бўғиб ўлдириб кетилганлар ҳам “шаҳиди ҳукмий” ҳисобланади.

Таниқли ҳанафий олими Ибн Обидин раҳимаҳуллоҳ “Раддул муҳтор”да келтиришича, гуноҳ сабабли ўлган кимса шаҳид, деб ҳукм қилинмайди. Гуноҳ оқибатида вафот қилган одам шаҳид ҳисобланмайди.

Масалан, ноҳақ одам ўлдираётиб, уни ҳам ўлдиришса, у шаҳид бўлмайди. Бегуноҳ одамларни ўлдириб юрган кимса жангда ўлдирилса, у шаҳид ҳисобланмайди. Бу худди ўғрилик қилаётиб, йиқилиб ўлган кимсага ўхшайди. Ароқ ичавериб-ичавериб, ароққа ёрилиб ўлса, у ҳам шаҳид бўлмайди. Биров зино сабабли ҳомиладор бўлиб, бола туғаётиб ўлса, шаҳид бўлди, деб ҳукм қилинмайди. Бу Имом Рамлий раҳимаҳуллоҳнинг ҳам қарашидир (Ибн Обидин. “Раддул муҳтор”).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилганларидек қуйидаги кишилар шаҳидлик мақомига эга бўладилар. Аммо булар ичида ўзини ўзи портлатган, ўзгани ўлдирганлар йўқ.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Вабога йўлиқиб ўлиш, сувга чўкиб ўлиш, қорин оғриғи билан ўлиш, оловга куйиб ўлиш, аёллар нифос пайтида, яъни бола туғаётганида ўлиши умматимнинг шаҳидлигидир!” (Имом Суютий “Жомеъ ас-сағир”).

Ёки бешта шаҳидликни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидагича санаганлар: “Аллоҳ йўлида юрганида ўлдирилган кимса шаҳиддир, қорин оғриғи билан ўлган кимса шаҳиддир, ўлатга йўлиқиб ўлган шаҳиддир, сувга ғарқ бўлиб ўлган шаҳиддир, аёллар туғаётганида ўлса шаҳиддир” (Имом Табароний ривояти).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шаҳидликнинг етти турини ҳам санаганлар. Улар орасида ҳам ўзини ўзи ўлдириш йўқ, мусулмонларни ўлдириш ҳам йўқ: “Шаҳидлик Аллоҳ йўлида юрганда ўлдирилишдан ташқари еттитадир. Ўлатга йўлиқиб ўлган шаҳиддир; қорин оғриғи билан ўлган киши шаҳиддир; ғарқ бўлиб ўлган киши шаҳиддир; вайронагарликда қолиб кетган (масалан, зилзилада) киши шаҳиддир; зотилжам касалидан ўлган киши шаҳиддир; оловда куйиб ўлган киши шаҳиддир; туғаётиб ўлган аёл шаҳиддир” (Имом Насоий, Имом Табароний ривояти).

Хуллас, “Дуррул мухтор” ва “Раддул муҳтор” асарларида қуйидагиларни шаҳидлар қаторида бўлиши санаб ўтилган:

⏺ Зотилжам касалига йўлиқиб вафот этганлар.

⏺ Илм талабида юрганда ўлганлар.

⏺ Душман билан курашиб ўлганлар.

⏺ Ғарқ бўлганлар.

⏺ Оловда куйиб, тасодифан ўт ичида қолиб ўлганлар (ўзини ёққанлар эмас).

⏺ Мусофирчиликда қийналиб ўлганлар.

⏺ Девор остида, зилзилада қолганлар.

⏺ Қорин оғриқ билан ўлганлар.

⏺ Бола туғиб, нифос қони кўраётган аёллар.

⏺ Жума кечаси вафот топганлар.

⏺ Сил касалидан ўлганлар.

⏺ Қаттиқ иситма таъсирида вафот топганлар.

⏺ Оиласи, мол-дунёси ва қонини ҳимоя қилаётиб ўлганлар.

⏺ Гуноҳ бўлмаган кучли ишқ-муҳаббат оқибатида ўлганлар.

⏺ Йиртқич ва ваҳший ҳайвон ёргани ва шохлагани оқибатида ўлганлар.

⏺ Подшоҳнинг зулмига учраб, ноҳақ қамалгани сабабли қамоқда ўлганлар.

⏺ Золимлар уриб-уриб ўлдириб қўйганлар.

⏺ Чаён ёки илон чақиб ўлганлар.

⏺ Холис муаззинлик қилиб вафот топганлар.

⏺ Тўғрисўз ва ҳалол савдогар бўлиб вафот топганлар.

⏺ Оиласини таъминлаш мақсадида ҳалол касб-кор қилиб юрганида вафот топганлар.

⏺ Қайт қилиш касалига мубтало бўлиб, кучли қайт қилавериш оқибатида қийналиб вафот топганлар.

⏺ Эрига рашк қилавериб, бу рашкига сабр қилиб вафот топган аёллар.

⏺ Ҳар куни: “Аллоҳумма, барик лий фил-мавти ва фийма баъд ал-мавти!” (“Аллоҳим, менга ўлганимда ҳам, ўлгандан кейин ҳам барака бер!”) деб 25 марта айтиб юрганлар.

⏺ Ҳар куни “зуҳо” – чошгоҳ намозини ўқишни одат қилганлар.

⏺ Рамазонда тўлиқ ва ҳар ой 3 кун рўза тутишни одат қилганлар.

⏺ Уйда ҳам, сафрада ҳам, ҳар куни витр намозини канда қилмаганлар.

⏺ Фисқу-фасод кўпайган замонларда суннатларни маҳкам тутганлар.

⏺ Касал ва бемор бўлганида 40 марта “Лаа илаҳа илла анта! Субҳанака, инний кунту миназ-золимийн” (“Сендан ўзга илоҳ йўқ! Сен жуда ҳам поксан! Мен эса ўзимга зулм қилувчиларданман!”) дейишни одат қилганлар.

⏺ Вабо, ўлат каби касалликлардан ўлганлар.

Демак, мусулмон банда Аллоҳ таолонинг раҳматидан ноумид бўлиши керак эмас. Инсон ўз уйида, ўз тўшагида жон берса ҳам, шаҳидлик мақомига муяссар бўлаверади. Аллоҳнинг марҳамати кенг, бандасига шаҳидлик мақомини бериб ҳам охиратдаги мартабасини юксак қилаверади. Юқорида таъкидланганидек, инсон ноҳақ одам ўлдириш билан ёки ўз-ўзини қурбон қилиш билан шаҳид бўла олмайди.

 

Ўткирбек Собиров

Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходими

Тошкент ислом институти ўқитувчиси

МАҚОЛА