Жонажон диёримиз қадим-қадимдан битмас-туганмас маънавий меросларни ўзида жам этган, Ер юзидаги илм-фан ривожига ҳисса қўшган сон-саноқсиз уламоларни етиштирган муқаддас маскан, илм-маърифат бешиги десак хато қилмаган бўламиз. Биргина Термиз шаҳрини мисол тариқасида келтирадиган бўлсак, олимларнинг олиб борган тадқиқиотларига кўра Термизий номи билан машҳур бўлган уламолар адади жуда ҳам кўп экани шу заминда истиқомат қилаётган ҳар бир кишида ифтихор ҳиссини уйғотади.
Термизлик уламолар ҳақида гап кетар экан биринчи бўлиб Абу Исо ат-Термизий ҳақида сўз очмасликнинг иложи йўқ. Шу боисдан ҳам у зотнинг ҳаётлари, илм таҳсил қилиш йўллари ва бизларга қолдирган бой илмий мероси борасида топганларимизни сизлар билан баҳам кўрамиз.
Исмлари: Муҳаммад ибн Исо ибн Савра ибн Мусо ибн аз-Заҳҳокдир.[1]
Баъзи маълумотларда, Муҳаммад ибн Исо ибн Язид ибн Савра ибн Сакан[2] деб келтирилса, бошқалар Муҳаммад ибн Исо ибн Савра ибн Шаддод деганлар.[3] Аллома Ибн Касир раҳматуллоҳи алайҳ ибн Исо деб қўшимча қилганлар.[4]
Аммо алломанинг тўлиқ ва мукаммал исмини Муҳаммад ибн Исо ибн Саврадир, деб тарихчи олимлар келтирганлар ва шунга кўпчилик томонидан иттифоқ қилинган.[5]
У зотнинг исмига “Язид” деган қўшимчани Миззий ўзининг “Таҳзиб ал-камол” китобида келтирган.[6] Бироқ, у бу маълумотни кимдан олганлигини келтирмаган. Ундан олдин боболарининг исмларини келтирган. Шу маълумотлар Ибн Касирнинг “Ал-бидоя ва ан-ниҳоя” асарида ҳам мавжуд.
Нисбалари: Термизий, Буғий, Заририй, Суламийдир.
Термизий деб нисбат берилиши Термиз шаҳрига нисбатандир.
Буғий нисбалари эса, Термиз шаҳридан олти фарсах узоқликда жойлашган Буғ (ҳозирги Шеробод тумани) қишлоғ бўлиб, Имом Термизий у ерда вафот этиб, ўша жойга дафн этилгани учун ушбу ном қўшилган.[7]
Заририй тахаллуси аллома умрининг охирларида кўзлари ожиз бўлиб қолганлиги учун қўйилган.
Суламий нисбалари машҳур араб қабилаларидан бўлган Сулайм ибн Мансурга нисбатан берилган.[8] Сулайм ибн Фаҳм ибн Ғонамга нисбатан эмас. Ҳофиз Юсуф ибн Аҳмад Боғдодийдан нақл қилинишича, алломанинг боболари Марвлик бўлиб, Абу Лайс ибн Сайёр даврида Термизга кўчиб келиб қолишган.
Куняларига келсак, Абу Исо эканига ҳеч ким ихтилоф қилган эмас.
Туғилишлари: Имом Термизий ҳижрий учинчи асрда, аниқроғи ҳижрий 209 йилда таваллуд топганлар.
Ҳофиз Заҳабий “Сияр аълам ан-нубало” асарида У зотни ҳижрий 210 йил атрофида туғилган десалар,[9] Халил ас-Сифдий эса “ал-Вофий би ал-вафоёт” китобида “икки юз нечанчи (ўнгача бўлган саноқни назарда тутган) йилда туғилган”, деб айтган.[10]
Ҳофиз Ибн Асир “Жомеъ ал-усул” китобида ҳижрий 209 йил туғилган деб айтган.[11] Мазкур маълумотни Муҳаммад ибн Қосим Жассус ҳамда Сулаймон Жамал ўзларининг “Шамоил”га ёзган шарҳларида, Муҳаммад ибн Муҳаммад ал-Амир “Фиҳрист”ида, Муҳаммад Абдулҳай Лакнавий Саййид Шариф Журжонийнинг “Мухтасар”ига ёзган “Зофар ал-амоний”[12] номли шарҳида келтирганлар.
Имом Термизийнинг туғилган жойлари ҳақида манбаларда аниқ равшан келтирилмаган. Аниқроғи У Зот ўзи нисбат берилган шаҳарда туғилганлар. Негаки, у зотнинг туғилганлик нисбати бошқа ҳеч бир жойга берилмаган, валлоҳу аълам.
Имомнинг кўзи ожиз ҳолда туғилган, деган гапга келсак, бу гап “Имом Термизий маноқиблари ва имомларнинг у зот ҳақидаги мақтовлари” деб номланган қисмда Термизийнинг зеҳни ўткирлиги борасида келтириладиган қисса сабабли йўққа чиқади. Қиссада оқ вараққа қарар эдилар, умрининг охирларида кўзлари кўрмай қолган, деб айтилган. Биз қуйида келтирадиган уламоларнинг сўзлари ҳам ушбу маълумотни тўғри эканини тасдиқлайди:
Ҳофиз ибн Юсуф Аҳмад ал-Бағдодийнинг: “Имом умрининг охирида кўзлари кўрмай қолган”[13], деган.
Ибн Касир: “Термизийнинг ҳолидан шуниси аён бўладики, кўзи ожизлик унга (кўп) юргани ва тинглагани, ёзгани ва ёдга олгани, текширгани ва тасниф этганидан сўнг етган”[14], деб айтган.
Ҳофиз ибн Ҳажар ал-Асқалоний ҳам ўз “Таҳзиб” номли асарида келтирган фикр ҳам худди шундайдир.
Ҳофиз ибн Ҳажар Абу Аҳмад ал-Ҳокимнинг шундай деганини нақл қилади: “Умар ибн Илкнинг “Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий вафот этди. Ўзидан кейин Хуросонда илм ва тақвода Абу Исога тенг келадиган меросхўр қолдирмади. (Абу Исо Бухорийнинг ўлими сабаб кўп) йиғлади, сўнг кўзи ожиз бўлиб қолди”, - деганини эшитдим.[15]
Илм талаби: Бошқа муҳаддис уламолар каби Имом Термизий ҳам илм талабида кўплаб шаҳарларда бўлганлар. У киши Ҳижоз, Басра, Куфа, Бағдод, Рай, Хуросон юртларида ҳадис эшитган. Шу маънода Ҳофиз Абу Бакр ибн Нуқта ўзининг “Ат-Тақйид ли маърифа ар-рувват ас-сунан ва ал-масанид” асарида шуни айтиб ўтган ва уларнинг баъзиларини исмини ҳам келтирган.
Ҳофиз Миззий айтади: “Термизий шаҳарларга сафар қилди ва Хуросонликлар, Ироқликлар, Ҳижозликлар ва улардан бошқа жуда кўп шайхлардан ҳадис эшитган”[16].
Имом Термизий Миср ва Шомга сафар қилмаган. Балки, бу юртларнинг шайхларидан билвосита ривоят қилган. Доктор Нуриддин Итр айтади: “Миср ва Шом шаҳарларига Термизийнинг кирмагани тасодифан эмас. Бунга сабаб ҳолатлар ва фитналарнинг ғалаёни бўлгани бўлса не ажаб!”. Яна қўшимча қилиб шундай дейди: “Тўғрироғи шуки, Имом Термизий Бағдодга ҳам келмаган. Агар у Бағдодга кирганда буюк имом Аҳмад ибн Ҳанбалдан ҳадис эшитган бўлар эди. Лекин Термизийни у кишидан ҳадис эшитгани ҳақида хабар келмаган. Бу гапни Хатиб Бағдодий ўзининг “Тарихи Бағдод” асарида Термизийни зикр қилмаганлигидан билиб оламиз”[17].
Бу ҳақда бошқа қараш ҳам бор. Ибн Нуқта ўзининг “Тақйид” асарида имом Термизий Бағдодда Ҳасан ибн Сабоҳ, Аҳмад ибн Ҳассон ибн Маймун, Аҳмад ибн Маниъ, Муҳаммад ибн Исҳоқ ас-Соғонийдан ҳадис ривоят қилган.
Устозлари. Имом Термизий жуда ҳам кўп шайхлардан ҳадис ривоят қилганлар. Агар Термизийнинг ҳадис ривоятидаги қайси шаҳарларга сафарлари саҳифаларини варақласангиз, у кишининг шайхлари икки юзлаб бўлганига гувоҳ бўлишингиз мумкин.
Имом Бухорий ва Имом Муслимларга битта шайх (устоз)да шерик бўлган. Шунингдек, Имом Бухорийнинг ўзига бир қанча шайх (устоз)ларда, Имом Муслимга эса бошқа Имом Бухорий улардан ҳадис тингламаган бир неча шайх (устоз)ларда шерик бўлган. Шу билан бирга, Имом Термизий бешта муҳаддисдан алоҳида ҳолда ўзи якка қирқ иккита шайхдан ривоят қилган.
Имом Термизий бешта машҳур муҳаддис – имом Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Насоий ва Ибн Можалар улардан ривоят қилган тўққизта шайхдан ҳадис айтган. Улар:
Муҳаммад ибн Башшор Набдор, Муҳаммад ибн Мусний Абу Мусо, Зиёд ибн Яҳё ал-Ҳасаний, Аббос ибн Абдулазим ал-Анбарий, Абу Саъид ал-Ашаҳ Абдуллоҳ ибн Саъид ал-Киндий, Абу Ҳафс Амр ибн Али ал-Фаллоҳ, Муҳаммад ибн Муъаммар ал-Қайсий ал-Баҳроний, Яъқуб ибн Иброҳим ад-Давроқий, Наср ибн Али ал-Жаҳзомийлардир.
Имом Термизий Имом Бухорийга шогирд тушиб, Узотдан ҳам ҳадис ривоят қилган.
Имом Абу Исо Термизий илм учун сафарбар қилинган, ҳадис илмини эгаллаш ва ёзиб қолдириш истагида сафарлар билан кечган мазмунли умрдан сўнг ҳижрий 279 йил, ражаб ойида Термизга қарашли, ундан олти фарсах узоқликда жойлашган Буғ қишлоғида Роббилари ҳузурига риҳлат қилдилар.
Уламоларнинг у зот ҳақида айтилган сўзлари:
Абу Саъд ал-Идрисий ал-Ҳофиз айтади: “Муҳаммад ибн Ийсо ибн Савра ибн Мусо ибн Заҳҳак ас-Суламий ал-Ҳофиз аз-Зарир (кўзи ожиз) Термизий ҳадис илмида эргашиладиган имомлардандир. Жомеъ, тарих, илал борасида ёзган асарлари ҳақиқий моҳир олим кишининг китобидир. У кишининг хотиралари зарбул масал қилинган”.
Ҳофиз Абу Яъло ал-Холилий: “Абу Исо.... ишончли, унга (уламолар томонидан) иттифоқ қилинган. Омонатдорлик ва илми билан танилган”, деган.
Ас-Самъоний шундай дейдилар: “У шубҳасиз, ўз асрнинг тенги йўқ имомидир.
Ибн Асир Жазарий айтадилар: “У Имом Ҳофиз эди. Ва чиройли таснифлари бор эди. Ҳадис фани бўйича китоблари кўп бўлиб улардан машҳури “Ал-жомеъ ал-кабир” китобидир”.
Яна айтадиларки: “(У зот) машҳур ҳофиз олимлардан биридир. Ва фиқҳда ҳам забардаст эдилар”.[18]
Абул Фидо айтадилар: “У Ҳофиз, имом, шу қаторда кўзи ҳам ожиз эдилар. Ҳадис илмида унга эргашиладиган улуғ имомлардан эди”.[19]
Ҳоким Абу Аҳмад айтадилар: “Умар ибн Илкнинг бундай деганларини эшитдим: “Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий вафот этди. Ўзидан кейин Хуросонда илм ва тақвода Абу Исо (имом Термизий)га тенг келадиган меросхўр қолдирмади . (Абу Исо Бухорийнинг ўлими сабаб кўп) йиғлади, сўнг кўзи ожиз бўлиб қолди”.[20]
Абу Фазл Ал-Байламоний айтади: “Наср ибн Муҳаммад аш-Шеркуҳийнинг: “Мен Муҳаммад ибн Исо ат-Термизийнинг Муҳаммад ибн Исмоил менга сен мендан фойдаланганингдан кўра, мен сендан кўпроқ фойда олдим, дедилар”,- деганларини эшитдим”-деган.[21]
Абу Хотам ибн Ҳиббон: “Термизий ҳадисларни жамлаган, ёзган, уларни ёдлаб айтиб бергувчи зокирлардан эди”,- деган.[22]
Исъардий айтадилар: “Абу Исонинг кўп фазилатлари бўлиб, улар бошқалар томонидан тўпланиб, ривоят қилинган ва кўпчилик бу хабарлардан воқиф эди. Унинг китоби мақбул, боблари ва фаслларида келтирилган ҳадислар саҳиҳ эканлигига улуғ олимлар, фазилатли шайхлар, фақиҳлар ва ўз илмининг билимдони ҳисобланган ҳадис ҳофизлари иттифоқ қилган беш китобнинг биридир”.[23]
Ҳофиз Абул Ҳажжож ал-Миззий айтади: “Абу Исо машхур ҳофиз имомларидан бири ва Аллоҳ у билан мусулмонларни фойдалантирган инсондир”.[24]
Абу Жаъфар ибн аз-Зубайр айтади: “Ҳадис фанига оид илмларда Термизийга бирор кимса тенглаша олмаган”.[25]
Мулла Али ал-Қорий: “(У зот) Ҳужжат (деб номланган, айтгани суриштирилмасдан далил бўладиган) ягона имом. Ишончли, моҳир ҳофиздир”,[26]- деб айтган.
Ибн Аммод ал-Ҳанбалий Термизий ҳақида: “Ибн Исо замондошлари орасида энг машхур, кучли хотира ва моҳирликда эса мўъжиза эди”[27], деганлар.
Олимлар ва ҳофизлар томонидан Имом Термизий ҳақидаги айтилган бу мақтовлар у зотнинг ҳадис илмида пойқадами қутлуғ, юрган йўли тўғри, табаррук, салафи солиҳларнинг ишларини пухта ва ишончли эгаллагани ва бундан ташқари тақво ва зуҳдда тенгсиз эканига уламолар иттифоқ қилганини кўрсатиб беради. Имом Бухорийдек муҳаддислар султонининг Имом Термизийдан ҳадис ривоят қилгани ва“Сен мендан фойдаланганингдан кўра, мен сендан кўпроқ фойда олдим”, деган сўзлари Имом Термизийнинг мартабалари нақадар баланд эканига далолатдир.
Ислом дини ривожига улкан ҳисса қўшган буюк аллома, ватандошимиз Абу Исо Термизий (Имом Термизий) ва Термизий тахаллуси билан ижод қилганалломаларнинг беназир меросини илмий асосда чуқур ўрганиш, муқаддас юртимиз замини азал-азалдан улуғ алломалар, азиз-авлиёлар ватани бўлиб келганини юртдошларимиз ва халқаро жамоатчилик ўртасида кенг тарғиб қилиш, миллий-диний қадриятларимизни асраб-авайлаш ва ривожлантириш, шу асосда ёш авлодни эзгу ғоялар руҳида тарбиялаш, уларнинг қалбида Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғусини янада кучайтириш мақсадидаЎзбекистон Республикаси Президентининг “Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори аввало халқимиз, қолаверса барча илм аҳлларига қувончли хабар бўлди. Мазкур ўз вақтида чиқарилган Қарор улуғ аждодларимиз ва уларнинг илмий меросини тадқиқ қилиш ва абадийлаштириш йўлида барча илм аҳлларига куч-ғайрат, шижоат бағишлайди, деган умиддамиз.
Жалолиддин Ҳамроқулов
Тошкент ислом институти “Таҳфизул-Қуръон” кафедраси мудири
[1]“Фазоилул-китоб ал-жомеъ”, 96 б; Таҳзийбул-камол, 26/250.
[2]“Таҳзийб ат-таҳзийб”, 9/387.
[3]“Ал-иршод ила маърифатил-уламоил-ҳадис”, 3/904; “ал-Ансоб”, 2/361; 3/41
[4]“Ал-бидоя ван-ниҳоя”, 11/66
[5]Ибн Ҳиббоннинг “ас-сиқот” асари 9/153, Суюутийнинг “тобақотул-ҳуффоз” асари 282.
[6]“Таҳзийбул-камол”, 26/250.
[7]“Ал-Ансоб” 2/361; “Ан-нафҳуш-шазий” 1/167
[8]“Ал-Ансоб” 7/170,171; “Ан-нафҳуш-шазий” 1/171.
[9]“Сияру аъламин-нубало” 13/371
[10]“ал-Вофий бил-вафоёт” 4/290
[11]“Жомеъул-усул” 1/193
[12]“зофарул-аманий”, 555-б.
[13]“Фазоилул-китабил-жомеъ”, 40-б, “Таҳзийб ат-таҳзийб”,9/389
[14]“Ал-бидоя ван-ниҳоя”, 11/67
[15]“Таҳзийб ат-таҳзийб”,9/389
[16]“Таҳзибул-Камол” 26/250/251.
[17]“Имом Термизий” асари, 23-бет.
[18]“Жомеъул-усул”, 1/114.
[19]“Ал-мухтасар”, 1/71.
[20]“Таҳзийб ат-таҳзийб”,9/389, яна “Тазкиротул-ҳуффоз” ва “Сияру аъламин-нубало” китобларидаги Имом Термизийнинг таржимаи ҳолларида ҳам келган.
[21]“Таҳзийб ат-таҳзийб”,9/389
[22]“Ас-сиқот” 9/103
[23]“Фазоилул-китаб ал-жомеъ”, 30-б.
[24]“Таҳзийбул-камол” 26/250.
[25]“Қутул-муғтазий” 6-б.
[26]“Ал-мирқотул-мафотиҳ” 1/21.
[27]“Шазаротуз-заҳаб”, 2/174.
Хожа Бухорий ўрта-махсус диний таълим муассасаси директори, педагогика фанлари бўйича фалсафа доктори Ўткир домла ҒУЗАРОВ билан суҳбат
– Ассалому алайкум, муҳтарам устоз. Авваламбор, Сизни педагогика фанлари бўйича фалсафа доктори илмий даражасига эга бўлганингиз билан муборакбод этамиз. Илмий даражангиз бундан ҳам юксалаверсин. Суҳбатимизни бугунги кунда Сиз раҳбарлик қилаётган таълим муассасаси ҳақидаги маълумотлардан бошласак...
– Ва алайкум ассалом ва роҳматуллоҳ. Қутлов ва тилагингиз учун ташаккур. Таълим муассасасига 1992 йилда асос солинган. Мадрасага XIV асрда яшаб ижод этган машҳур тасаввуф алломаси Саид Аҳмад Вали Кулоҳдўз Хожа Бухорий номи берилган. У зот Баҳоуддин Нақшбанднинг замондоши сифатида эътироф этилади. Нақшбандия тариқатининг маънавий-ахлоқий ғояларини Қашқадарё воҳаси, хусусан Китоб шаҳри ва унинг атрофида кенг тарғиб қилган улуғ мутафаккирлардан саналади.
Муассасада бугунги кунда жами 34 нафар олий маълумотли, малакали педагог-ўқитувчи 105 нафар талабага диний ва дунёвий фанлардан пухта билим бериб келмоқда. Таълим жараёнида замонавий педагогик ёндашувлар, самарали ўқитиш усуллари ҳамда амалий машғулотлардан кенг фойдаланилиб, талабаларнинг назарий билимларини мустаҳкамлаш ва уларни амалиётда қўллаш кўникмаларини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шунингдек, педагог-ўқитувчилар томонидан талабаларнинг маънавий-ахлоқий тарбияси, мустақил фикрлаши, илмий салоҳияти ва дунёқарашини ривожлантиришга қаратилган қўшимча машғулотлар ҳамда маърифий тадбирлар мунтазам ташкил этиб келинмоқда. Бу эса таълим муассасасида сифатли таълим бериш билан бир қаторда, ҳар томонлама етук, билимли ва замонавий талабларга жавоб берадиган мутахассисларни тайёрлаш учун муносиб таълим муҳитини шакллантиришга хизмат қилмоқда.
– Ушбу илм маскани қандай мутахассисларни тайёрлаб бермоқда?
– Таълим муассасаси динимиз равнақи, мустақил Ўзбекистоннинг тараққиёти ва юксалиши йўлида муносиб хизмат қиладиган, юксак маънавият ва ахлоқий фазилатларга эга, миллий ва умуминсоний қадриятларни чуқур англаган, соф ислом дини таълимотини мукаммал ўзлаштирган, диний-маърифий билимларни ҳаётга тўғри татбиқ эта оладиган юқори малакали ўрта махсус маълумотли исломшунос, имом-хатибларни тайёрлайди.
Битирувчилар масжидларда имом-хатиб, диний таълим муассасаларида ўқитувчи, маънавий-маърифий соҳада фаолият юритувчи мутахассис сифатида хизмат қилиш учун зарур назарий билим ва касбий малакага эга бўлиб чиқади.
– Диний ва дунёвий фанлар уйғунлигини таъминлаш учун ўқув жараёни қандай ташкил этилган?
– Таълим дастурларида Қуръон, ҳадис, фиқҳ, ақида каби диний фанлар билан бир қаторда тарих, инглиз тили, фалсафа асослари, психология, жисмоний маданият ва спорт ҳамда бошқа дунёвий фанларга ҳам ўрин ажратилган. Дарслар замонавий педагогик усуллар, ахборот технологиялари ва интерфаол усуллардан фойдаланган ҳолда олиб борилмоқда.
– Талабаларнинг хорижий тилларни мукаммал ўрганишлари ҳамда мутолаа маданиятини юксалтиришлари учун қандай шароит ва имкониятлар яратилган?
– Хорижий тилларни ўрганишга бўлган қизиқишни ошириш мақсадида ҳафтанинг муайян кунларида тил кунлари ташкил этилган. Хусусан, сешанба куни инглиз тили куни, чоршанба куни эса араб тили куни ўтказилиб, талабаларнинг тил ўрганишга доир билимларини мустаҳкамлаш, мулоқот кўникмаларини ривожлантириш ва амалий машғулотлар орқали билимларини оширишга алоҳида эътибор қаратилган.
Шунингдек, талабаларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш ва тил ўрганиш самарадорлигини ошириш мақсадида қўшимча тўгараклар фаолияти йўлга қўйилган. Дарсларга соҳасининг етук ва малакали мутахассислари жалб этилган. Бу эса талабаларнинг нафақат тилларни мукаммал ўзлаштириши, балки дунёқарашининг кенгайишига хизмат қилмоқда.
– Мударрисларнинг касбий маҳоратини ошириш, сабоқларнинг талабаларга янада самарали етиб бориши учун айнан қандай методик усуллар жорий этилган?
– Муассасада замонавий педагогик технологиялардан фойдаланиш йўлга қўйилган. Хусусан, ахборот-коммуникaция технологияларидан фойдаланган ҳолда онлайн платформалардан Google Forms хизматлари ва интерфаол иловалар (Kahoot, QuizBot, topqir.uz) дарс жараёнига татбиқ этилган. Дарс жараёнида смарт доска, маркерли доска, магнитли доска имкониятларидан фойдаланилади. Замонавий педагогик технологияларнинг “баҳс-мунозара”, “ақлий ҳужум”, “гуруҳли иш”, “тақдимот”, “кейс-таҳлил”, “савол-жавоб” каби усуллари қўлланилади.
– Талабаларнинг дарсдан ташқари вақтларини мазмунли ташкил этиш, уларнинг илмий ва ижодий қобилиятларини юзага чиқариш борасидаги ишларни ҳам айтиб ўтсангиз...
– Таълим муассасасида “ёш илмий тадқиқотчи” гуруҳи шакллантирилган бўлиб, улар илмий мақолалар ёзиш, интернет сайтларида аудио, видео чиқишлар қилиб, ёш китобхон танловларида фаол қатнашади.
Хатмул кутуб анъанаси бўлиб, ҳозирга қадар талабалар “Мунаббиҳот”, “Таълим мутааллим”, “Фиқҳул муяссар” (1- 2 китоби), “Фиқҳул акбар шарҳи” ва “Тайсиру мусталаҳул ҳадис” асарларини хатм қилишди...
– Таълим муассасаси бинолари, талабалар турар жойи ва моддий-техник имкониятлар қай даражада?
– Бино ва иншоотларимизнинг ташқи ва ички қисмлари мунтазам техник кўрикдан ўтказилиб, жорий таъмирлаш ишлари амалга ошириб борилади.
Муассаса замонавий техник воситалар билан босқичма-босқич жиҳозланиб келинмоқда. Хусусан, иш жараёни ва дарс машғулотлари учун 42 та компюьтер жамланмаси 20 та интерактив смарт доска ва бошқа зарур жиҳоз ва қурилмалар билан тўлиқ таъминланган. Таълим муассасаси интернет тармоғига оптик тола орқали боғланган.
Асосий ўқув биносида 25 та ўқув хонаси мавжуд бўлиб, Қуръони карим ва тажвид ўқув курслари алоҳида ўқув биноси билан таъминланган. Яқинда талабалар учун 240 ўринли янги ўқув биноси фойдаланишга топширилди.
– Талабаларингизнинг республика миқёсидаги турли илмий, диний ва спорт мусобақаларидаги иштироки ҳамда эришаётган натижалари ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз?
– Таълим муассасамиз талабалари республика миқёсида ўтказиладиган илмий, диний-маърифий ва спорт мусобақаларида мунтазам иштирок этиб, юқори натижаларга эришиб келмоқда. Жумладан, 2023 йилда Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги диний таълим муассасалари талабалари ўртасида ўтказилган “Жаҳолатга қарши маърифат” интеллектуал беллашувида жамоамиз “Энг фаол тарғиботчи жамоа” номинацияси бўйича 1-ўринни қўлга киритган.
Спорт йўналишида ҳам талабаларимиз шахмат, кураш, стол тенниси ва тош кўтариш каби спорт турлари бўйича “Баркамол авлод” Республика босқичларида бир неча бор совриндор бўлишди. Хусусан, 2022 йилда ўтказилган “Баркамол авлод” спорт ўйинлари финал мусобақасида жамоамиз умумжамоа ҳисобида 1-ўринни қўлга киритган бўлса, 2026-йил миллий кураш бўйича 3-ўринни эгаллади.
Илмий йўналишда эса талабаларимиз Ягона олимпиада Республика босқичида мунтазам равишда муваффақиятли иштирок этиб, турли йилларда бир нечта 1-, 2- ва 3-ўринларни қўлга киритган. Бундан ташқари, 2022-2023 ўқув йилида “Эсселар танлови” Республика босқичида 1-ўрин ҳамда “Энг ёш китобхон” танловида ҳам 1-ўрин соҳиби бўлишди. Ягона олимпиада мусобақасида 2026 йил 3-ўринни қўлга киритди.
– Битирувчиларнинг кейинги фаолияти қандай кечмоқда. Яъни, битирувчилар ҳозирги кунда жамият ҳаётида, диний-маърифий соҳаларда қандай ўрин тутмоқда?
– Таълим муассасаси битирувчилари бугунги кунда мамлакатимиздаги диний-маърифий соҳанинг турли йўналишларида самарали фаолият юритиб, жамият ҳаётида муносиб ўрин тутиб келмоқда. Улар Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Дин ишлари бўйича қўмита, маҳаллий ҳокимият тизимларида хизмат қилмоқда.
Жумладан, масжидларда имом-хатиб ва имом ноиби лавозимларида, диний таълим муассасаларида ўқитувчи сифатида, илмий-тадқиқот марказлари ва диний-маърифий муассасаларда илмий ходим сифатида, Фатво марказида етакчи мутахассис сифатида хизмат қилиб келаётганлар, давлат ва жамоат ташкилотларида ҳам фаолият юритаётганлар бор.
Қисқа қилиб айтганда, таълим муассасамиздан етишиб чиққан кадрлар юртимизнинг турли жойларида, турли жабҳаларда динимиз ва давлатимиз равнақига ўз ҳиссаларини қўшиб келмоқда.
ЎМИ Матбуот ва медиа бўлими мутахассиси
Абдулатиф АБДУЛЛАЕВ суҳбатлашди.