Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
11 Сентябр, 2026   |   29 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:38
Қуёш
05:59
Пешин
12:20
Аср
16:48
Шом
18:44
Хуфтон
20:00
Bismillah
11 Сентябр, 2026, 29 Рабиъул аввал, 1448

Асмо бинти Язид

16.02.2017   15602   3 min.
Асмо бинти Язид

Саҳобия аёллар

Асмо бинти Язид ансорий аёллардан бўлиб, кучли иймон, сабр, шижоат, ақл эгаси эди. Унда ҳотирлаш, таъсирчан гапириш, чиройли ўқиш қобиляти мужассам эди. У бизга Расулуллоҳ (салоллоҳу алайҳи васаллам) ҳақларидаги қиссаларни ўзига ҳос усул билан етказиб берганлардан биридир.

Ибн Ҳожар бундай дейди: “Асмо бинти Язид ибн Саккон ибн Рофеъ ибн Имриул Қайс ансорлардан бўлиб авс қабиласнинг ашҳал уруғидандир. “Умму Омир” ва “Умму Салам” кунялари бор.

Асмонинг Қурон карим оятларини, ҳадиси шарифни ўрганиншга ўта моҳир эди.

Пайғамбар (салоллоҳу алайҳи васаллам) саҳобалар даврасида ўтирганларида Асмо бинти Язид ҳузурларига келди ва: “Ота, онам сизга фидо бўлсин, эй Аллоҳни элчиси! Аёллар номидан келдим. Улар сўзимни мақуллашди. Аллоҳ таоло сизни эркак аёлга пайғамбар қилган. Биз аёллар ҳомиладор бўламиз. Эркаклар жамоат намозларида иштирок этишади, ҳамда Аллоҳ йўлида сафарга чиқиш билан даражалари юксалади. Қачон сафарга кетишса, биз уларни болаларини ва молларни қўриқлаймиз. Айтинг-чи, савобда улар билан тенг бўламизми?”  деб сўради. Шунда Пайғамбар (салоллоҳу алайҳи васаллам) саҳобаларга “Дини ҳақида яҳши савол берган аёлларнинг сўзини эшитдингизми? – дедилар. Сўнгра яна Асмога юзланиб: “Эй Асмо ортингдаги аёлларга билдир, улардан қайси бири эрига яхши хотин бўлса, унинг розилигини истаб яхшиликларига эргашса, барча савобда эри билан тенг шерик бўлади” деб марҳамат қилдилар.

Асмо бинти Язид (разияллоҳу анҳо) бундай ривоят қилади: “Бир куни тенгдош аёллар орасида турган эдим. Ёнимиздан Пайғамбар (салоллоҳу алайҳи васаллам) ўтиб қолдилар. Бизларга салом бериб: “Куфрони неъмат қилишдан сақланинглар”, дедилар. Сўрашга журатлироғи мен эдим. “Эй Расулуллоҳ, куфрони неъмат нима?” деб сўрадим. У зот марҳамат қилдилар: “Сизлардан бирингиз  ота-онаси билан яшайди. Сўнгра Аллоҳ таоло унга эр берса, эридан фарзанд ато қилса, у ғазабланади. Ҳатто унга: “Мен сендан ҳеч яхшилик кўрмадим” дейди. Бу воқеа аёлларга Пайғамбаримиз тарбияларининг бир кўриниши эди.

Амр ибн Қатода (разияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Пайғамбар (салоллоҳу алайҳи васаллам) энг биринчи байъат берган аёллар Умму Саид, Кабашата бинти Рофе Умму Омир (Асмо) бинти Язид ибн Саккон ва Ҳаво бинти Язид ибн Саккондир”.

Асмо биринчи байъат қилганидан фахрланиб: “Мен Расулуллоҳга байъат қилган аёлларнинг биринчисиман”, дер эди.

Асмо бинти Язид ишларни ишонч ва диққат билан ўрганар эди. Оиша                  (разияллоҳу анҳо) мақтаб: “Ансор аёллар қандай ҳам яхшидир, динни ўрганишда ҳаёлари уларни  (масала) сўрашдан тўсиб қолмади ”, деганларида Асмо бинти Язид каби аёлларни назарда тутганлари шубҳасиз.

Саҳийлик ансорларнинг олий сифати эди. Асмо бинти Язид ривоят қилади: “Пайғамбар (салоллоҳу алайҳи васаллам) уйимизга ташриф буюрганларида: “Бу уйларда қандай яхшилик бор, бу арсорларнинг яхшилигидир”, деб марҳамат қилдилар.

Асмо бинти Язид яна шундай фазилатлари боис Расулулллоҳнинг ҳурматларини қозонди. Ҳудайбиядаги дарахт остида Асмо Ризвон байъатини берган эди. Пайғамбар (салоллоҳу алайҳи васаллам): “дарахт остида байъат берганлардан ҳеч бири дўзахга кирмайди”, деганлар.

Давоми бор...

Манбалар асосида

Тошкент ислом институти 4-курс талабаси

Тожиддинов Абдуссомад Абдулбосит ўғли тайёрлади

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Исломий банклар ликвидлиги ҳам Марказий банк томонидан қўллаб-қувватланади

11.09.2026   4830   5 min.
Исломий банклар ликвидлиги ҳам Марказий банк томонидан қўллаб-қувватланади

Ўзбекистон банк тизимида исломий молия институтларини ривожлантиришга қаратилган яна бир муҳим қадам ташланди. Энди Марказий банк тижорат банклари билан бир қаторда исломий банк фаолиятини амалга оширувчи банклар ҳамда микромолия банкларининг ликвидлигини фавқулодда ҳолатларда исломий молия воситалари орқали қўллаб-қувватлаши мумкин.

Бу тартиб Марказий банк томонидан тижорат банкларининг ликвидлилигини фавқулодда қўллаб-қувватлаш учун молиялаштириш ажратиш механизмига киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларда назарда тутилган, хабар бермоқда ЎзА.

Тегишли қарор Адлия вазирлигида 2026 йил 3 сентябрда 3581-2-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган. Ҳужжат расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач, яъни 2026 йил 5 декабрдан кучга кириши белгиланган. Банк тизими учун ликвидлик — молиявий барқарорликнинг энг муҳим кўрсаткичларидан бири. Банкда вақтинча пул маблағлари етишмовчилиги юзага келган тақдирда, унинг мижозлар олдидаги мажбуриятларини ўз вақтида бажариши қийинлашиши мумкин.

Шу боис Марказий банк тижорат банкларининг ликвидлигини фавқулодда қўллаб-қувватлаш механизмидан фойдаланиб келади. Янги ўзгариш эса мазкур тизимни исломий молия тамойиллари асосида фаолият юритувчи банк ва молия институтларига ҳам мослаштирмоқда.

Яъни, исломий банк фаолияти билан шуғулланувчи муассасалар ликвидлик муаммосига дуч келган ҳолатларда анъанавий фоизли кредит механизмларидан эмас, балки исломий молия стандартларига мос келувчи воситалар орқали қўллаб-қувватланиши мумкин. Бу, ўз навбатида, мамлакатда исломий молия тизими учун алоҳида молиявий инфратузилма шаклланиб бораётганини англатади. Янги тартибнинг муҳим жиҳатларидан бири — молиялаштириш шартларининг исломий молия тамойилларига мос равишда белгиланишидир. Жумладан, бундай молиялаштиришда анъанавий кредитларга хос фоиз ставкаси ўрнига устама ёки фойдадан олинадиган улуш каби механизмлар қўлланилиши мумкин.

Молиялаштиришнинг аниқ шартлари, жумладан, устама миқдори, фойдадан олинадиган улуш, молиялаштиришнинг максимал ҳажми, бошқа асосий талаблар Марказий банк Бошқаруви қарори билан белгиланади. Бу ёндашув исломий банклар учун фавқулодда ликвидлик қўллаб-қувватлаш механизмларини уларнинг фаолият моделига мослаштириш имконини беради.

Исломий молия воситалари орқали маблағ ажратишда гаров таъминотига ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Яъни, Марказий банк томонидан молиялаштириш ажратилганда гаров предмети сифатида қабул қилинадиган активлар исломий молия стандартлари талабларига ҳамда Марказий банкнинг белгиланган талабларига мувофиқ бўлиши лозим. Бу талаб исломий молия операцияларининг бутун жараёни — маблағ ажратишдан тортиб, унинг тўлиқ сўндирилишига қадар белгиланган стандартларга мувофиқ амалга оширилишини таъминлашга хизмат қилади.

Ҳужжатда фавқулодда ликвидлик қўллаб-қувватлашини сўраб мурожаат қилган банкларнинг аризаларини кўриб чиқиш тартиби ҳам белгиланган. Унга кўра, мурожаатлар Марказий банк томонидан уч банк иш куни ичида кўриб чиқилади ва улар бўйича ижобий ёки рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинади. Бунда банкнинг молиявий ҳолати, ликвидлик билан боғлиқ вазият, тақдим этилаётган таъминот ҳамда ажратиладиган маблағларнинг молия тизими ва пул-кредит сиёсатига эҳтимолий таъсири баҳоланади. Янги тартибда исломий молия стандартларига риоя этилишини таъминлаш бўйича банкларнинг ички масъулияти ҳам аниқ белгиланган.

Исломий молия воситалари орқали маблағ ажратилган ҳолларда банкнинг ижроия органи ва Исломий молия кенгаши молиялаштириш тўлиқ сўндирилгунига қадар амалга оширилаётган операцияларнинг белгиланган исломий молия стандартларига мувофиқлигини таъминлаши ва доимий назорат қилиши лозим. Бу талаб нафақат ҳуқуқий, балки молиявий операцияларнинг исломий молия тамойилларига мослигини таъминлаш нуқтаи назаридан ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Ўзбекистонда исломий молия тизими босқичма-босқич шаклланиб бормоқда. Исломий молия хизматларини жорий этиш учун фақатгина банк маҳсулотларини ишлаб чиқиш етарли эмас. Шу билан бирга, уларнинг барқарор фаолият юритиши учун зарур бўлган ликвидлик, гаров, назорат ва фавқулодда молиялаштириш механизмлари ҳам яратилиши талаб этилади. Марказий банк томонидан исломий молия воситалари орқали фавқулодда ликвидлик қўллаб-қувватлаш механизмларининг жорий қилиниши ана шу инфратузилмани шакллантиришдаги муҳим қадам ҳисобланади.

Чунки исломий банк ёки исломий молия хизматларини кўрсатувчи муассаса учун ликвидлик муаммосини анъанавий фоизли кредит орқали ҳал қилиш унинг фаолият тамойилларига зид келиши мумкин. Янги механизм эса бундай муассасаларга ўз фаолият стандартларини бузмаган ҳолда Марказий банкнинг фавқулодда қўллаб-қувватлаш тизимидан фойдаланиш имконини яратади.

Хулоса ўрнида айтиш жоиз, Марказий банкнинг янги қарори Ўзбекистонда исломий молия тизими учун ҳуқуқий ва институционал асосларни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Энг муҳими, эндиликда исломий банк фаолиятини амалга оширувчи банклар ва микромолия банклари ҳам ликвидлик билан боғлиқ фавқулодда вазиятларда исломий молия тамойилларига мос механизмлар асосида қўллаб-қувватланиши мумкин. Бу эса келгусида мамлакатда исломий банклар, исломий молия маҳсулотлари ва ушбу соҳадаги хизматлар бозорининг кенгайиши учун муҳим молиявий кафолатлардан бири бўлиши мумкин.

Содда қилиб айтганда, исломий молия тизимининг барқарор ишлаши учун зарур бўлган навбатдаги муҳим бўғин шаклланмоқда. Энди исломий банклар нафақат ўз маҳсулотларини, балки фавқулодда ликвидликни қўллаб-қувватлаш механизмларини ҳам исломий молия тамойиллари асосида ташкил этиш имкониятига эга бўлади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари