بِسْمِ اللَّهِ الرَّحْمَنِ الرَّحِيمِ
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا قُوا أَنْفُسَكُمْ وَأَهْلِيكُمْ نَارًا وَقُودُهَا النَّاسُ وَالْحِجَارَةُ عَلَيْهَا مَلَائِكَةٌ غِلَاظٌ شِدَادٌ لَا يَعْصُونَ اللَّهَ مَا أَمَرَهُمْ وَيَفْعَلُونَ مَا يُؤْمَرُونَ
Эй, имон келтирганлар! Ўзларингизни ва оила аъзоларингизни ёқилғиси одамлар ва тошлар бўлмиш дўзахдан сақлангизки, унда дағал ва қаттиққўл, Аллоҳ буюрган нарсага итоатсизлик қилмайдиган, фақат буюрилган ишни қиладиган фаришталар (хизмат қилурлар). (Таҳрим 6)
Ҳикоя қилинишича, кунлардан бир куни тариқат ва каромат соҳиби Шайх Ҳиравийнинг ҳузурига бир кекса аёл қўлида мактуб билан кириб келди. Мактубда “марҳамат қилиб ўғлимни ҳидоят топиши учун Аллоҳ таолога дуо қилиб берсангиз, чунки у ёмон ишларни қилиб юрибди”, деб ёзилган эди. Шунда Шайх: “ота-онасининг дуоси ислоҳ қилмасдан, шайхнинг дуосига муҳтож бўладиган боланинг ҳолига вой бўлсин. Бундай болага шайхнинг дуоси фақатгина жазони зиёда қилади”, дедилар. Сўнгра эй онахон, сиз бориб бу кеча намоз ўқинг ва ортидан ўғлингизни ҳидоят топишини сўраб, Аллоҳ таолога дуо қилинг, дедилар. Онахон кетди ва шайхнинг айтганларини қилди. Аммо ўғлида бирор ўзгариш кўрмади, у ўша-ўша ичкилигу ёмон ишларини қилишда давом этарди. Онахон яна шайхнинг ёнига қайтди ва ўзгариш бўлмаганини айтиб йиғлаб, шундай деди: “уни жуда яхши кўраман, уни ўйлаб юрагим эзилиб кетмоқда, қилмишлари туфайли қиёмат кунида дўзахга гирифтор бўлишидан қўрқаман, мен унинг фироқига чидай олмайман. Ҳазрат унга дуо ва насиҳат қилинг, унга бу азоблардан халос бўладиган йўлни кўрсатинг, мен ортиқ чидай олмайман”. У ўзини йиғидан тўхтата олмасдан бу гапларини қайта-қайта такрорларди. Шайхнинг унга раҳми келди ва у ҳам йиғлаб маҳзун бўлди. Сўнгра унга: “эй онажон, яна бу кеча ҳам жойнамозни ёзинг, Аллоҳ ҳузурида тоат билан туринг, тазарруъ билан дуо қилинг, мен ҳам шундай қиламан, шояд Аллоҳ унга тавбани насиб қилса”, деди. Онахон уйига кетди ва ибодатда қоим бўлди ва йиғлаб: “Аллоҳим, боламга ҳидоят бергин, Аллоҳим, боламни бадбахт қилмагин”, дея муножот қилди. Шайх ҳам уйида худди шундай дуо қилиб турарди. Бу пайтда онахоннинг ўғли маст, қўлида қадаҳ, ароқхўрлик билан машғул эди. Шу аснода қўлидаги қадаҳдан: агар бу кеча онангни рози қилмасанг, кофир бўлиб ўлгин, деган овозни эшитди. У буни эшитиб қўлидаги қадаҳни улоқтирди ва ҳўнграб йиғлаб юборди. Сўнг ўрнидан туриб йиғлаганча уйига кетди. У ҳали ҳам маст эди. Онахон ўғлини кўриб: вой ўғилгинам, вой кўзимнинг оқу-қораси дея йиғларди. Ўғил онасининг йиғисини эшитиб, ўзини онасининг оёқлари остига ташлади Она йиғлаб боласини қучоғига олди. Шунда бола қалбининг туб-тубидан чиқариб: Ё Аллоҳ, деди-ю ҳушдан кетиб йиқилди. Шу ётишда тонг отганда ҳам ўзига келмади. Онахон тинмай йиғларди, сўнг у ўрнидан туриб яна шайх ёнига келди, унга ўғлининг ҳолатини гапириб берди. Шайх унга: ўғлингизни бир уловга юкланг ва уни Каъбага олиб боринг, шояд, Байтуллоҳнинг баракоти билан ўзига келса, қайтишда эса Лубнон тоғи орқали қайтинг, деди. Сўнгра онахон ўғлини бир уловнинг устига ортиб Каъбага олиб борди. Кейин Лубнан тоғи орқали қайтди. Онахон у ерда қўлларида ичида маййити бор тобутни олиб туришган олти кишини кўрди. Онахон улардан: “бу қандай тобут”, деб сўради. Улар: бу шайхимизнинг тобути, у зот вафот этдилар, биз эса жаноза ўқиб берадиган имомни кутиб ўтирибмиз, уни ўзимизга шайх қилиб оламиз, у шайхимиз ўринларига ўтиради, дейишди. Онахон таажжубланиб: “ким у имом?”, деб сўради. Улар: ўғлингиз, чунки у дуоингиз сабабли валийлар даражасига эришди, дейишди. Шу пайт онахоннинг ўғли ўзига келиб, уловдан тушди ва таҳорат олди. Сўнг жаноза намозини ўқишга киришиб: “Аллоҳу акбар” деган эди, санаб саноғига етиб бўлмайдиган даражадаги кўпчиликнинг “Аллоҳу акбар” деганларини эшитди. Уларнинг овозларини эшитди-ю, бироқ ўзларини кўра олмади. Намоз ўқиб бўлишгач: онажон боринг, энди кўришиш қиёматга қолди, деди. Онахоннинг ўғли ҳам, унинг ёнидаги ҳалиги олти киши ҳам шу ерда қолди. Онахон ақл ҳушидан айрилгандек йиғлаб ҳайрон бўлиб қолди.
Боласи иймонидан ажралиб қолиш хавфини қилган кишининг ҳолати шу даражада бўлса, иймондан Исломдан ажралиб қолиш хавфидаги кишининг ҳолати қай даражада бўлар экан? Эй Аллоҳим, Ўз раҳматинг билан бизларни ўлим чоғида ҳам, ҳаётда ҳам Исломда, иймонда собитқадам қилгин, эй меҳрибонлар меҳрибони.
ЎМИ кутубхонаси
Ислом даъвати Маккада бошланган даврларда, Умайма бинти Халаф ибн Асъад ибн Оъмир ибн Баёзаъ ал-Хузоийя — иймон нурини қалбида туйган илк аёллардан бири эди. Унинг қалби иймонга очиқ, ҳақиқатни эътироф қилишга тайёр эди. Турмуш ўртоғи – Холид ибн Саид ибн Ос бир кеча ажиб туш кўради: ўзини улкан ва даҳшатли олов четида турганини, отаси уни ўша оловга ташлаётганини кўради, лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса уни ушлаб, оловдан қутқараётган экан.
Уйғониб, бу тушни Абу Бакр розияллоҳу анҳуга айтди. У киши унга: “Бу яхшиликнинг аломати. Сен Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга эргаш, у сени жаҳаннамдан қутқаради”, дедилар. Холид шунда Исломни қабул қилди ва бу ҳақда рафиқаси Умаймага айтди. У ҳам, ҳеч иккилланмасдан, Исломни қабул қилди. Шу тариқа улар биринчи мусулмон жуфтликлардан бирига айланди.
Холиднинг отаси унинг мусулмон бўлганини эшитгач, жаҳл қилиб, уни чақиртирди. Уни ҳақоратлади, калтаклади ва уйдан ҳайдади. “Мен сени таом билан таъминламайман!” деди. Холид эса қатъият билан: “Агар сиз бермасангиз, Роббим менга ризқ беради” – деб жавоб берди. Шу заҳоти уйдан ҳайдалди ва бориб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнида бўлди.
Умайма турмуш ўртоғига содиқлик билан ёрдамчи бўлди. У зулм, қийинчилик ва камбағалликка сабр қилди. Сабр ва имон унинг қалбида мустаҳкам илдиз отган эди.
Ниҳоят, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларга Ҳабашистонга ҳижрат қилишни буюрганларида, Холид ва Умайма илк ҳижрат қилганлардан бўлишди. Улар Ҳабашистонда фарзандли ҳам бўлишди: ўғиллари – Саид ибн Холид ва қизлари – Умма бинти Холид. Қизи кейинчалик “Умму Холид” номи билан машҳур бўлди.
Улар Ҳабашистонда ўн йилдан зиёд вақт мусофирликда яшашди. Кейинчалик Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Амр ибн Умайяни юбориб, уларни икки кема билан қайтардилар. Улар Мадинага қайтиб келганида, Пайғамбаримиз алайҳиссалом Хайбарни фатҳ қилган эдилар. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва мусулмонлар билан учрашиб, ажиб шодлик ва таскинга эришдилар.
Холид ибн Саид Умар ибн Хаттоб халифалиги даврида ҳаёт кечирди ва у “Марж ас-Сафар” жангида, ҳижрий 14 санада шаҳид бўлди. Бу хабарни эшитган Умайма онамиз бу мусибатига сабр қилди, юраги оғриқда бўлса ҳам, имони билан тасалли топди. Чунки, Холидни ўлдирган одам кейин Исломни қабул қилиб: “Бу ким эди?. Ундан осмонга чиқаётган нурни кўрдим!” - деган эди.
Умайма бинти Халаф – сабрли, муҳожир, мўмин аёлнинг юксак намунасидир. У умр йўлдошини ислом динида қўллаб-қувватлади, ҳаётининг қувонч ва ташвишли лаҳзаларини бирга ўтказди ва ислом тарихида буюк из қолдирди.
Илёсхон АҲМЕДОВ
тайёрлади.
Мазкур мақола Абу Малик Муҳаммад бин Ҳомид бин Абдулваҳҳобнинг
“Солиҳа аёллар ҳақида 150 қисса” номли асаридан таржима қилинди.