Китоб барчамизни эзгуликка ундайдиган, олдимизда турган барча муаммоларни ҳал этишга ёрдам берадиган кучдир. Шунинг учун ҳам юртимизда китоб билан ошно бўлган, китобни суйган, китоб ёзган, китобни қадрлаб, кўз қорачиғидек асраганларни зиёли деб атаганлар. Зиёли–нур тарқатувчи, у ўзининг хатти-ҳаракатлари, фаолияти билан жамиятни нурлантирувчи, маънавий-ижтимоий барқарорликни таъминловчилар ҳисобланган.
Ана шундай улуғ мақсадлардан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги Муқаддас қадамжоларни сақлаш ва обод этиш хайрия жамғармаси томонидан Тошкент ислом институти ва барча ўрта махсус ислом билим юртлари Ахборот ресурс марказларига талабалар фойдаланишлари учун жами 83 турдаги 2582 дона бадиий ҳамда чет эл адабиётларининг билим юртларида тақдимот маросимлари ўтказилмоқда.
Жорий йилнинг 11 февраль куни “Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний” ўрта махсус ислом билим юртида ҳам талабалар ва ўқитувчилар учун тақдимот маросими ўтказилди.
"Китобхонлик ва мутолаа маданияти” номли китоб тақдимотини ўтказишдан кўзланган мақсад – ёшларимиз тўғри келган китобни эмас, айнан бизнинг миллатимиз руҳига мос, қалбларга маънавий озиқ, бойлик берадиган асарларни ўқишларини тарғиб этишдир. Чунки ҳозирги глобаллашув жараёнида бизнинг маънавий илдизларимизга болта уриш, “оммавий маданият”, диний экстремизм, диний ақидапарастлик ғояларини тарғиб қилишга хизмат қилувчи китоблар ҳам ҳар хил йўллар билан четдан мамлакатимизга олиб келинаётир. Демак, ўқиладиган асарни танлай билиш ҳам санъат. Ўсиб келаётган ёшлар онгида ана шундай санъатни, тўғрироғи, маънавий иммунитетни шакллантиришимиз ва мустаҳкамлашдан иборат. Шу орқали ўқитувчи ва талабаларимизнинг китоб ўқишга, китобга ва уни мутолаа қилишга қизиқишини орттириш каби улуғ мақсадлар ўрин олган.




Саламат Кудайбергенов,
“Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний”
ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси
Мисрнинг нуфузли оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистон муфтийси, шайх Нуриддин Холиқназарнинг Муҳаммад алайҳиссалом таваллуд топган муқаддас Рабиул аввал ойига бағишланган туркум мақолалари чоп этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Хусусан, Мисрнинг “Al Gomhuria” нашри саҳифаларида Рабиул аввал ойи мусулмонлар қалбида алоҳида ўрин тутиши ва Умманинг Пайғамбаримизга бўлган чексиз муҳаббати туфайли бу ой анъанавий равишда “Мавлид ойи” деб аталиши ҳақидаги фикрлар кенг ёритилган. Материалда Муфтийнинг ушбу даврни янги маънавий кўтаринкилик билан кутиб олиш, уни “Набавий сийрат ойи” ва “Ибратли уммат ойи”га айлантириш, ибодат, ахлоқ ва маданият масалаларида Пайғамбаримиз ўгитларини амалий ўзлаштиришга қаратилган даъвати алоҳида таъкидланган.
“Ya7dosal2an” нашри ҳам Ислом эътиқодининг ажралмас қисми ва чин имоннинг асосий шарти бўлган Пайғамбаримизга бўлган муҳаббат сабаблари ҳақидаги методологик масалани қайд этган. Мақолада саҳобаларнинг садоқатига оид тарихий мисоллар ва гувоҳликлар келтирилган.
“Aldawlanews” ресурсида Исломни амалий тушунишнинг олий манбаи сифатида Набавий сийратни ўрганишнинг аҳамияти кўриб чиқилган бўлиб, унда шунчаки саналарни ёдлаш ўрнига ҳар бир тарихий воқеадан сабр, адолат ва раҳмат каби ҳаётий сабоқларни чиқариш зарурлиги урғуланган.
“Al Diplomacy” нашри эса Пайғамбаримизга бўлган чин муҳаббатнинг уч асосий белгисига — сийрат ҳақида тафаккур қилиш, суннатга сўзсиз эргашиш ва руҳлар шифоси ҳамда жамиятда ахлоқни мустаҳкамлашнинг маънавий асоси бўлган кўп салавот айтишга эътибор қаратди.
“Sada El Balad” расмий ресурси Ўзбекистон муфтийсининг Рабиул аввал ойини оилалар ва таълим муассасалари учун кенг қамровли тарбиявий лойиҳага айлантириш ташаббусини ёритиб, мусулмонларни ушбу ойни юксак ахлоқ ва жипсликнинг олий намунасига эргашиш йўлидаги янги дебочага айлантиришга чақирди.
“Eldameer” ахборот портали ҳам Ўзбекистон муфтийсининг асарларини атрофлича тақдим этиб, Рабиул аввал ойининг чуқур мазмуни ва суннатга эргашиш орқали маънавий покланишнинг муҳимлигига эътибор қаратди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати