Юз берган кучли тўфондан бир бой кишининг барча мол-дунёси сувга ғарқ бўлибди. Бутун бойлиги бирпасда йўқ бўлганига чидамаган бой кўчаларда фарёду-фиғон чекиб йиғлаб кетаётса, қаршисидан бир одам чиқиб қолибди:
- Кап-катта одамга йиғлаш нимаси? - дея савол берибди ажабланиб.
- Мен йиғламай ким йиғласин? - дебди у. - Бир зумда ҳамма мол-мулкимдан айрилиб, фақир-қашшоқ бўлиб қолдим-ку!..
- Кўп ғам чекма, - дея овутишга тушибди йўловчи киши. - Умр йўлдошинг борми?
- Бор, - дебди бой бироз ҳайрон бўлиб.
- Унинг ақлу-ҳуши, фаросати борми? Бой бир зум ўйланиб қолибди ва:
- Ҳа, бу жиҳатдан бахтиёрман! Фаросатли, солиҳа, ҳар доим кайфиятимга қараб яшайдиган жуфти ҳалолим бор, - дебди бой.
- У ҳолда нега йиғлайсан, эй ғофил банда?! Бу дунёда мато учун ҳам кўз-ёш тўкадими, одам? Сабоқ учун бир гап айтай сенга, мен шундай бир хотинга уйланганманки, эрнинг қадр-қимматига етмайди. Сен фалокатнинг нималигини билмас экансан. Агар сен ҳам ақли калта, тили узун, жағи тинмас бир хотинга уйланган бўлганингда, ўшанда билардинг ҳақиқий фалокат нималигини! Дўконларинг сувга ғарқ бўлган бўлса, сен соғ экансан-ку, ҳаммасини топасан. Фақат ёнингда кўнглингдагидек аёлинг сенга мададкор бўлса, маънавий қувват бериб турса тезда ўзингни ўнглаб оласан, - дебди, йўловчи.
Халқимизда "Яхши хотин ярим давлат" деган гап бежиз айтилмаган. Дарҳақиқат, солиҳа, оқила аёл фақат жуфти ҳалолининг эмас, бутун жамиятнинг гултожи ҳисобланади. Чунки, тарбияси гўзал аёл аввало, ота-оналарини эъзозлайди, турмуш ўртоғини ардоқлайди, асосийси, фарзандларига чиройли тарбия бериб, жамиятга комил инсонларни вояга етказиб беради.
ТИИ талабаси
Тожиддинов Абдуссомад
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ривоят қилинишича, Бани Исроилдан бир киши шундай дебди: "Ё Роббим! Сенга шундай ибодат қилишни истайманки, одамлар ичида пайғамбарлардан бошқа ҳеч ким бундай ибодат қилмаган бўлсин".
Шунда Аллоҳ таоло унга денгиз ўртасидаги ороллардан бирига чиқишни буюрди. Бу бечора обид киши оролга чиқиб, у ерда на хотин, на фарзанд, на оила ва на қабиласиз, ёлғиз ўзи беш юз йил давомида Аллоҳга ибодат қилди. Аллоҳ у учун бир анор дарахтини ундириб қўйди; қачон таом ейишни истаса, бир анор узиб ерди. У намоз ўқир, Аллоҳга ибодат қилар, Уни зикр этиб, тасбеҳ айтар ва Яратганнинг махлуқотлари ҳақида тафаккур қилар эди.
Беш юз йиллик ибодатдан сўнг, Аллоҳ унинг жонини олди. Унинг бирор гуноҳи йўқ эди: бировнинг молини емаган, ғийбат қилмаган, судхўрлик қилмаган ва ёлғон гувоҳлик бермаган эди. Жони қабз қилингач, Аллоҳ таоло марҳамат қилди:
— “Эй бандам! Жаннатга амалинг билан киришни истайсанми ёки Менинг раҳматим биланми?”.
Банда беш юз йиллик ибодати уни Жаннатга олиб киришга етарли деб ўйлаб, шундай деди:
— “Ё Роббим, амалим билан киришни истайман”.
Аллоҳ яна сўради:
— “Жаннатга амалинг биланми ёки раҳматим биланми?” — “Амалим билан, ё Роббим”, деб жавоб берди банда.
Шунда Аллоҳ таоло деди:
— “Биз сенга берган неъматларимиз ва сен қилган ибодатларингни ўзаро ҳисоб-китоб қиламиз”. Фаришталар тарози билан келиб, уни сўроқ-савол қила бошладилар. Унинг амаллар саҳифасини очиб, Аллоҳнинг неъматлари билан ибодатларини солиштирдилар. Кўрдиларки, унинг беш юз йиллик ибодати Аллоҳ берган фақатгина “кўз неъмати”га (кўриш қобилиятига) ҳам тенг келмади. Ҳали юрак, эшитиш, ҳаёт, нафас олиш, ақл ва ҳидоят каби сон-саноқсиз неъматларнинг ҳисоби бор эди.
Аллоҳ таоло буюрди:
— “Уни дўзахга олиб боринглар!”. Шунда банда нидо қилди:
— “Ё Роббим! Мени Ўз раҳматинг билан Жаннатга киритишингни сўрайман!”.
Хулоса: Биз қанчалик кўп амал қилмайлик, намоз ўқиб, рўза тутиб, Аллоҳни зикр қилмайлик, барибир ҳаддан ташқари камчиликка йўл қўювчимиз. Бизнинг ягона умидимиз — Аллоҳ таолонинг гуноҳ ва хатоларимизни кечириб, бизни Ўз раҳматига олишидадир.
Ҳомиджон қори ИШМАТБЕКОВ