Юз берган кучли тўфондан бир бой кишининг барча мол-дунёси сувга ғарқ бўлибди. Бутун бойлиги бирпасда йўқ бўлганига чидамаган бой кўчаларда фарёду-фиғон чекиб йиғлаб кетаётса, қаршисидан бир одам чиқиб қолибди:
- Кап-катта одамга йиғлаш нимаси? - дея савол берибди ажабланиб.
- Мен йиғламай ким йиғласин? - дебди у. - Бир зумда ҳамма мол-мулкимдан айрилиб, фақир-қашшоқ бўлиб қолдим-ку!..
- Кўп ғам чекма, - дея овутишга тушибди йўловчи киши. - Умр йўлдошинг борми?
- Бор, - дебди бой бироз ҳайрон бўлиб.
- Унинг ақлу-ҳуши, фаросати борми? Бой бир зум ўйланиб қолибди ва:
- Ҳа, бу жиҳатдан бахтиёрман! Фаросатли, солиҳа, ҳар доим кайфиятимга қараб яшайдиган жуфти ҳалолим бор, - дебди бой.
- У ҳолда нега йиғлайсан, эй ғофил банда?! Бу дунёда мато учун ҳам кўз-ёш тўкадими, одам? Сабоқ учун бир гап айтай сенга, мен шундай бир хотинга уйланганманки, эрнинг қадр-қимматига етмайди. Сен фалокатнинг нималигини билмас экансан. Агар сен ҳам ақли калта, тили узун, жағи тинмас бир хотинга уйланган бўлганингда, ўшанда билардинг ҳақиқий фалокат нималигини! Дўконларинг сувга ғарқ бўлган бўлса, сен соғ экансан-ку, ҳаммасини топасан. Фақат ёнингда кўнглингдагидек аёлинг сенга мададкор бўлса, маънавий қувват бериб турса тезда ўзингни ўнглаб оласан, - дебди, йўловчи.
Халқимизда "Яхши хотин ярим давлат" деган гап бежиз айтилмаган. Дарҳақиқат, солиҳа, оқила аёл фақат жуфти ҳалолининг эмас, бутун жамиятнинг гултожи ҳисобланади. Чунки, тарбияси гўзал аёл аввало, ота-оналарини эъзозлайди, турмуш ўртоғини ардоқлайди, асосийси, фарзандларига чиройли тарбия бериб, жамиятга комил инсонларни вояга етказиб беради.
ТИИ талабаси
Тожиддинов Абдуссомад
Ўзбекистон дипломатлари Мадина шаҳрида Таййиба университети раҳбари, доктор Наваль бинт Муҳаммад бин Иброҳим Аль-Жабр ар-Рашид билан учрашув ўтказдилар, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Унинг сўзларига кўра, айни пайтда мазкур университетда 11 нафар Ўзбекистон фуқароси таҳсил олмоқда, улардан етти нафари қизлар ва тўрт нафари йигитлардир. Талабаларнинг олти нафари араб тилини, беш нафари эса исломшуносликни ўрганмоқда.
Томонлар профессор-ўқитувчилар таркиби ва мутахассислар ўртасида тажриба алмашишдан манфаатдор эканликларини билдирдилар. Хусусан, ахборот технологиялари, муҳандислик, тиббиёт, чет тиллари, ҳунармандчилик ва туризм йўналишларига ихтисослашган ўзбек олий ўқув юртлари билан ҳамкорлик қилиш масаласи муҳокама қилинди.
Шунингдек, жорий йилнинг ноябрь ойида ўзбекистонлик талабалар иштирокида давра суҳбатини ўтказиш бўйича келишувга эришилди. Бу борада Тошкент давлат шарқшунослик университети, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ва Тошкент ахборот технологиялари университетини потенциал ҳамкорлар сифатида кўриб чиқиш таклиф этилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати