Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
19 Октябр, 2026   |   8 Жумадул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:20
Қуёш
06:39
Пешин
12:08
Аср
15:53
Шом
17:41
Хуфтон
18:55
Bismillah
19 Октябр, 2026, 8 Жумадул аввал, 1448

Ибратли дунё

10.02.2017   17064   2 min.
Ибратли дунё

Юз берган кучли тўфондан бир бой кишининг барча мол-дунёси сувга ғарқ бўлибди. Бутун бойлиги бирпасда йўқ бўлганига чидамаган бой кўчаларда фарёду-фиғон чекиб йиғлаб кетаётса, қаршисидан бир одам чиқиб қолибди:

- Кап-катта одамга йиғлаш нимаси? - дея савол берибди ажабланиб.

- Мен йиғламай ким йиғласин? - дебди у. - Бир зумда ҳамма мол-мулкимдан айрилиб, фақир-қашшоқ бўлиб қолдим-ку!..

- Кўп ғам чекма, - дея овутишга тушибди йўловчи киши. - Умр йўлдошинг борми?

- Бор, - дебди бой бироз ҳайрон бўлиб.

- Унинг ақлу-ҳуши, фаросати борми? Бой бир зум ўйланиб қолибди ва:

- Ҳа, бу жиҳатдан бахтиёрман! Фаросатли, солиҳа, ҳар доим кайфиятимга қараб яшайдиган жуфти ҳалолим бор, - дебди бой.

- У ҳолда нега йиғлайсан, эй ғофил банда?! Бу дунёда мато учун ҳам кўз-ёш тўкадими, одам? Сабоқ учун бир гап айтай сенга, мен шундай бир хотинга уйланганманки, эрнинг қадр-қимматига етмайди. Сен фалокатнинг нималигини билмас экансан. Агар сен ҳам ақли калта, тили узун, жағи тинмас бир хотинга уйланган бўлганингда, ўшанда билардинг ҳақиқий фалокат нималигини! Дўконларинг сувга ғарқ бўлган бўлса, сен соғ экансан-ку, ҳаммасини топасан. Фақат ёнингда кўнглингдагидек аёлинг сенга мададкор бўлса, маънавий қувват бериб турса тезда ўзингни ўнглаб оласан, - дебди, йўловчи.

Халқимизда "Яхши хотин ярим давлат" деган гап бежиз айтилмаган. Дарҳақиқат, солиҳа, оқила аёл фақат жуфти ҳалолининг эмас, бутун жамиятнинг гултожи ҳисобланади. Чунки, тарбияси гўзал аёл аввало, ота-оналарини эъзозлайди, турмуш ўртоғини ардоқлайди, асосийси, фарзандларига чиройли тарбия бериб, жамиятга комил инсонларни вояга етказиб беради.

ТИИ талабаси

Тожиддинов Абдуссомад

Бошқа мақолалар

Фаришталар вафот этаётган мўминнинг олдига келадими?

05.05.2026   21034   7 min.
Фаришталар вафот этаётган мўминнинг олдига келадими?

«Албатта: “Роббимиз – Аллоҳ”, деб сўнгра тўғри бўлган зотлар ҳузурига (ўлим пайтида) фаришталар тушиб (дерлар): “Қўрқмангиз ва ғамгин ҳам бўлмангиз! Сизларга ваъда қилинган жаннат хушхабари билан шодланингиз! Дунё ҳаётида ҳам, охиратда ҳам биз сизларнинг дўстларингиздирмиз. Сизлар учун (жаннатда) кўнгилларингиз тилаган нарсалар ва сизлар учун у жойда истаган нарсаларингиз муҳайёдир. (Бу) мағфиратли ва меҳрибон зот (Аллоҳ томони)дан бўлмиш зиёфатдир”» (Фуссилат сураси, 30-33-оят).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадилар: “Ушбу оят Ҳазрат Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ҳақида нозил бўлди. Мушриклар: “Роббимиз Аллоҳ”, деб айтардилар, аммо Унга ширк келтиришарди. Абу Бакр розияллоҳу анҳу: “Роббим Аллоҳ шериги йўқ, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг бандаси ва расулидир”, деб жавоб қайтарарди.

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. «Албатта: “Роббимиз – Аллоҳ” ояти нозил бўлганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Яҳудий ва насронийлар Аллоҳ таолога ширк келтирдилар. Лекин умматим Роббим Аллоҳ дейди ва У зотга бирор нарсани шерик қилмайди”, дедилар.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Албатта: “Роббимиз – Аллоҳ”, деб сўнгра тўғри бўлган зотлар» оятини ўқидилар ва: “Одамлар: “Роббим Аллоҳ”, дедилар. Аммо уларнинг аксарияти куфр келтирдилар. Ким Роббим Аллоҳ деб вафот этса, батаҳқиқ тўғри йўлда бўлганлардан бўлибди”, дедилар.

Саид ибн Имрон розияллоҳу анҳу айтади: “Абу Бакр розияллоҳу анҳу ҳузурида «Албатта: “Роббимиз – Аллоҳ”, деб сўнгра тўғри бўлган зотлар» оятини тиловат қилдим”. Шунда Абу Бакр розияллоҳу анҳу: “Улар Аллоҳ таоло ширк келтирмайдиганлар”, деди.

Тафсирларда “тўғри бўлган зотлар...” – “Аллоҳ таоло яккадир, Унинг шериги йўкдир”, деб айтувчи, ушбу ақидада дил ва амал билан доимо собит бўлувчи ҳамда Аллоҳ таоло буюрган солиҳ амалларни адо этувчи ҳамда қайтарганларидан қайтувчи бандалар дейилган.

Суфён ибн Абдуллоҳ Сақафий розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Ё Расулуллоҳ менга бир ишни айтингки, уни маҳкам ушлай”, дедим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Роббим – Аллоҳ, сўнг тўғри бўл”, дедилар. Мен: “Ё Расулуллоҳ! Менга энг катта зарар келтирадиган нарса нима?” деб сўрадим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тилларига ишора қилиб: “Мана бу”, дедилар (Имом Муслим, Имом Термизий, Имом Насоий ривояти).

Тўрт халифаи рошидин розияллоҳу анҳум “тўғри бўлган зотлар...”нинг фазилатларини турлича шарҳлаганлар: Ҳазрат Абу Бакр розияллоҳу анҳу: “Сўзи ва амали бир бўлган, Аллоҳ таолога бирор нарсани шерик қилмайдиганлар”, деганлар.

Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу минбарда туриб ушбу оятни ўқиди ва: “Аллоҳ таолога итоат этишда бардавом бўлувчилар. Яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарувчилар”, дедилар.

Ҳазрат Усмон розияллоҳу анҳу: “Амалларни холис Аллоҳ учун адо этувчилар”, Али каррамаллоҳу важҳаҳу эса: “Фарзларни бажарувчилар”, деганлар.

Ҳазрат Абу Бакр розияллоҳу анҳу саҳобалардан оятдаги “тўғри бўлган зотлар...” кимлар экани ҳақида сўрадилар. Улар: “Гуноҳ қилмайдиганлар”, деб жавоб беришди. Абу Бакр розияллоҳу анҳу: “Қийинлаштириб юбордингиз. Ундай эмас, балки иймон келтиргандан кейин Аллоҳ таолога ширк келтирмайдиганлар”, дедилар.

Абу Лайс Самарқандий раҳимаҳуллоҳ “тўғри бўлган зотлар..”нинг сифатларини бундай баён қилади: ғийбат қилмайдиганлар, гумондан сақланувчилар, мазахдан узоқ бўлганлар, номаҳрамларга қарашдан кўзини тиювчилар, рост сўзловчилар, хайр, садақа қилувчилар, исроф қилмайдиганлар, кибрга берилмайдиганлар, намозни ўз вақтида адо этувчилар, жамоатга эргашувчилар.

Ана шундай сифатлар билан хулқланган бандалар охиратдаги ҳоллари, қилиб ўтган амаллари натижаси қандай бўлиши ҳақида хавфсираганларида фаришталар уларнинг қалбига хотиржамлик бағишловчи бундай хушхабарлар етказишади: “Қўрқмангиз ва ғамгин ҳам бўлмангиз! Сизларга ваъда қилинган жаннат хушхабари билан шодланингиз. Биз ҳаёти дунёда ҳам, охиратда ҳам сизларнинг дўстларингиздирмиз!”.

Ушбу оят тафсирида аллома, доктор Ваҳба Зуҳайлий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Фаришталар мўминларга уч ҳолат: вафот этаётганда, қабрда ва қайта тирилганда яқин келадидар ва: “Қўрқманглар, маҳзун ҳам бўлманглар. Сизлар учун ҳеч қандай хавф-хатар йўқ. Чунки сиз ҳаётлик вақтингизда “Роббимиз – Аллоҳ” дедингиз ва ўша сўзда собит турдингиз. Сизларга ваъда қилинган жаннатга киришингиз ва у ерда абадий қолишингиз ҳақида башорат берамиз. Дунё ҳаётида Аллоҳ таоло бизни сизларга химоячи, дўстингиз қилиб кўйганидек, охиратда ҳам сизлар билан биргамиз”, дейдилар».

Фаришталар мўминларга жаннат башоратини бериш билан бирга, жаннат васфини ҳам баён этадилар: “Сизлар учун (жаннатда) кўнгилларингиз тилаган нарсалар ва сизлар учун у жойда истаган нарсаларингиз муҳайёдир”.

Шайх Муҳаммад Мутаваллий Шаъровий раҳимаҳуллоҳ ушбу оятнинг шарҳида: “Замонавий илм-фан ютуқлари қанчалик ривожланмасин, кўнгил истаган нарсани махсус тугмача топиб босмагунча муҳайё қила олмаслар. Жаннатда эса, кўнгилга келтирилса бас, у муҳайёдир. Жиҳозга ҳожат йўқ”, дейди.

Жаннатда кўнгил нимани тусаса, ўша нарса дарҳол муҳайё қилинади. Жаннатда жаннат аҳли учун фақат роҳат-фароғат, анвойи нозу неъматлар бўлади, у ерда ўлим, касаллик, мусибату ғам-ташвиш бўлмас: “Албатта, жаннат аҳли у кунда (роҳат ва фароғат) иш(лари)билан шоддирлар” (Ёсин сураси, 55-оят).

Жаннат аҳли турли хил ширин мевалар истеъмол қиладилар: «...Ризқ этилган мевалардан ҳар гал тановул қилганларида: “Бу илгари биз еган меваларнинг худди ўзи-ку?!” дейдилар. Зеро, уларга (сурати)бир-бирига ўхшаш мевалар берилган эди...» (Бақара сураси, 25-оят).

Жаннатдаги ноз-неъматларнинг ташқи кўриниши худди бу дунёдагига ўхшаш бўлиб, мазасининг тотлилиги билан фарқ қилар экан. Жаннат аҳли тановул қилмай туриб: “Бу олдин (дунёда) тановул қилган нарсаларимизнинг ўзи-ку!” дер эканлар. Еб кўрганларидан кейин эса, жаннат меваларининг мислсиз тотли эканига амин бўлар эканлар.

Зикр этилган жаннат ва унинг неъматлари “Роббимиз – Аллоҳ” деган ва шунда собит бўлган мўмин-мусулмонлар учун “(Бу) мағфиратли ва меҳрибон Зот (Аллоҳ томони)дан бўлмиш зиёфатдир”.

Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг зиёфатидан баҳраманд бўлувчи бандалари қаторига қўшсин.

Абу Мансур Мотуридийнинг “Таъвилоту аҳлис сунна”,
Ваҳба Зуҳайлийнинг “Тафсирул мунийр” асарларида асосида
Даврон НУРМУҲАММАД тайёрлади.