Юз берган кучли тўфондан бир бой кишининг барча мол-дунёси сувга ғарқ бўлибди. Бутун бойлиги бирпасда йўқ бўлганига чидамаган бой кўчаларда фарёду-фиғон чекиб йиғлаб кетаётса, қаршисидан бир одам чиқиб қолибди:
- Кап-катта одамга йиғлаш нимаси? - дея савол берибди ажабланиб.
- Мен йиғламай ким йиғласин? - дебди у. - Бир зумда ҳамма мол-мулкимдан айрилиб, фақир-қашшоқ бўлиб қолдим-ку!..
- Кўп ғам чекма, - дея овутишга тушибди йўловчи киши. - Умр йўлдошинг борми?
- Бор, - дебди бой бироз ҳайрон бўлиб.
- Унинг ақлу-ҳуши, фаросати борми? Бой бир зум ўйланиб қолибди ва:
- Ҳа, бу жиҳатдан бахтиёрман! Фаросатли, солиҳа, ҳар доим кайфиятимга қараб яшайдиган жуфти ҳалолим бор, - дебди бой.
- У ҳолда нега йиғлайсан, эй ғофил банда?! Бу дунёда мато учун ҳам кўз-ёш тўкадими, одам? Сабоқ учун бир гап айтай сенга, мен шундай бир хотинга уйланганманки, эрнинг қадр-қимматига етмайди. Сен фалокатнинг нималигини билмас экансан. Агар сен ҳам ақли калта, тили узун, жағи тинмас бир хотинга уйланган бўлганингда, ўшанда билардинг ҳақиқий фалокат нималигини! Дўконларинг сувга ғарқ бўлган бўлса, сен соғ экансан-ку, ҳаммасини топасан. Фақат ёнингда кўнглингдагидек аёлинг сенга мададкор бўлса, маънавий қувват бериб турса тезда ўзингни ўнглаб оласан, - дебди, йўловчи.
Халқимизда "Яхши хотин ярим давлат" деган гап бежиз айтилмаган. Дарҳақиқат, солиҳа, оқила аёл фақат жуфти ҳалолининг эмас, бутун жамиятнинг гултожи ҳисобланади. Чунки, тарбияси гўзал аёл аввало, ота-оналарини эъзозлайди, турмуш ўртоғини ардоқлайди, асосийси, фарзандларига чиройли тарбия бериб, жамиятга комил инсонларни вояга етказиб беради.
ТИИ талабаси
Тожиддинов Абдуссомад
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Мусо алайҳиссалом замонида бир камбағал эр-хотин яшар, йиллар давомида қашшоқликда кун кечирарди.
Бир куни хотини эрига:
- Мусо Аллоҳнинг пайғамбари эмасми? - деди.
- Аллоҳнинг пайғамбари, - деди эри.
- Унинг ҳузурига бориб, аҳволимизни айтмаймизми? Роббига бизнинг ҳақимизда дуо қилса, балки Аллоҳ таоло бизга ҳам бойлик ато этар. Шунда қолган умримизни фаровонликда ўтказармидик?!
Эри рози бўлди.
Эртаси куни улар Мусо алайҳиссалом ҳузурига бориб, аҳволларини баён қилди. Мусо алайҳиссалом муножот қилиб, уларнинг ҳақига дуо қилди. Шунда Аллоҳ таоло ваҳий юборди:
- Эй Мусо, уларга айтгин. Мен уларни бой қиламан, аммо фақат бир йилга. Бир йилдан сўнг яна аввалги ҳолларига қайтишади.
Мусо алайҳиссаломдан бу хабарни эшитган эр-хотин хурсанд бўлишди. Орадан кўп ўтмай ризқлари кутилмаган томонлардан келиб, қавмининг бой кишисига айланди.
Бир куни хотин эрига бундай деди:
- Эсингизда бўлса, бу бойлик бир йилгагина.
Эри бош ирғаб:
- Унда кел, шу неъматлардан муҳтожларга улашайлик. Улар қилган яхшилигимизни эслаб, бизни дуо қилишар, - деди.
Шу мақсадда улар карвонлар кўп ўтадиган йўл юзда катта уй қуриб, ундан еттита эшик очди. Сўнгра кечаю кундуз йўловчиларни кутиб олиб, уларни меҳмон қилишарди. Шу тарзда бир йил ўтди. Улар эҳсон қилишдан тўхтамади. Лекин уларнинг бойлиги камаймас эди.
Мусо алайҳиссалом ажабланиб, Роббига муножот қилди:
- Эй Роббим. Сен уларга фақат бир йил деган эдинг. Муддат ўтса-да, ҳануз бойлиги камаймаслигидан ажабланяпман.
Аллоҳ таоло марҳамат қилди:
- Эй Мусо, Мен уларга ризқ эшикларидан биттасини очдим. Улар эса бандаларимни ризқлантириш учун еттита эшик очдилар. Мен улардан ҳаё қилдим. Менинг бандам Мендан ҳам сахий бўладими?..
Субҳаналлоҳ! Аллоҳ ҳар бир сахийдан сахийроқ, ҳар бир раҳмлидан раҳмлироқдир!..
Илёсхон Аҳмедов