Юз берган кучли тўфондан бир бой кишининг барча мол-дунёси сувга ғарқ бўлибди. Бутун бойлиги бирпасда йўқ бўлганига чидамаган бой кўчаларда фарёду-фиғон чекиб йиғлаб кетаётса, қаршисидан бир одам чиқиб қолибди:
- Кап-катта одамга йиғлаш нимаси? - дея савол берибди ажабланиб.
- Мен йиғламай ким йиғласин? - дебди у. - Бир зумда ҳамма мол-мулкимдан айрилиб, фақир-қашшоқ бўлиб қолдим-ку!..
- Кўп ғам чекма, - дея овутишга тушибди йўловчи киши. - Умр йўлдошинг борми?
- Бор, - дебди бой бироз ҳайрон бўлиб.
- Унинг ақлу-ҳуши, фаросати борми? Бой бир зум ўйланиб қолибди ва:
- Ҳа, бу жиҳатдан бахтиёрман! Фаросатли, солиҳа, ҳар доим кайфиятимга қараб яшайдиган жуфти ҳалолим бор, - дебди бой.
- У ҳолда нега йиғлайсан, эй ғофил банда?! Бу дунёда мато учун ҳам кўз-ёш тўкадими, одам? Сабоқ учун бир гап айтай сенга, мен шундай бир хотинга уйланганманки, эрнинг қадр-қимматига етмайди. Сен фалокатнинг нималигини билмас экансан. Агар сен ҳам ақли калта, тили узун, жағи тинмас бир хотинга уйланган бўлганингда, ўшанда билардинг ҳақиқий фалокат нималигини! Дўконларинг сувга ғарқ бўлган бўлса, сен соғ экансан-ку, ҳаммасини топасан. Фақат ёнингда кўнглингдагидек аёлинг сенга мададкор бўлса, маънавий қувват бериб турса тезда ўзингни ўнглаб оласан, - дебди, йўловчи.
Халқимизда "Яхши хотин ярим давлат" деган гап бежиз айтилмаган. Дарҳақиқат, солиҳа, оқила аёл фақат жуфти ҳалолининг эмас, бутун жамиятнинг гултожи ҳисобланади. Чунки, тарбияси гўзал аёл аввало, ота-оналарини эъзозлайди, турмуш ўртоғини ардоқлайди, асосийси, фарзандларига чиройли тарбия бериб, жамиятга комил инсонларни вояга етказиб беради.
ТИИ талабаси
Тожиддинов Абдуссомад
Тил шунчаки муомала ва мулоқот воситаси эмас. У инсонга Аллоҳ табoрака ва таoлонинг ато этган энг улуғ илоҳий неъматларидан биридир. Қуръони каримда инсоннинг яратилиши ва унга баён, яъни сўзлаш, фикр, ифодалаш таълим берилганини алоҳида таъкидланади: «Ар-Роҳман. Қуръонни ўргатди. Инсонни яратди. Унга баённи ўргатди» («Ар-Роҳман» сураси, 1–4-оятлар).
Ислом ақидасига кўра, дунёдаги ранг-баранг тиллар ва лаҳжалар Аллоҳ таолонинг чексиз қудрати ва ҳикматини кўрсатувчи оят-далиллардир. Ер юзида турли миллат ва элатларнинг мавжудлиги, уларнинг ўз тилига эга экани тасодиф эмас, балки Илоҳий ироданинг гўзал ифодасидир. Бу ҳақда илоҳий каломда бундай марҳамат қилинади: «Ва Унинг оятларидан (қудрати далилларидан) осмонлар ва ернинг яратилиши ҳамда тилларингиз ва рангларингизнинг турлича бўлишидир...» («Рум» сураси, 22-оят).
Она тили ҳар бир халқнинг ўзлиги, маънавий қиёфаси ва руҳий дунёсини акс эттирувчи кўзгудир. Ҳар бир пайғамбар ўз қавмига тушунарли бўлиши учун айнан ўз халқининг тилида юборилган. Бу ҳақда ҳам Қуръони каримда бундай дейилади: «Биз ҳар бир пайғамбарни ўз қавми тили билан юбордик, токи уларга (илоҳий ҳукмларни) баён қилиб берсин» («Иброҳим» сураси, 4-оят).
Бу оятдан кўринадики, тил – динни, эзгуликни ва ҳақиқатни етказишнинг энг муҳим воситасидир. Тилни асраш ва уни ривожлантириш – Аллоҳ берган омонатни асраш билан тенгдир.
Ислом дини нафақат тилнинг келиб чиқиши ва қадрига, балки ундан фойдаланиш одобига ҳам жуда катта эътибор беради. Мусулмон кишининг тили фақат яхшилик ва эзгулик таратадиган восита бўлиши лозим. Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай марҳамат қилганлар:
«Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, фақат хайрли (яхши) сўзларни сўзласин ёки сукут сақласин» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Она тилимиз бўлмиш ўзбек тили асрлар давомида Ислом маърифати, тасаввуф ҳикматлари ва юксак ахлоқ билан суғорилган. Алишер Навоий, Аҳмад Яссавий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби улуғ алломаларимиз бу тилни энг юксак мақомларга кўтарганлар. Навоий ҳазратлари таъкидлаганларидек: «Тилга эътиборсиз – элга эътиборсиз», ўз она тилини ҳурмат қилмайдиган, уни эъзозламайдиган кишилар элига, миллатига эътиборсиз бўладилар. Бундай кимсалар тил, миллат, ватан тушунчаларининг асл моҳиятини, қадр-қимматини ҳеч қачон англаб етолмайдилар. Шу ўринда Ислом нуқтаи назаридан тилни тоза сақлаш қандай одобларни талаб этиши масаласига тўхталиб ўтсак. Зеро, бу одоблар барчамиз учун жуда зарур, чунки уларнинг замирида она тилига ҳурмат-эътибор масаласи ётади. Бу одобларнинг асосийлари қуйидагилардир:
1. Сўзни поклаш, яъни тилни ёлғон, ғийбат, чақимчилик, сўкиниш ва беҳаё сўзлардан асраш.
2. Тил софлигини сақлаш – миллат тилини бегона, ахлоққа зид ва мазмунсиз иборалар билан бузмаслик.
3. Пайғамбар суннатига эргашиш: Набий алайҳиссалом сўзлаганда жуда аниқ, тушунарли ва ширинсўзлик билан, тингловчига озор бермай сўзлар эдилар.
Шуни унутмаслик керакки, миллий ўзликни англаш она тили ва келажак олдидаги масъулиятни ҳис қилишдан бошланади. Она тилини севиш, уни эъзозлаш ва кейинги авлодларга соф ҳолида етказиш – ҳар бир инсоннинг ватанпарварлик ва маънавий бурчидир. Ислом таълимотида Ватанни севиш ва унинг қадриятларини асраш иймоннинг гўзал кўринишларидан саналади. Тил эса Ватаннинг маънавий чегарасидир. Бу чегарани қўриқлаш Ватан сарҳадларини қўриқлаш каби муҳим ва шарафли ишдир.
Бизнинг ўзбек тилимиз – Имом Бухорий, Имом Термизий, Маҳмуд Замахшарий каби дунёга машҳур алломалар юртида шаклланган ва бойиган тилдир. Бу тилда қанчадан-қанча илмий ва диний асарлар битган, ҳикматлар айтилган. Агар биз ўз тилимизни унутсак ёки унга бепарво бўлсак, ўз миллий илдизларимиздан ва бой маънавий меросимиздан узилиб қоламиз. Тилни асраш, уни ёш авлодга пок, мукаммал ва гўзал кўринишда мерос қолдиришимиз учун қуйидаги ҳаракатларни қилишимиз зарур.
Оилада она тили муҳитини мустаҳкамлаш, яъни фарзандларимизга ёшлигидан она тилимизнинг нафосатини, бойлигини ва гўзаллигини сингдириш.
Илм ва маърифат тилига айлантириш, яъни замонавий фан, технология ва Ислом маърифатини она тилимизда кенг тарғиб қилиш ва асарлар таржима қилиш.
Сўз масъулиятини ҳис қилиш, яъни ҳар бир ёзилган ва айтилган сўз учун Парвардигор олдида жавобгар эканимизни унутмаслик.
Биз бугун шунга аҳамият бермоғимиз лозимки, тил байрами – бу шунчаки байрам санаси эмас, балки Аллоҳ таоло томонидан берилган буюк неъматдир. Унга шукроналик билдириш ва ўзликни англаш кунидир. Она тилимизни асраб-авайлаш, унинг софлиги ва жозибадорлигини сақлаш, тилимизда эзгу ва хайрли сўзларни сўзлаш ҳар биримизнинг инсоний ва диний бурчимиздир.
Аллоҳ таоло она тилимизнинг қадри ва мақомини ҳамиша баланд қилсин, юртимизни маърифат ва тинчлик нури билан мунаввар айласин!
Алишер домла Наимов,
Фарғона вилояти бош имом хатиб ўринбосари,
Уламолар кенгаши аъзоси.