Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
09 Ноябр, 2026   |   29 Жумадул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:43
Қуёш
07:04
Пешин
12:12
Аср
15:28
Шом
17:12
Хуфтон
18:28
Bismillah
09 Ноябр, 2026, 29 Жумадул аввал, 1448

Ибратли дунё

10.02.2017   19557   2 min.
Ибратли дунё

Юз берган кучли тўфондан бир бой кишининг барча мол-дунёси сувга ғарқ бўлибди. Бутун бойлиги бирпасда йўқ бўлганига чидамаган бой кўчаларда фарёду-фиғон чекиб йиғлаб кетаётса, қаршисидан бир одам чиқиб қолибди:

- Кап-катта одамга йиғлаш нимаси? - дея савол берибди ажабланиб.

- Мен йиғламай ким йиғласин? - дебди у. - Бир зумда ҳамма мол-мулкимдан айрилиб, фақир-қашшоқ бўлиб қолдим-ку!..

- Кўп ғам чекма, - дея овутишга тушибди йўловчи киши. - Умр йўлдошинг борми?

- Бор, - дебди бой бироз ҳайрон бўлиб.

- Унинг ақлу-ҳуши, фаросати борми? Бой бир зум ўйланиб қолибди ва:

- Ҳа, бу жиҳатдан бахтиёрман! Фаросатли, солиҳа, ҳар доим кайфиятимга қараб яшайдиган жуфти ҳалолим бор, - дебди бой.

- У ҳолда нега йиғлайсан, эй ғофил банда?! Бу дунёда мато учун ҳам кўз-ёш тўкадими, одам? Сабоқ учун бир гап айтай сенга, мен шундай бир хотинга уйланганманки, эрнинг қадр-қимматига етмайди. Сен фалокатнинг нималигини билмас экансан. Агар сен ҳам ақли калта, тили узун, жағи тинмас бир хотинга уйланган бўлганингда, ўшанда билардинг ҳақиқий фалокат нималигини! Дўконларинг сувга ғарқ бўлган бўлса, сен соғ экансан-ку, ҳаммасини топасан. Фақат ёнингда кўнглингдагидек аёлинг сенга мададкор бўлса, маънавий қувват бериб турса тезда ўзингни ўнглаб оласан, - дебди, йўловчи.

Халқимизда "Яхши хотин ярим давлат" деган гап бежиз айтилмаган. Дарҳақиқат, солиҳа, оқила аёл фақат жуфти ҳалолининг эмас, бутун жамиятнинг гултожи ҳисобланади. Чунки, тарбияси гўзал аёл аввало, ота-оналарини эъзозлайди, турмуш ўртоғини ардоқлайди, асосийси, фарзандларига чиройли тарбия бериб, жамиятга комил инсонларни вояга етказиб беради.

ТИИ талабаси

Тожиддинов Абдуссомад

Бошқа мақолалар

Тилга эътибор – элга эътибор!

19.10.2026   40027   7 min.
Тилга эътибор – элга эътибор!

Инсоният тарихининг қайси бир даврига назар ташламайлик, миллатнинг мавжудлиги, унинг ўзига хослиги ва маънавий қиёфасини белгиловчи энг бош омил бу — унинг тили эканига гувоҳ бўламиз. Тил шунчаки алоқа воситаси эмас, балки халқнинг маданияти, дунёқараши, ўтмиши ва келажагини ўзида мужассам этган жонли хазинадир. Ўзбек тили асрлар давомида турли мураккаб синовларни, ижтимоий-сиёсий тўфонларни бошидан кечириб, бугунги кунда мустақил давлатимизнинг расмий байроғи, мадҳияси ва герби каби муқаддас рамзларидан бирига айланди.


1989-йил 21-октябр куни ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилиши мамлакатимиз тарихида миллий мустақилликка эришиш йўлидаги энг улкан ва дадил қадамлардан бири бўлган эди. Мазкур сана жамиятимиз ҳаётида ҳар йили нафақат расмий байрам, балки ўзликни англаш, аждодлар меросига эҳтиром кўрсатиш ва келажак пойдеворини мустаҳкамлаш куни сифатида кенг нишонланади. “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси каби диний-маърифий масканлар зиммасига ҳам бугунги кунда давлат тилининг жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлаш, унинг илмий салоҳиятини ошириш борасида муҳим вазифалар юкланган.


Ислом дини инсониятга ато этилган барча неъматларга алоҳида масъулият билан ёндашишни буюради. Ер юзида турли миллат ва элатларнинг мавжудлиги, уларнинг ўзаро фарқли тилларда сўзлашиши тасодиф ёки оддий ижтимоий ҳодиса эмас, балки тўғридан-тўғри Яратганнинг ҳикмати ва Унинг улуғворлигига далолат қилувчи оят-белгидир. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Рум сураси 22-оятида шундай дейди: “Унинг белгиларидан (яна бири) - осмонлар ва Ерни яратиши ва сизларнинг тилларингиз ва рангларингизни хилма-хиллигидир. Албатта, бунда барча оламлар учун аломатлар бордир”.


Ушбу илоҳий каломдан маълум бўладики, тилларнинг хилма-хиллиги инсоният томонидан сунъий равишда яратилган эмас, балки коинотнинг яралиши каби юксак низом ва илоҳий ирода маҳсулидир. Демак, ҳар бир халқ ўз она тилини сақлаши, уни асраб-авайлаши ва ривожлантириши Яратганнинг бу буюк неъматига шукрона келтиришнинг бир кўринишидир. Зеро, ҳар бир лисон ўзида муайян бир қавмнинг асрий тажрибаси ва маданий бойлигини омонат сифатида сақлайди.


Каломнинг гўзаллиги ва тилнинг софлиги инсоннинг ички маънавий дунёсини, унинг иймоний комиллигини кўрсатувчи муҳим мезондир. Ислом дини ҳар бир мўминни ўз тилидан фақат яхшилик, маърифат ва чиройли сўзларни чиқаришга тарғиб қилади. Бу борада Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўплаб саҳиҳ ҳадислар ворид бўлган.


Имом Бухорий ва Имом Муслим ўзларининг саҳиҳ тўпламларида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, яхши гапни гапирсин ёки сукут сақласин”.


Ушбу ҳадис инсоннинг сўзлашув маданиятини унинг эътиқоди билан узвий боғламоқда. Яхши сўз, гўзал нутқ ва лисоний мукаммаллик жамиятда фитна ва бузғунчиликнинг олдини олади. Тилдан ўринли фойдаланиш, адабий тил меъёрларига риоя қилиш ва сўзларни аслига мувофиқ ишлатиш ҳам ўз навбатида мулоқот маданиятининг олий намунасидир.


Бугунги ўзбек адабий тилининг шаклланиши ва ривожланиш тарихи Мовароуннаҳр заминидаги буюк илмий-маданий юксалишлар билан чамбарчас боғлиқдир. Маълумки, ўрта асрларда ушбу минтақада араб ва форс тиллари илм-фан ҳамда шеърият тили сифатида кенг қўлланган бўлса-да, туркий халқларнинг ўз тили ҳам чуқур ижтимоий-маданий асосга эга эди.


Маҳмуд Қошғарийнинг “Девону луғатит турк” асари туркий тилнинг бойлиги, лексик имкониятлари ва араб тилидан қолишмаслигини исботлаш йўлидаги илк улкан илмий қадам эди. Кейинчалик, Темурийлар ренессанси даврида ҳазрат Алишер Навоий ўзининг “Муҳокаматул-луғатайн” (Икки тил муҳокамаси) асари орқали туркий тилнинг нақадар жозибадор, бой ва чуқур маъноларни ифодалашга қодир лисон эканини илмий асосда мукаммал исботлаб берди. Навоий бобомиз ўз она тилида бетакрор шоҳ асарлар яратиб, уни жаҳон адабиёти даражасига кўтарди. Демак, бугунги давлат тилимиз — шунчаки оддий сўзлашув тили эмас, балки буюк мутафаккирлар, фақиҳлар ва алломаларнинг илмий ва ижодий меҳнати синган юксак меросдир.


Ҳар қандай мустақил давлатнинг ўзига хос суверенитет белгилари бўлади. Тил — давлатнинг сиёсий, ижтимоий ва маданий мустақиллигини таъминловчи энг бош қуролдир. Давлат тили жамиятдаги барча миллат ва элатларни ягона давлат тузилмаси ва умумий мақсадлар атрофида бирлаштирувчи воситадир. Конституциямизда ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги мақоми қатъий белгилаб қўйилганлиги мамлакатимизда қонун устуворлиги ва миллий манфаатларнинг ҳимоясидир.


Жамият ҳаётида, давлат бошқарувида, расмий иш юритишда, халқаро алоқаларда ўзбек тилининг кенг қўлланиши миллий ғуруримизни юксалтиради. Шу боис, ҳар бир фуқаро, айниқса, давлат идораларида фаолият юритаётган масъул шахслар адабий тил меъёрларига қатъий риоя қилишлари шарт. Давлат тилининг мавқейини ошириш — миллий мустақилликни мустаҳкамлаш билан баробардир.


Бугунги кунда жаҳон глобаллашуви шароитида тилимиз ўзининг соф жозибасини йўқотмаслиги учун ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ эътибор талаб қилинмоқда. Жамиятимиз ҳаётида лисоний маданият билан боғлиқ айрим камчиликлар кўзга ташланмоқда. Кўчалардаги реклама баннерлари, дўконлар номланиши, оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлардаги имло хатолари, чет тилидан кириб келаётган ва тилимизда муқобили бор сўзларнинг ўринсиз қўлланиши ачинарли ҳолдир.


“Тилга эътибор — элга эътибор” деган шиор шунчаки баландпарвоз гап эмас. Ким ўз миллатининг тилини ҳурмат қилмаса, у ўз элини, миллий қадриятларини ҳам ҳурмат қилмаган бўлади. Давлат тилини тоза сақлаш, ёшлар онгига сохта ва сунъий сўзларни киритмаслик — бугунги кун зиёлилари, педагоглари ва айниқса, диний уламоларнинг асосий вазифаларидан биридир. Биз ёш авлодга она тилида тўғри ва равон гапиришни, уни қадрлашни ўргатишимиз лозим.


Хулоса қилиб айтганда, ўзбек тили — халқимизнинг ўтмиши, бугуни ва келажагини боғловчи энг гўзал ва мустаҳкам маънавий кўприкдир. Уни асраш, бойитиш ва жамият ҳаётидаги мавқейини юксалтириш ҳар бир ватандошимизнинг, хусусан, илм аҳлининг муқаддас бурчидир. 21-октябр — Ўзбек тили байрами куни муносабати билан барчамиз она тилимиз софлиги учун масъул эканлигимизни чуқур ҳис этмоғимиз лозим.


Тилимиз яшаса — миллатимиз яшайди, давлатимиз барқарор бўлади. Она тилимизнинг нуфузи ва гўзаллиги ҳеч қачон сўнмасин, у келажак авлодларга муносиб омонат сифатида соф ва бой шаклда етказилса, аждодларимиз руҳи шод, келажагимиз эса буюк бўлади.

Шаҳзод Эшбоев,
“Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси