Юз берган кучли тўфондан бир бой кишининг барча мол-дунёси сувга ғарқ бўлибди. Бутун бойлиги бирпасда йўқ бўлганига чидамаган бой кўчаларда фарёду-фиғон чекиб йиғлаб кетаётса, қаршисидан бир одам чиқиб қолибди:
- Кап-катта одамга йиғлаш нимаси? - дея савол берибди ажабланиб.
- Мен йиғламай ким йиғласин? - дебди у. - Бир зумда ҳамма мол-мулкимдан айрилиб, фақир-қашшоқ бўлиб қолдим-ку!..
- Кўп ғам чекма, - дея овутишга тушибди йўловчи киши. - Умр йўлдошинг борми?
- Бор, - дебди бой бироз ҳайрон бўлиб.
- Унинг ақлу-ҳуши, фаросати борми? Бой бир зум ўйланиб қолибди ва:
- Ҳа, бу жиҳатдан бахтиёрман! Фаросатли, солиҳа, ҳар доим кайфиятимга қараб яшайдиган жуфти ҳалолим бор, - дебди бой.
- У ҳолда нега йиғлайсан, эй ғофил банда?! Бу дунёда мато учун ҳам кўз-ёш тўкадими, одам? Сабоқ учун бир гап айтай сенга, мен шундай бир хотинга уйланганманки, эрнинг қадр-қимматига етмайди. Сен фалокатнинг нималигини билмас экансан. Агар сен ҳам ақли калта, тили узун, жағи тинмас бир хотинга уйланган бўлганингда, ўшанда билардинг ҳақиқий фалокат нималигини! Дўконларинг сувга ғарқ бўлган бўлса, сен соғ экансан-ку, ҳаммасини топасан. Фақат ёнингда кўнглингдагидек аёлинг сенга мададкор бўлса, маънавий қувват бериб турса тезда ўзингни ўнглаб оласан, - дебди, йўловчи.
Халқимизда "Яхши хотин ярим давлат" деган гап бежиз айтилмаган. Дарҳақиқат, солиҳа, оқила аёл фақат жуфти ҳалолининг эмас, бутун жамиятнинг гултожи ҳисобланади. Чунки, тарбияси гўзал аёл аввало, ота-оналарини эъзозлайди, турмуш ўртоғини ардоқлайди, асосийси, фарзандларига чиройли тарбия бериб, жамиятга комил инсонларни вояга етказиб беради.
ТИИ талабаси
Тожиддинов Абдуссомад
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ассалому алайкум, ҳурматли юртдошлар!
Муҳтарам Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимизда аҳоли учун муносиб турмуш шароитларини яратиш, ижтимоий-инфратузилма объектларини куз-қиш мавсумига сифатли тайёрлаш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Ушбу тизимли янгиланишларнинг узвий давоми сифатида, Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан тизимдаги масжидларда 2026–2027 йиллар куз-қиш мавсумини барқарор ва беталофат ўтказиш, шунингдек, намозхонлар учун қулай ва иссиқ шароитлар яратиш бўйича мақсадли чора-тадбирлар дастури ижроси таъминланмоқда.
Бугунги брифингимизда мазкур йўналишда амалга оширилган ишларнинг энг муҳим рақамлари ва натижаларини эътиборингизга ҳавола этамиз.
Бугунги кунда республика бўйича мавжуд 2 163 та масжиднинг 2 078 таси (яъни 96,1 фоизи) иситиш манбалари ва тизимлари билан тўлиқ таъминланди. Манбалар кесимида таҳлил қиладиган бўлсак:
973 та масжид — табиий газ;
810 та масжид — барқарор электр энергияси;
295 та масжид — қаттиқ ёқилғи (кўмир ва ўтин) ёрдамида иситилмоқда.
Ҳозирги дақиқаларда қолган 85 та масжидда иситиш тизимларини модернизация қилиш ва ишга тушириш бўйича якуний босқич ишлари режа жадвали асосида олиб борилмоқда.
Давлатимизнинг қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш сиёсатига мос равишда, диний-маърифий соҳада ҳам экологик ва энергия тежамкор технологиялар фаол жорий этилмоқда. Ушбу мавсумда ушбу йўналишда қуйидаги кўрсаткичларга эришилди:
Қуёш панеллари: Республикадаги 1 888 та масжидда (умумий масжидларнинг 87,3 фоизида) жами қуввати 13 942 кВт бўлган замонавий қуёш панеллари ўрнатилди. Эндиликда ушбу масжидлар нафақат ўз эҳтиёжини қоплайди, балки тармоққа энергия сотиш имкониятига ҳам эга бўлмоқда.
Иссиқ сув таъминоти: Кўплаб масжидларда умумий сиғими 189 150 литр бўлган гелиоколлекторлар (қуёш сув иситгичлари) ишга туширилди. Бу ибодат қилувчиларга қиш мавсумида ҳам узлуксиз ва экологик тоза иссиқ сув (таҳоратхоналар учун) таъминотини кафолатлайди.
Мавсум давомида кутилмаган аномал совуқлар ёки техник узилишларнинг олдини олиш мақсадида жойларда 980 тонна кўмир ва ўтин захираси шакллантирилди.
Иқлим шароитидан келиб чиқиб, асосий захиралар водий вилоятларига йўналтирилди.
Шу билан бирга, «Вақф» хайрия жамоат фонди томонидан тизим ходимларини ижтимоий ҳимоя қилиш ва чекка ҳудудлардаги масжидларни қўллаб-қувватлаш бўйича алоҳида дастур амалга оширилди. Фонд ҳисобидан жами 251 тонна кўмир қуйидаги тартибда манзилли етказилди:
130 та масжидга — 130 тонна (иситиш мавсуми учун);
Ижтимоий кўмакка муҳтож ва чекка ҳудудларда хизмат қилаётган 121 нафар масжид ходимининг хонадонига қишни беталофат ўтказишлари учун 1 тоннадан (жами 121 тонна) кўмир бепул етказиб берилди.
Куз-қиш мавсумида нафақат иссиқлик, балки фуқароларимиз хавфсизлигини таъминлаш бош вазифамиздир. Шу мақсадда Диний идоранинг ҳудудий вакилликлари, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва тегишли соҳа мутахассислари билан ҳамкорликда тузилган махсус ишчи гуруҳлар томонидан доимий назорат тадбирлари йўлга қўйилган.
Бунда асосий эътибор:
Иситиш ускуналари, қозонхоналар ва дудбуронларнинг техник созлигини қайта кўрикдан ўтказиш;
Ёнғин хавфсизлиги қоидаларига қатъий риоя этилиши;
Энг муҳими — ис газидан заҳарланиш ва ҳаво айланиш тизимларидаги носозликларнинг олдини олишга қаратилган. Масжидлар ходимлари учун бу бўйича махсус йўриқномалар ва техник вазифалар белгилаб берилган.
Ҳурматли ҳамюртлар!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимидаги масжидлар қишги мавсумига тўлиқ тайёр. Юртимиздаги ислоҳотларга мос равишда, масжидларимиз нафақат ибодат маскани, балки ижтимоий масъулият ва хавфсизлиги юқори даражада таъминланган намунали масканларга айланмоқда.
Мақсадимиз — мўмин-мусулмон юртдошларимизнинг ибодатларини хотиржам, иссиқ ва шинам шароитларда адо этишларини таъминлашдир.
Эътиборингиз учун раҳмат!