Юз берган кучли тўфондан бир бой кишининг барча мол-дунёси сувга ғарқ бўлибди. Бутун бойлиги бирпасда йўқ бўлганига чидамаган бой кўчаларда фарёду-фиғон чекиб йиғлаб кетаётса, қаршисидан бир одам чиқиб қолибди:
- Кап-катта одамга йиғлаш нимаси? - дея савол берибди ажабланиб.
- Мен йиғламай ким йиғласин? - дебди у. - Бир зумда ҳамма мол-мулкимдан айрилиб, фақир-қашшоқ бўлиб қолдим-ку!..
- Кўп ғам чекма, - дея овутишга тушибди йўловчи киши. - Умр йўлдошинг борми?
- Бор, - дебди бой бироз ҳайрон бўлиб.
- Унинг ақлу-ҳуши, фаросати борми? Бой бир зум ўйланиб қолибди ва:
- Ҳа, бу жиҳатдан бахтиёрман! Фаросатли, солиҳа, ҳар доим кайфиятимга қараб яшайдиган жуфти ҳалолим бор, - дебди бой.
- У ҳолда нега йиғлайсан, эй ғофил банда?! Бу дунёда мато учун ҳам кўз-ёш тўкадими, одам? Сабоқ учун бир гап айтай сенга, мен шундай бир хотинга уйланганманки, эрнинг қадр-қимматига етмайди. Сен фалокатнинг нималигини билмас экансан. Агар сен ҳам ақли калта, тили узун, жағи тинмас бир хотинга уйланган бўлганингда, ўшанда билардинг ҳақиқий фалокат нималигини! Дўконларинг сувга ғарқ бўлган бўлса, сен соғ экансан-ку, ҳаммасини топасан. Фақат ёнингда кўнглингдагидек аёлинг сенга мададкор бўлса, маънавий қувват бериб турса тезда ўзингни ўнглаб оласан, - дебди, йўловчи.
Халқимизда "Яхши хотин ярим давлат" деган гап бежиз айтилмаган. Дарҳақиқат, солиҳа, оқила аёл фақат жуфти ҳалолининг эмас, бутун жамиятнинг гултожи ҳисобланади. Чунки, тарбияси гўзал аёл аввало, ота-оналарини эъзозлайди, турмуш ўртоғини ардоқлайди, асосийси, фарзандларига чиройли тарбия бериб, жамиятга комил инсонларни вояга етказиб беради.
ТИИ талабаси
Тожиддинов Абдуссомад
“Умра Плюс туризми: Ўзбекистон ва Миср ўртасида стратегик туризм ҳамкорлиги” мавзусидаги тадбир “Умра Плюс” халқаро туризм ассоциацияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси ҳамда мамлакатимизнинг Мисрдаги элчихонаси ҳамкорлигида ташкил этилди. Унда Миср ҳукумати, туроператорлар, сайёҳлик агентликлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Тадбирдан кўзланган асосий мақсад Ўзбекистонни мисрлик сайёҳлар учун нафақат зиёрат, балки табиат, қишки дам олиш, агротуризм ва миллий таомлар билан боғлиқ саёҳатлар йўналиши сифатида ҳам танитишдан иборат. Шунингдек, икки мамлакат туроператорлари ўртасида тўғридан-тўғри ҳамкорликни йўлга қўйиш, қўшма туристик маҳсулотлар яратиш ва сайёҳлар оқимини ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Тадбир доирасида “Ўзбекистон: тоғлар, қор ва таъмлар” номли тақдимот ўтказилди. Унда мисрлик сайёҳлар учун ўзига хос бўлган қишки дам олиш ва чанғи спорти имкониятлари, Зомин миллий боғи, Айдар-Арнасой кўллар тизими, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларининг бой табиий мероси, миллий гастрономия ва ҳунармандчилик маҳсулотлари намойиш этилди.
Шу билан бирга, Ўзбекистоннинг оилавий саёҳатлар учун қулай туристик масканлари ва ташриф буюришга арзийдиган асосий сайёҳлик объектлари ҳақида маълумот берилди.
Мисрлик туроператорлар эътиборига иккита намунавий сайёҳлик йўналиши ҳам ҳавола этилди. Хусусан, Тошкент, Чимён–Чорвоқ, Фарғона водийси ва Самарқандни қамраб олган саккиз кунлик “Тоғлар, таъмлар ва мерос” ҳамда Амирсой, Зомин, Айдаркўл ва Самарқанд бўйлаб ташкил этиладиган етти кунлик “Табиат ва таъмлар” турлари тақдим қилинди.
Тадбир якунида мисрлик туроператорлар ва журналистлар учун ахборот сафарларини ташкил этиш, қўшма маркетинг тадбирларини ўтказиш, Ўзбекистоннинг қабул қилувчи туроператорлари билан бизнес учрашувларини йўлга қўйиш ҳамда ҳамкорларни араб тилидаги реклама ва ахборот материаллари билан таъминлаш таклиф этилди.
Шунингдек, Мисрдан Ўзбекистонга сайёҳлар оқимини ошириш мақсадида Миср Туризм федерацияси, “Даҳаб Групп”, “Бест Контрол” ташкилотлари ҳамда “Умра Плюс” халқаро туризм ассоциацияси ўртасида англашув меморандуми имзоланди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати