Юз берган кучли тўфондан бир бой кишининг барча мол-дунёси сувга ғарқ бўлибди. Бутун бойлиги бирпасда йўқ бўлганига чидамаган бой кўчаларда фарёду-фиғон чекиб йиғлаб кетаётса, қаршисидан бир одам чиқиб қолибди:
- Кап-катта одамга йиғлаш нимаси? - дея савол берибди ажабланиб.
- Мен йиғламай ким йиғласин? - дебди у. - Бир зумда ҳамма мол-мулкимдан айрилиб, фақир-қашшоқ бўлиб қолдим-ку!..
- Кўп ғам чекма, - дея овутишга тушибди йўловчи киши. - Умр йўлдошинг борми?
- Бор, - дебди бой бироз ҳайрон бўлиб.
- Унинг ақлу-ҳуши, фаросати борми? Бой бир зум ўйланиб қолибди ва:
- Ҳа, бу жиҳатдан бахтиёрман! Фаросатли, солиҳа, ҳар доим кайфиятимга қараб яшайдиган жуфти ҳалолим бор, - дебди бой.
- У ҳолда нега йиғлайсан, эй ғофил банда?! Бу дунёда мато учун ҳам кўз-ёш тўкадими, одам? Сабоқ учун бир гап айтай сенга, мен шундай бир хотинга уйланганманки, эрнинг қадр-қимматига етмайди. Сен фалокатнинг нималигини билмас экансан. Агар сен ҳам ақли калта, тили узун, жағи тинмас бир хотинга уйланган бўлганингда, ўшанда билардинг ҳақиқий фалокат нималигини! Дўконларинг сувга ғарқ бўлган бўлса, сен соғ экансан-ку, ҳаммасини топасан. Фақат ёнингда кўнглингдагидек аёлинг сенга мададкор бўлса, маънавий қувват бериб турса тезда ўзингни ўнглаб оласан, - дебди, йўловчи.
Халқимизда "Яхши хотин ярим давлат" деган гап бежиз айтилмаган. Дарҳақиқат, солиҳа, оқила аёл фақат жуфти ҳалолининг эмас, бутун жамиятнинг гултожи ҳисобланади. Чунки, тарбияси гўзал аёл аввало, ота-оналарини эъзозлайди, турмуш ўртоғини ардоқлайди, асосийси, фарзандларига чиройли тарбия бериб, жамиятга комил инсонларни вояга етказиб беради.
ТИИ талабаси
Тожиддинов Абдуссомад
Сайёр йиғилиш
2026 йил 7 апрель куни Пискент туманидаги «Пискент» жоме масжидида навбатдаги маънавий-маърифий сайёр йиғилиш ўтказилди.
Тадбирга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов раислик қилди.
Йиғилишда Ўзбекистон мусулмонлари идораси, ЎзМИ Тошкент вилояти вакили, бош имом Дониёр домла Икромов, туманлар-шаҳарлар бош имом-хатиблари ҳамда отинойилар, шунингдек, Пискент туманидаги масжидлар имом-хатиблари, ноиблар, отинойилар, “Ҳаж 2025” зиёратчилари ва мҳаллалар раисларииштирок этди.
Йиғилиш иштирокчилари Пискент туманидаги 7 та масжид ҳамда 23 та маҳаллага бириктирилди.
Тадбир доирасида ҳар бир маҳалланинг камида 5 тагача муаммоли хонадонига кирилиб, у ерда яшаётган кишилардан ҳол-аҳвол сўралди.
Имом-хатиблар 7 тоифага мансуб 115 та оилага кирилиб, маънавий-маърифий тарғибот ҳамда амалий ёрдам тадбирлари олиб борилди.
2 та хонадонда ёт ғоялар таъсирига мойил бўлган фуқаро билан суҳбатлашилди, унинг тушунчалари тўғриланди.
Нотинч оилалар ўрганилиб, улар яраштирилди.
Шунингдек, 16 та хонадонда ичкиликка ружу қўйган кишилар билан суҳбатлар ўтказилди.
Маънавий кўмакка муҳтож 18 та оила ила мулоқот қилинди.
Мухтасар айтганда, биргина шу тадбир доирасида маҳаллалардаги барча жиҳат қамраб олинди.
Тошкент вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати