Юз берган кучли тўфондан бир бой кишининг барча мол-дунёси сувга ғарқ бўлибди. Бутун бойлиги бирпасда йўқ бўлганига чидамаган бой кўчаларда фарёду-фиғон чекиб йиғлаб кетаётса, қаршисидан бир одам чиқиб қолибди:
- Кап-катта одамга йиғлаш нимаси? - дея савол берибди ажабланиб.
- Мен йиғламай ким йиғласин? - дебди у. - Бир зумда ҳамма мол-мулкимдан айрилиб, фақир-қашшоқ бўлиб қолдим-ку!..
- Кўп ғам чекма, - дея овутишга тушибди йўловчи киши. - Умр йўлдошинг борми?
- Бор, - дебди бой бироз ҳайрон бўлиб.
- Унинг ақлу-ҳуши, фаросати борми? Бой бир зум ўйланиб қолибди ва:
- Ҳа, бу жиҳатдан бахтиёрман! Фаросатли, солиҳа, ҳар доим кайфиятимга қараб яшайдиган жуфти ҳалолим бор, - дебди бой.
- У ҳолда нега йиғлайсан, эй ғофил банда?! Бу дунёда мато учун ҳам кўз-ёш тўкадими, одам? Сабоқ учун бир гап айтай сенга, мен шундай бир хотинга уйланганманки, эрнинг қадр-қимматига етмайди. Сен фалокатнинг нималигини билмас экансан. Агар сен ҳам ақли калта, тили узун, жағи тинмас бир хотинга уйланган бўлганингда, ўшанда билардинг ҳақиқий фалокат нималигини! Дўконларинг сувга ғарқ бўлган бўлса, сен соғ экансан-ку, ҳаммасини топасан. Фақат ёнингда кўнглингдагидек аёлинг сенга мададкор бўлса, маънавий қувват бериб турса тезда ўзингни ўнглаб оласан, - дебди, йўловчи.
Халқимизда "Яхши хотин ярим давлат" деган гап бежиз айтилмаган. Дарҳақиқат, солиҳа, оқила аёл фақат жуфти ҳалолининг эмас, бутун жамиятнинг гултожи ҳисобланади. Чунки, тарбияси гўзал аёл аввало, ота-оналарини эъзозлайди, турмуш ўртоғини ардоқлайди, асосийси, фарзандларига чиройли тарбия бериб, жамиятга комил инсонларни вояга етказиб беради.
ТИИ талабаси
Тожиддинов Абдуссомад
Азим Тошкентнинг қоқ марказида –Ҳазрати Имом мажмуаси пойида бугун нафақат муаззам бир бино, балки миллат руҳиятининг янги қиёфаси қад ростлади. Бу асрлар давомида халқимиз қалбида яшаган эзгу орзуларнинг меъморий ифодаси, келажак авлодлар учун қолдирилаётган энг қимматли маънавий омонатдир.
Ушбу маҳобатли маскан остонасидан хатлаб ўтар экансиз, гўёки вақт ва макон чегаралари йўқолгандек туюлади: бу ерда уч минг йиллик шонли тарихимиз Янги Ўзбекистоннинг стратегик мақсадлари ва юксак тамаддун зафарлари билан муштараклик касб этган. Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази вақт ва макон туташган ўзига хос маънавий манзил сифатида дунё нигоҳини ўзига тортмоқда.
Марказ ҳудудига яқинлашар экансиз, аввало, кўзингиз унинг 65 метрлик муаззам гумбазига тушади. Юрак амри ва миллат иродаси билан чизилган бу мўъжизавий гумбаз шунчаки меъморий ечим эмас, у осмон билан ерни, ўтмиш билан келажакни боғловчи маънавий кўприк, миллий ғурур ва юксалишнинг тимсолидир. Бинонинг узунлиги 161 метр, эни эса 118 метрни ташкил этади. Ушбу маҳобатли рақамлар замирида улкан меҳнат, мислсиз сиёсий ирода ва халқимизнинг бунёдкорлик салоҳияти мужассам.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ушбу марказ ҳақида гапирганда унинг ҳар бир чизгисига алоҳида тўхталиб: “Бу улкан лойиҳа оддий бир чизма эмас. Уни юрак чизган, меҳр чизган, орзу ва армонлар чизган. Бу лойиҳа буюк халқимизнинг асл қиёфасини рўёбга чиқаришга қаратилган эзгу ниятлар маҳсулидир”, дея таъкидлагани бежиз эмас. Мажмуага очиладиган тўрт асосий дарвоза илм-маърифат ва бағрикенглик ҳақидаги муқаддас оят ва ҳадислар билан безатилган бўлиб, ҳар бир меҳмонни эзгулик оламига чорлаб туради.
Мажмуанинг энг ҳаяжонли ва муқаддас нуқтаси унинг маънавий қалби ҳисобланган Қуръони карим залидир. Бу ерда инсон илоҳий нур оғушида қолгандек бўлади. Гумбаз остига қадам қўйганингизда, бошингиз узра 90 дона “Swarovski” тоши ва 650 дан ортиқ чироқлар ёрдамида яратилган илоҳий голограмма – Тошкентнинг мусаффо тунги осмони намоён бўлади. Бу манзара инсонни коинот сирлари ва илмнинг нур экани ҳақида чуқур тафаккур қилишга ундайди.
Марказнинг маънавий хазинаси сифатида дунёдаги энг нодир қўлёзмалардан бири Усмон Мусҳафи сақланмоқда. Унинг атрофида Сомонийлар, Қорахонийлар, Ғазнавийлар ва Темурийлар даврига мансуб 114 та ноёб Қуръон нусхаси жамланган. Ушбу хазиналарнинг аксарияти Президентимиз ташаббуси билан хорижий аукционлардан харид қилиниб, ўз она заминига қайтарилди. Бу тарихимизга бўлган юксак эҳтиром ва миллий меросимизни тиклаш йўлидаги тарихий адолатнинг қарор топишидир.
Бугунги Янги Ўзбекистон Шарқ ва Ғарб ўртасида илмий мулоқотнинг жонли кўпригига айланмоқда. Замонавий сайёҳ сифатида сизни марказдаги рақамли инқилоб ва “Ҳар ким учун очиқ музей” концепцияси ҳайратга солади. Робот-гидлар, саккиз тилдаги аудио маълумотлар ва имконияти чекланган инсонлар учун махсус Bluetooth маёқчалари инсон қадри ҳар нарсадан устунлигининг амалий исботидир.
Марказ қисқа муддатда жаҳон ҳамжамияти диққат марказига тушди. Франциянинг Авиценна мукофотига сазовор бўлгани, АҚШнинг “Smithsonian Magazine” нашри талқинига кўра 2026 йилнинг энг кутилаётган 10 та музейидан бири деб топилгани ҳамда “BBC Travel” каби нашрларнинг эътирофи Ўзбекистоннинг глобал майдондаги нуфузини янги босқичга олиб чиқди. Илм-фан ва жадидлар меросига эътибор марказ фаолиятининг муҳим бўғинларидан биридир. Иккинчи қаватдаги кутубхона 45 мингга яқин адабиёт ва 350 мингта электрон манбани ўз ичига олган ҳақиқий билимлар уммонидир. Айниқса, 22 нафар маърифатпарвар жадид бобомизнинг меросига бағишланган бўлим кишида алоҳида фахр уйғотади. Уларнинг сиймоси бизга янги Ренессанс пойдеворини кимлар қўйганини эслатиб туради.
Шунингдек, АЙСЕСКО, ИРСИКА ва Оксфорд ислом тадқиқотлари маркази каби халқаро ташкилотларнинг офислари шу ерда жойлашгани Ўзбекистоннинг дунё илм-фани билан интеграциялашуви ва Шарқ цивилизациясининг янги глобал мулоқот майдонига айланганидан далолат беради.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Ислом цивилизацияси маркази бу шунчаки музей ёки кутубхона эмас. Бу бизнинг кимлигимизни англатувчи кўзгу, тарихий зафар ва келажак авлодларга йўлланган маърифий мактубимиздир. Бугун биз гувоҳи бўлаётган жараёнлар миллатнинг руҳий ва сиёсий тикланишидир.
Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек: “Бугун ўзлигимизни англаш йўлида катта тантана бўлди. Бу ерга келган ҳар бир инсон қандай аждодлар авлоди эканимизни билиши, англаши керак”. Йиллар ўтади, авлодлар алмашади, аммо Тошкент осмонида порлаётган бу маънавият қасри Ўзбекистоннинг янги юксалиш даври – Учинчи Ренессанснинг бошланғич нуқтаси ва сўнмас маёғи бўлиб қолаверади. Бу ерга келган ҳар бир инсон бир ҳақиқатни ҳис этади: биз улуғ аждодларнинг муносиб ворислари ва буюк келажакнинг ҳақиқий бунёдкорларимиз!
Алоуддин ҒАФФОРОВ,
ЎзА