Юз берган кучли тўфондан бир бой кишининг барча мол-дунёси сувга ғарқ бўлибди. Бутун бойлиги бирпасда йўқ бўлганига чидамаган бой кўчаларда фарёду-фиғон чекиб йиғлаб кетаётса, қаршисидан бир одам чиқиб қолибди:
- Кап-катта одамга йиғлаш нимаси? - дея савол берибди ажабланиб.
- Мен йиғламай ким йиғласин? - дебди у. - Бир зумда ҳамма мол-мулкимдан айрилиб, фақир-қашшоқ бўлиб қолдим-ку!..
- Кўп ғам чекма, - дея овутишга тушибди йўловчи киши. - Умр йўлдошинг борми?
- Бор, - дебди бой бироз ҳайрон бўлиб.
- Унинг ақлу-ҳуши, фаросати борми? Бой бир зум ўйланиб қолибди ва:
- Ҳа, бу жиҳатдан бахтиёрман! Фаросатли, солиҳа, ҳар доим кайфиятимга қараб яшайдиган жуфти ҳалолим бор, - дебди бой.
- У ҳолда нега йиғлайсан, эй ғофил банда?! Бу дунёда мато учун ҳам кўз-ёш тўкадими, одам? Сабоқ учун бир гап айтай сенга, мен шундай бир хотинга уйланганманки, эрнинг қадр-қимматига етмайди. Сен фалокатнинг нималигини билмас экансан. Агар сен ҳам ақли калта, тили узун, жағи тинмас бир хотинга уйланган бўлганингда, ўшанда билардинг ҳақиқий фалокат нималигини! Дўконларинг сувга ғарқ бўлган бўлса, сен соғ экансан-ку, ҳаммасини топасан. Фақат ёнингда кўнглингдагидек аёлинг сенга мададкор бўлса, маънавий қувват бериб турса тезда ўзингни ўнглаб оласан, - дебди, йўловчи.
Халқимизда "Яхши хотин ярим давлат" деган гап бежиз айтилмаган. Дарҳақиқат, солиҳа, оқила аёл фақат жуфти ҳалолининг эмас, бутун жамиятнинг гултожи ҳисобланади. Чунки, тарбияси гўзал аёл аввало, ота-оналарини эъзозлайди, турмуш ўртоғини ардоқлайди, асосийси, фарзандларига чиройли тарбия бериб, жамиятга комил инсонларни вояга етказиб беради.
ТИИ талабаси
Тожиддинов Абдуссомад
Ўзбекистоннинг Жидда шаҳридаги Бош консули Сирожиддин Шамсутдинов Мадина минтақаси амири шаҳзода Салмон бин Султон Ол Сауд билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Мулоқот чоғида Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасидаги стратегик муносабатларни янада мустаҳкамлаш, шунингдек, савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий-гуманитар ва туристик соҳаларда ҳудудлараро алоқаларни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Саудия томони икки мамлакат ўртасидаги дўстона муносабатларнинг изчил ривожланиб бораётганини таъкидлаб, Мадина шаҳридаги қурилиш лойиҳаларида иштирок этаётган, шунингдек, саноат ва жамоат овқатланиш соҳаларида ўз бизнес лойиҳаларини амалга ошираётган ўзбекистонлик тадбиркорларнинг фаолиятига юқори баҳо берди.
Зиёрат туризмини ривожлантириш, Мадинага ташриф буюраётган, жумладан, умра ва зиёрат амалларини бажараётган Ўзбекистон фуқаролари учун қулай шароитлар яратиш, шунингдек, ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шаҳзода Салмон бин Султон ҳамкорликни янада кенгайтиришдан манфаатдор эканини билдирди ҳамда Ўзбекистон билан савдо-иқтисодий ва маданий алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган ташаббусларни қўллаб-қувватлашга тайёрлигини тасдиқлади. Учрашув сўнггида у тегишли таклифга биноан Ўзбекистонга ташриф буюришга тайёрлигини ҳам маълум қилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати