Юз берган кучли тўфондан бир бой кишининг барча мол-дунёси сувга ғарқ бўлибди. Бутун бойлиги бирпасда йўқ бўлганига чидамаган бой кўчаларда фарёду-фиғон чекиб йиғлаб кетаётса, қаршисидан бир одам чиқиб қолибди:
- Кап-катта одамга йиғлаш нимаси? - дея савол берибди ажабланиб.
- Мен йиғламай ким йиғласин? - дебди у. - Бир зумда ҳамма мол-мулкимдан айрилиб, фақир-қашшоқ бўлиб қолдим-ку!..
- Кўп ғам чекма, - дея овутишга тушибди йўловчи киши. - Умр йўлдошинг борми?
- Бор, - дебди бой бироз ҳайрон бўлиб.
- Унинг ақлу-ҳуши, фаросати борми? Бой бир зум ўйланиб қолибди ва:
- Ҳа, бу жиҳатдан бахтиёрман! Фаросатли, солиҳа, ҳар доим кайфиятимга қараб яшайдиган жуфти ҳалолим бор, - дебди бой.
- У ҳолда нега йиғлайсан, эй ғофил банда?! Бу дунёда мато учун ҳам кўз-ёш тўкадими, одам? Сабоқ учун бир гап айтай сенга, мен шундай бир хотинга уйланганманки, эрнинг қадр-қимматига етмайди. Сен фалокатнинг нималигини билмас экансан. Агар сен ҳам ақли калта, тили узун, жағи тинмас бир хотинга уйланган бўлганингда, ўшанда билардинг ҳақиқий фалокат нималигини! Дўконларинг сувга ғарқ бўлган бўлса, сен соғ экансан-ку, ҳаммасини топасан. Фақат ёнингда кўнглингдагидек аёлинг сенга мададкор бўлса, маънавий қувват бериб турса тезда ўзингни ўнглаб оласан, - дебди, йўловчи.
Халқимизда "Яхши хотин ярим давлат" деган гап бежиз айтилмаган. Дарҳақиқат, солиҳа, оқила аёл фақат жуфти ҳалолининг эмас, бутун жамиятнинг гултожи ҳисобланади. Чунки, тарбияси гўзал аёл аввало, ота-оналарини эъзозлайди, турмуш ўртоғини ардоқлайди, асосийси, фарзандларига чиройли тарбия бериб, жамиятга комил инсонларни вояга етказиб беради.
ТИИ талабаси
Тожиддинов Абдуссомад
«Ҳалол!» Курашда рақибининг елкасини ғирромсиз ерга теккизиш "ҳалол" дейилади.
"Ҳалол" – беллашаётган марднинг ори, номуси, ғурури. Ҳамма полвонлар шу каломни эшитиш орзусида майдонга тушадилар. "Ҳалол" учун курашадилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари ташаббуслари билан имом-хатиблар ва имом ноиблари ўтрасида миллий кураш мусобақаси ўтказиляпти.
Бугун, 1 апрель куни "Сағбон" спорт мажмуасида имом-хатиблар ва имом ноиблари ўртасида ўтказилаётган миллий курашнинг Тошкент шаҳар босқичи бўлиб ўтди.
Тадбирни Тошкент шаҳар бош имом-хатиби ўринбосарлари Абдуллоҳ домла Йўлдошев ва Эргашали домла Рустамовлар очиб беришди.
Шунингдек, мусобақага ташриф буюрган Ўзбекистон спорт курашлари ассоциацияси Тошкент шаҳар бошқармаси масъул ходимлари ҳам мусобақа қатнашчиларига омад ва муваффақиятлар тиладилар.
Мусобақада пойтахтимиз туманларидан саралаб олинган полвонлар гиламга чиқдилар.
"Ҳалол!" деган сўзни эшитиш учун беллашувларда ҳалолликка риоя қилган иродали, бақувват, эпчил ва абжир диний соҳа ходимлари ғалаба қозониши тайин.
Ҳакамлар ҳайъатининг хулосаларига кўра, 90 кг вазн тоифасида:
I ўрин – "Усмон ибн Мазъун" масжиди имом-ноиби Абдуманнон Авлоёровга;
II ўрин – "Абдуқодир ҳожи ота" масжиди имом-ноиби Муҳаммадюсуф Абдукабировга;
III ўрин – "Саид Ваққос ота" масжиди имом-ноиби Умаржон Абдуманноновга насиб этди.
81 кг. вазн тоифасида эса:
I ўрин – "Собитхон Ҳожи" масжиди имом-ноиби Бурҳониддин Аллаёровга;
II ўрин – "Алибек" масжиди имом-ноиби Сулаймон Файзуллаевга;
III ўрин – "Коҳ ота Бузрук" масжиди имом-ноиби Мухтор Абзаловга насиб этди.
73 кг. вазг тоифдасида:
I ўрин – "Масжидул Хайр" масжиди имом-ноиби Абдулбосит Жўраевга;
II ўрин – "Ал-бадр" масжиди имом-ноиби Жамшид Назаровга;
III ўрин – "Абдулҳамид ҳожи" масжиди имом-хатиби Жамолиддин Азимовга насиб этди.
Шунингдек, мусобақада турли номинациялар бўйича ҳам совриндорлар аниқланди.
Ғолиб ва совриндорларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент шаҳар вакиллиги ҳамда ҳомийларнинг ташаккурнома ва совғалари топширилди.
Тошкент шаҳар вакиллиги
Матбуот хизмати