Юз берган кучли тўфондан бир бой кишининг барча мол-дунёси сувга ғарқ бўлибди. Бутун бойлиги бирпасда йўқ бўлганига чидамаган бой кўчаларда фарёду-фиғон чекиб йиғлаб кетаётса, қаршисидан бир одам чиқиб қолибди:
- Кап-катта одамга йиғлаш нимаси? - дея савол берибди ажабланиб.
- Мен йиғламай ким йиғласин? - дебди у. - Бир зумда ҳамма мол-мулкимдан айрилиб, фақир-қашшоқ бўлиб қолдим-ку!..
- Кўп ғам чекма, - дея овутишга тушибди йўловчи киши. - Умр йўлдошинг борми?
- Бор, - дебди бой бироз ҳайрон бўлиб.
- Унинг ақлу-ҳуши, фаросати борми? Бой бир зум ўйланиб қолибди ва:
- Ҳа, бу жиҳатдан бахтиёрман! Фаросатли, солиҳа, ҳар доим кайфиятимга қараб яшайдиган жуфти ҳалолим бор, - дебди бой.
- У ҳолда нега йиғлайсан, эй ғофил банда?! Бу дунёда мато учун ҳам кўз-ёш тўкадими, одам? Сабоқ учун бир гап айтай сенга, мен шундай бир хотинга уйланганманки, эрнинг қадр-қимматига етмайди. Сен фалокатнинг нималигини билмас экансан. Агар сен ҳам ақли калта, тили узун, жағи тинмас бир хотинга уйланган бўлганингда, ўшанда билардинг ҳақиқий фалокат нималигини! Дўконларинг сувга ғарқ бўлган бўлса, сен соғ экансан-ку, ҳаммасини топасан. Фақат ёнингда кўнглингдагидек аёлинг сенга мададкор бўлса, маънавий қувват бериб турса тезда ўзингни ўнглаб оласан, - дебди, йўловчи.
Халқимизда "Яхши хотин ярим давлат" деган гап бежиз айтилмаган. Дарҳақиқат, солиҳа, оқила аёл фақат жуфти ҳалолининг эмас, бутун жамиятнинг гултожи ҳисобланади. Чунки, тарбияси гўзал аёл аввало, ота-оналарини эъзозлайди, турмуш ўртоғини ардоқлайди, асосийси, фарзандларига чиройли тарбия бериб, жамиятга комил инсонларни вояга етказиб беради.
ТИИ талабаси
Тожиддинов Абдуссомад
﴿وَفِي أَنْفُسِكُمْ أَفَلَا تُبْصِرُونَ﴾
“Ўзингизда ҳам (мўжизалар бордир). Кўрмайсизларми” (Зориёт сураси, 21-оят).
Айримлар ушбу оятни эшитиб ўзига қарайди ва Аллоҳ инъом этган мўжизаларни кўрмайди. Ўзига қарайди-ю: “Менда ҳеч қандай мўжиза йўқ”, дейди.
Аллоҳга иймон келтирмаган инсон ўлимдан кейинги ҳаётга ишонмайди. Ўзидаги сон-саноқсиз мўжизаларни ҳам инкор этади. Ҳаётни фақат ейиш-ичишдан, ўйин-кулгудан иборат деб билади. Ўлим эса ҳамма нарсани ниҳоясига етказади деб ҳисоблайди. Агар улар озгина фикр юритганларида ўзларидаги мўжизаларни кўрган бўлардилар. Аллоҳ таолонинг инсонлар ҳақидаги оятлари жуда кўп. Қуйида айримларини келтириб ўтамиз:
﴿وَإِذْ أَخَذَ رَبُّكَ مِنْ بَنِي آَدَمَ مِنْ ظُهُورِهِمْ ذُرِّيَّتَهُمْ وَأَشْهَدَهُمْ عَلَى أَنْفُسِهِمْ أَلَسْتُ بِرَبِّكُمْ قَالُوا بَلَى شَهِدْنَا أَنْ تَقُولُوا يَوْمَ الْقِيَامَةِ إِنَّا كُنَّا عَنْ هَذَا غَافِلِينَ﴾
“Роббинг Бани Одамнинг умуртқа поғонасидан, қиёмат куни “Бундан ғофил эдик” демасликларингиз учун зурриётларини олиб ўзларига ўзларини гувоҳ қилиб: “Роббингиз эмасманми?” деганида “Албатта Роббимизсан” деганларини эсла” (Аъроф сураси, 172-оят).
Бу оятни иймони йўқ кишига ўқиб берсангиз “Мен ҳеч нарсага гувоҳ бўлмаганман. Буни сезмаганман ҳам” деб айтади. Бироқ унинг гувоҳи бўлган. Бу ҳам ўзининг зарарига ишлайди.
Аллоҳнинг борлигини қандай қилиб биламиз? Яратган Зот бор бўлиши шартлигини яхши биламиз. Буни кофир ҳам билади. Фақат бировларнинг ҳисобига бўлса-да, бу дунёда маишат қилиб яшаб қолмоқчи бўлади.
Аввало Аллоҳ таоло нималарни ҳаром ва ҳалол қилгани ҳақида бир ўйлаб кўрайлик. Аслида нафсимиз ҳалол ва ҳаромнинг фарқига боради. Бунга мисол келтирамиз. Фараз қилинг бир йигит келиб сизга: “Қизинг билан бир хонада ёлғиз қолмоқчиман”, деса нима қиласиз? Уни ўлдириб қўйишингиз ҳам мумкин. Ўлдирмаган тақдирингизда ҳам уни урасиз. Ҳатто бошқа одамлар ҳам сизга ёрдамлашади.
Демак, бундай ишни ҳамма ёмон кўради, мўмин ҳам, мўмин бўлмаган ҳам. Лекин ўша йигит келиб: “Мен қизингизга уйланмоқчиман” деса уни яхши кутиб оласиз. Одамлар ҳам уни азиз меҳмон сифатида қабул қилади. Буни ҳаммага эълон ҳам қиласиз. Қизингизни унга бериб, никоҳ ўқитганингиздан кейин эса қизингиз билан бир хонада қолишига рози бўласиз.
Хўш, шу икки ҳолатнинг бир-биридан нима фарқи бор?
Демак, сиз нима яхши-ю нима ёмонлигини биласиз. Лекин буни сизга ким ўргатди? Яна бир мисол келтирайлик. Бир киши ўзининг хотини билан кўчада бемалол юра олади. Ҳамма одамларнинг кўз ўнгида хотини билан уйига кириб кетади. Аммо ўша одамнинг олдига бошқа бир бегона киши келиб қолса хотинини ундан қизғанади. Бегона кишининг уйига келганидан ўнғайсизланади.
Хўш, бу икки ҳолатда нима ўзгарди? Фарқ шундаки бири ҳалол бўлса, иккинчиси ҳаром. Буни ҳамма ажрата олади. Диндан умуман хабари йўқ одам ҳам буни англаб етади.
Янада оддийроқ мисол келтирайлик. Бир одам ўғрилик қилишни хоҳласа, аввало ҳеч ким йўқлигига ишонч ҳосил қилади. Кейин эса қоронғу тушишини пойлайди. Чунки қоронғуда одамлар деярли йўқ бўлади. Ўғирлайдиган нарсасини олгач ҳар томонга аланглаб, шошиб ортига қайтади. Кейин ўғирлаган нарсасини ҳеч ким билмайдиган жойга яшириб қўйишга ҳаракат қилади. Шу ҳолатга бир баҳо беринг. Ўғри ўзининг иши хатолигини билади. Лекин ўз уйидан нарса олмоқчи бўлган одам кундузи ҳам ҳамманинг кўз ўнгида уйига кириб чиқаверади. Уйидан хоҳлаган нарсасини олаверади, ҳеч кимдан хавфсирамайди. Чунки у ҳеч қандай нотўғри иш қилмаётганини яхши билади. Пора олаётган киши ҳаммадан яшириб олади. Аммо маошини олаётган киши биров кўриб қолишидан қўрқмайди.
Шайх Муҳаммад Мутавалли Шаъровий раҳимаҳуллоҳнинг
"Аллоҳнинг борлигига ақлий далиллар" китобидан