Юз берган кучли тўфондан бир бой кишининг барча мол-дунёси сувга ғарқ бўлибди. Бутун бойлиги бирпасда йўқ бўлганига чидамаган бой кўчаларда фарёду-фиғон чекиб йиғлаб кетаётса, қаршисидан бир одам чиқиб қолибди:
- Кап-катта одамга йиғлаш нимаси? - дея савол берибди ажабланиб.
- Мен йиғламай ким йиғласин? - дебди у. - Бир зумда ҳамма мол-мулкимдан айрилиб, фақир-қашшоқ бўлиб қолдим-ку!..
- Кўп ғам чекма, - дея овутишга тушибди йўловчи киши. - Умр йўлдошинг борми?
- Бор, - дебди бой бироз ҳайрон бўлиб.
- Унинг ақлу-ҳуши, фаросати борми? Бой бир зум ўйланиб қолибди ва:
- Ҳа, бу жиҳатдан бахтиёрман! Фаросатли, солиҳа, ҳар доим кайфиятимга қараб яшайдиган жуфти ҳалолим бор, - дебди бой.
- У ҳолда нега йиғлайсан, эй ғофил банда?! Бу дунёда мато учун ҳам кўз-ёш тўкадими, одам? Сабоқ учун бир гап айтай сенга, мен шундай бир хотинга уйланганманки, эрнинг қадр-қимматига етмайди. Сен фалокатнинг нималигини билмас экансан. Агар сен ҳам ақли калта, тили узун, жағи тинмас бир хотинга уйланган бўлганингда, ўшанда билардинг ҳақиқий фалокат нималигини! Дўконларинг сувга ғарқ бўлган бўлса, сен соғ экансан-ку, ҳаммасини топасан. Фақат ёнингда кўнглингдагидек аёлинг сенга мададкор бўлса, маънавий қувват бериб турса тезда ўзингни ўнглаб оласан, - дебди, йўловчи.
Халқимизда "Яхши хотин ярим давлат" деган гап бежиз айтилмаган. Дарҳақиқат, солиҳа, оқила аёл фақат жуфти ҳалолининг эмас, бутун жамиятнинг гултожи ҳисобланади. Чунки, тарбияси гўзал аёл аввало, ота-оналарини эъзозлайди, турмуш ўртоғини ардоқлайди, асосийси, фарзандларига чиройли тарбия бериб, жамиятга комил инсонларни вояга етказиб беради.
ТИИ талабаси
Тожиддинов Абдуссомад
Бугун, 12 октябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон Ишматбеков Польша мусулмонлари уюшмаси раиси, муфтий Томаш Мишкевич бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Учрашувда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов ҳам иштирок этди.
Мулоқот аввалида Ҳомиджон Ишматбеков меҳмонларни юртимизга ташрифи билан қутлаб, икки давлат раҳбарларининг саъй-ҳаракати туфайли Ўзбекистон ва Польша ўртасидаги кўп томонлама алоқалар янги босқичда ривожланаётганини таъкидлади. Шунингдек, диний-маърифий соҳадаги алоқаларни мустаҳкамлаш, уламолар ўртасида тажриба алмашиш, зиёрат туризми ҳамда «Ҳалол» стандартлари йўналишида ҳамкорликни кенгайтириш муҳим аҳамиятга эга экани баён этилди.
Учрашувда меҳмонларга юртимиздаги диний-маърифий ҳаёт, Ўзбекистон мусулмонлари идораси фаолияти, масжид-мадрасалар, Фатво маркази ва диний таълим тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида атрофлича маълумот берилди.
Ўз навбатида, муфтий Томаш Мишкевич самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, Польша мусулмонлари уюшмаси фаолияти, нашр ишлари ҳамда мамлакатдаги турли миллат ва дин вакиллари ўртасидаги бағрикенглик муҳити ҳақида сўзлаб берди. Муфтий ўзбекистонлик имом-хатибларнинг Польшага сафарлари юқори самара берганини эътироф этди. Бундай маърифий мулоқотларни давом эттириш, тажрибали уламоларнинг ўзаро ташрифларини уюштириш ва «Ҳалол» сертификатлаш тизими бўйича ҳамкорликни жонлантиришдан манфаатдор эканини билдирди.
Сафар дастури доирасида меҳмонлар пойтахтимиздаги Ислом цивилизацияси маркази ҳамда «Ҳазрати Имом» мажмуасида бўлиб, бунёдкорлик ишлари ва ноёб қўлёзма фондлари билан яқиндан танишдилар.
Учрашув дўстона ва самимий руҳда ўтди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати