Юз берган кучли тўфондан бир бой кишининг барча мол-дунёси сувга ғарқ бўлибди. Бутун бойлиги бирпасда йўқ бўлганига чидамаган бой кўчаларда фарёду-фиғон чекиб йиғлаб кетаётса, қаршисидан бир одам чиқиб қолибди:
- Кап-катта одамга йиғлаш нимаси? - дея савол берибди ажабланиб.
- Мен йиғламай ким йиғласин? - дебди у. - Бир зумда ҳамма мол-мулкимдан айрилиб, фақир-қашшоқ бўлиб қолдим-ку!..
- Кўп ғам чекма, - дея овутишга тушибди йўловчи киши. - Умр йўлдошинг борми?
- Бор, - дебди бой бироз ҳайрон бўлиб.
- Унинг ақлу-ҳуши, фаросати борми? Бой бир зум ўйланиб қолибди ва:
- Ҳа, бу жиҳатдан бахтиёрман! Фаросатли, солиҳа, ҳар доим кайфиятимга қараб яшайдиган жуфти ҳалолим бор, - дебди бой.
- У ҳолда нега йиғлайсан, эй ғофил банда?! Бу дунёда мато учун ҳам кўз-ёш тўкадими, одам? Сабоқ учун бир гап айтай сенга, мен шундай бир хотинга уйланганманки, эрнинг қадр-қимматига етмайди. Сен фалокатнинг нималигини билмас экансан. Агар сен ҳам ақли калта, тили узун, жағи тинмас бир хотинга уйланган бўлганингда, ўшанда билардинг ҳақиқий фалокат нималигини! Дўконларинг сувга ғарқ бўлган бўлса, сен соғ экансан-ку, ҳаммасини топасан. Фақат ёнингда кўнглингдагидек аёлинг сенга мададкор бўлса, маънавий қувват бериб турса тезда ўзингни ўнглаб оласан, - дебди, йўловчи.
Халқимизда "Яхши хотин ярим давлат" деган гап бежиз айтилмаган. Дарҳақиқат, солиҳа, оқила аёл фақат жуфти ҳалолининг эмас, бутун жамиятнинг гултожи ҳисобланади. Чунки, тарбияси гўзал аёл аввало, ота-оналарини эъзозлайди, турмуш ўртоғини ардоқлайди, асосийси, фарзандларига чиройли тарбия бериб, жамиятга комил инсонларни вояга етказиб беради.
ТИИ талабаси
Тожиддинов Абдуссомад
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ғолиб от эгари дунёда энг азиз макон,
Китоб яқин дўстингдир сенинг, бўлсанг китобхон.
Сиз доимо нимадир билан машғул бўлишингиз ва бўшашиб, дангасалик қилиб бекорчи бўлмаслигингиз лозим. Бунинг учун сиз ўрнингиздан туриб уйингиз ва дарсхонангизни тозаланг, вазифаларингизни бажаринг, намоз ўқинг, Қуръон ёки бирор фойдали китобларни ўқинг, фойдали бирор нарса тингланг ёки қўшниларингиз ва дўстларингиз билан сизларни Аллоҳ томон яқинлаштирадиган мавзуларда суҳбат қуринг. Шунда сиз саодат, мамнуният ва шодликни чинакамига ҳис этасиз. Ҳеч қачон бўш вақтингизни бекорчилик билан ўтказманг. Чунки беҳуда юриш инсонга ғам-қайғу, васваса ва хафалик келтиради. Бу нарсаларни эса фақатгина бирор фойдали иш билан машғул бўлишгина кетказади.
Уй ичида чиройли кўринишингиз ва хушбўйланиш учун ташқи кўринишингизга ҳамда уй ичини тартибли сақлашга алоҳида эътибор қаратинг. Эрингиз, фарзандларингиз, дўст ва яқинларингиз билан гўзал муомала қилинг ҳамда улар билан доимо табассум ва очиқкўнгиллик билан гаплашинг.
Гуноҳ ишлардан жуда эҳтиёт бўлинг. Хусусан, ҳаром этилган нарсаларга назар солиш, бегона эркаклар учун ўзига зеб бериш ва улар билан холи қолиш, лаънатлаш, сўкиш, ғийбат қилиш, эрнинг ҳаққини билмаслик каби аёлларда кўп учрайдиган гуноҳлардан четда бўлинг. Бу гуноҳлар аёлларимиз орасида кенг ёйилиб бормоқда. Ундан фақат Аллоҳ раҳм қилганларгина омонда қолиши мумкин. Аллоҳ таолонинг ғазабидан эҳтиёт бўлинг ва У зотдан қўрқинг. Чунки Унга тақво қилиш бахтли бўлишингиз ва қалбингиз хотиржамлиги кафолатидир.
Шуъла: Агар ташвиш келиб, ғам-қайғу кўпайса “Лаа илаҳа иллаллоҳ“, (Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ) деб айтинг.
Доктор Оиз ал-Қарнийнинг
"Дунёдаги энг бахтли аёл" китобидан