Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
08 Ноябр, 2026   |   28 Жумадул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:42
Қуёш
07:02
Пешин
12:12
Аср
15:29
Шом
17:14
Хуфтон
18:29
Bismillah
08 Ноябр, 2026, 28 Жумадул аввал, 1448

Ибратли дунё

10.02.2017   19487   2 min.
Ибратли дунё

Юз берган кучли тўфондан бир бой кишининг барча мол-дунёси сувга ғарқ бўлибди. Бутун бойлиги бирпасда йўқ бўлганига чидамаган бой кўчаларда фарёду-фиғон чекиб йиғлаб кетаётса, қаршисидан бир одам чиқиб қолибди:

- Кап-катта одамга йиғлаш нимаси? - дея савол берибди ажабланиб.

- Мен йиғламай ким йиғласин? - дебди у. - Бир зумда ҳамма мол-мулкимдан айрилиб, фақир-қашшоқ бўлиб қолдим-ку!..

- Кўп ғам чекма, - дея овутишга тушибди йўловчи киши. - Умр йўлдошинг борми?

- Бор, - дебди бой бироз ҳайрон бўлиб.

- Унинг ақлу-ҳуши, фаросати борми? Бой бир зум ўйланиб қолибди ва:

- Ҳа, бу жиҳатдан бахтиёрман! Фаросатли, солиҳа, ҳар доим кайфиятимга қараб яшайдиган жуфти ҳалолим бор, - дебди бой.

- У ҳолда нега йиғлайсан, эй ғофил банда?! Бу дунёда мато учун ҳам кўз-ёш тўкадими, одам? Сабоқ учун бир гап айтай сенга, мен шундай бир хотинга уйланганманки, эрнинг қадр-қимматига етмайди. Сен фалокатнинг нималигини билмас экансан. Агар сен ҳам ақли калта, тили узун, жағи тинмас бир хотинга уйланган бўлганингда, ўшанда билардинг ҳақиқий фалокат нималигини! Дўконларинг сувга ғарқ бўлган бўлса, сен соғ экансан-ку, ҳаммасини топасан. Фақат ёнингда кўнглингдагидек аёлинг сенга мададкор бўлса, маънавий қувват бериб турса тезда ўзингни ўнглаб оласан, - дебди, йўловчи.

Халқимизда "Яхши хотин ярим давлат" деган гап бежиз айтилмаган. Дарҳақиқат, солиҳа, оқила аёл фақат жуфти ҳалолининг эмас, бутун жамиятнинг гултожи ҳисобланади. Чунки, тарбияси гўзал аёл аввало, ота-оналарини эъзозлайди, турмуш ўртоғини ардоқлайди, асосийси, фарзандларига чиройли тарбия бериб, жамиятга комил инсонларни вояга етказиб беради.

ТИИ талабаси

Тожиддинов Абдуссомад

Бошқа мақолалар

ИЛМДАН ЎЗГА НАЖОТ ЙЎҚ

12.10.2026   57162   8 min.
ИЛМДАН ЎЗГА НАЖОТ ЙЎҚ

Биз кўриб турган бу ажиб дунё илм билан обод бўлади. Янги кашфиётлардан тортиб инсон ҳаётидаги ишларни енгил қиладиган барча замонавий технологиялар илмнинг асосида юзага келди.

Илм сўзи араб тилидан олинган бўлиб, луғатда: “билиш” деган маънони англатади. Бу шундай бир буюк неъматки, Одам алайҳиссаломга берилган илк инъомдир.

Аллоҳ таоло ушбу ҳикояни Ўз каломида шундай марҳамат қилиб айтади:

وَعَلَّمَ آدَمَ الْأَسْمَاءَ كُلَّهَا ثُمَّ عَرَضَهُمْ عَلَى الْمَلَائِكَةِ فَقَالَ أَنْبِئُونِي بِأَسْمَاءِ هَؤُلَاءِ إِنْ كُنْتُمْ صَادِقِينَ

“Ва У Зот Одамга исмларнинг барчасини ўргатди, сўнгра уларни фаришталарга рўбарў қилди. Кейин: Агар ростгўйлардан бўлсангиз, анавиларнинг исмларини Менга айтиб беринг, деди” (Бақара сураси 31-оят).

Юқоридаги оятдан билиб олишимиз мумкин, Одамга берилган энг буюк неъмат илм, ҳар нарсанинг нафақат исми балки унинг функционал вазифаларини ҳам ўргатган. Яъни: Бу қуёш, унинг шакли думалоқсимон, у кундузи ер юзини иситади ва ёритади кабилар.

Муҳаммад Аввома ўзининг “Маолимул иршодия” асарида шундай келтиради:

“Аллоҳ таоло Одамга барча нарсанинг исмини ўргатгач, уни фаришталарга ҳам ҳавола қилди. Табиийки, фаришталар бу нарсалар ҳақида билимга эга эмасликларини тан олиб, Сен ўргатгандан ўзга илмимиз йўқдир дея жавоб беришди. Мана шу онда Аллоҳ фаришталарни, ундай бўлса, илм эгаси бўлган Одамни улуғлаб, таъзим ўлароқ унга сажда қилинглар деб амр этди”. Бундан биз илм нечоғлик юксак тортиқ эканини англаб олишимиз мушкул эмас. Ахир фаришталарнинг ҳам сажда қилдирадиган олий неъмат илм бўлди-ку!

Илм инсонни фаришталарнинг мақомидан ҳам юқорига олиб борувчи ягона воситадир. Шунинг учун дунёда бирор пайғамбар ўзидан бойлик ёки шу каби мерос қолдирмаган. Барча бирдек илмни мерос қолдиришган. Илм ва маълумот орасидаги фарқни ҳам бироз аниқлаштириб кетишимиз керак. Киши ўзи ўрганган ва билган нарсаларига амал қилса, бу илм. Агар билган нарсасига амал қилмаса, у маълумотдир. Қуръони каримга назар ташласак, бир неча ўринларда Бану Исроил қабиласини Аллоҳ таоло жоҳил деб келтирган, масалан, Аъроф сурасининг 138-оятида:

“...Албатта, сиз жоҳил қавм бўлаётибсиз”. тарихга назар ташласак, илмий жиҳатдан энг қолоқ ва бирор илоҳий китоб нозил қилинмаган қавм араблар эди. Бану Исроил қабиласига эса бир неча илоҳий китоблар тушган, кўплаб пайғамбарлар айнан улар ичидан чиққан эди. Шундай бўлса ҳам уларни жоҳил дейилди. Сабаби, улар ўз китобларидан билган хабарларига амал қилмадилар. Натижада у билганлари маълумот ўлароқ қолиб кетди.

Илмга тарғиб қилувчи оят ва ҳадислардан намуналар:

Аллоҳ таоло шунча турли неъматларни берди. Барчасини “шукур қилсангиз албатта, сизга зиёда қилурман” (Иброҳим сураси 7-оят), деб таъкидлади. Бироқ, илмга келганда, унинг очиқ-ойдин зиёдалигини талаб қилишга буюрди ва қанда сўрашни ҳам Ўзи ўргатди.

وَقُلْ رَبِّ زِدْنِي عِلْمًا

“Раббим илмимни зиёда қилгин” (Тоҳо сураси 114-оят)., деб Аллоҳ таоло марҳамат қилди. Юқоридаги ояти каримадан кўриниб турибди, ҳаётимизда зиёда бўлишини талаб қилишимизга буюрилган ягона ишимиз бу илм талабидир. Аллоҳ инъом этган ҳар қайси неъматни берсангиз ноқис бўлади. Илм эса унинг акси. Қанча тарқатсангиз шунча зиёда ва пухталашиб бораверади.

Жамиятимизда илм эгаси бўлган инсоннинг дунёқараши ҳам, ахлоқ-одоби ҳам ўзгача бўлади. Аллоҳ таоло Каломида:

“Билганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми!?” (Зумар сураси 9-оят). Яъни: билим эгаси, илмлилар жоҳиллар билан асло тенг бўлмайди.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

يَرْفَعِ اللَّهُ الَّذِينَ آمَنُوا مِنْكُمْ وَالَّذِينَ أُوتُوا الْعِلْمَ دَرَجَاتٍ وَاللَّهُ بِمَا تَعْمَلُونَ خَبِير

“Аллоҳ сизлардан имон келтирганларни ва илмга берилганларнинг даражаларини кўтарур. Аллоҳ нима қилаётганингиздан хабардордир”.

(Мужодала сураси 11-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам илм йўлидаги инсонларни шундай мадҳ этадилар:

 

مَن سلَكَ طريقًا يلتَمِسُ فيهِ علمًا ، سَهَّلَ اللَّهُ لَهُ طريقًا إلى الجنَّةِ ، وإنَّ الملائِكَةَ لتَضعُ أجنحتَها لطالِبِ العلمِ رضًا بما يصنعُ وإنَّ العالم ليستغفِرُ لَهُ مَن في السَّمواتِ ومن في الأرضِ ، حتَّى الحيتانِ في الماءِ ، وفضلَ العالمِ على العابدِ كفَضلِ القمرِ على سائرِ الكواكبِ ، وإنَّ العُلَماءَ ورثةُ الأنبياءِ إنَّ الأنبياءَ لم يورِّثوا دينارًا ولا درهمًا إنَّما ورَّثوا العلمَ فمَن أخذَهُ أخذَ بحظٍّ وافرٍ

 

“ким илм йўлида бўлса, Аллоҳ жаннат йўлини унга осон қилади. Фаришталар толиби илм учун қилаётган ишидан рози бўлиб, қанотларини тўшайди. Албатта, олим учун ер-у кўкдаги барча нарсалар, ҳатто денгиздаги балиқлар ҳам истиғфор айтади. Бир олимнинг илмсиз ибодатлига нисбатан фазли, худди ойнинг юлдузларга нисбатан бўлган фазли кабидир. Албатта, олимлар пайғамбарларнинг ворисларидир. Албатта, пайғамбарлар динор ва дирҳам мерос қилиб қолдирмай, илмни қолдирганлар. Ким у илмдан олса, ўз насибасини тўлиқ олибди (Абу Довуд ва Термизий ривояти).

Ушбу ҳадис илм талабидаги инсонларга берилажак барча мукофотларни қамраб олган десак муболаға бўлмайди.

Илмнинг ҳаётимиздаги ўрни ва заруратига тўхталиб ўтадиган бўлсак. Оила жамият пойдевори демакдир. Оиланинг мустаҳкамлиги, болалар тарбияси, эр-хотин ва бошқа қайнона-қайноталар орасидаги муносабатларнинг равон бўлиши учун илм зарур. Худони таниган, ўқимишли ва зиёли йигит-қизлар ўзаро турмуш қурсалар, уларнинг орасида муҳаббат бўлади. Машаққатли кунларда ҳар бир масалага муносиб ечим қилади. Ўзаро илм асосидаги ахлоқ билан муносабатда бўлиб, зулм қилишдан чекланади. Жоҳил ва билимсиз оилалар эса, жанжал, тўполон ва кўп зиддиятга боришдан тап тортишмайди.

Шу сабаб буюк бобомиз Имом Бухорий роҳимаҳуллоҳ шундай деганлар: “Илмдан ўзга нажот йўқ ва бўлмагай”.

Олимлар айтади: “ким дунё азизлигини истаса, илм олсин. Ким охират азизлигини истаса, илм олсин. Ким икки дунёда ҳам азиз бўлишни истаса, илм олсин”.

Илм чиндан ҳаётимиздаги энг муҳим омил. Бироқ, унинг ҳам бизга фойда келтирмайдиган қисми ҳам бор.

Бу ҳақида Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг бир дуоларини кўришимиз мумкин:

اللَّهمَّ إني أعوذُ بك من علمٍ لا ينفعُ ، ومن قلبٍ لا يخشعُ ، ومن نفسٍ لا تشبعُ

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дуо қилар эдилар:

“Эй Аллоҳим, Сендан манфаатсиз илмдан, қўрқмайдиган қалбдан, тўймайдиган (очкўз) нафсдан паноҳ сўрайман”.

Бундан кўринадики, илмнинг зарарли қисми ҳам бор экан. Бизни ҳақдан узоқлаштирадиган, жамият ривожига тўсиқ бўладиган ва инсонларга фойда келтирмайдиган илмлар манфаатсиз, зарарли илмлардир.

Хулоса қилиб айтганда, инсон илм билан Аллоҳнинг наздида фариштадан ҳам юқори даражада бўлиши, дунёда эса одамлар орасида обрўли, зиёли ва оилада тотув яшашини таъминлайди. Жаннатга олиб борувчи энг осон йўл. шу билан зарали илмлардан ҳам паноҳ сўраш керак. Икки дунёда саодатга эришиш истасангиз, илм истанг дўстим.

Фойдаланилган адабиётлар рўйхати

1. Қуръони карим.

2.  Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, “Тафсири ҳилол”, Ҳилол нашр, Тошкент. 2008.

3. Имом Бурҳониддин Зарнужий, “Таълим ул-мутаъаллим тариқ ат-таъаллум”, Рамадҳон, Индонезия. 2009.

4. Муҳаммад Аввома, “Маолимул Иршодийя”, Дорул юср, 2013.

5. Муҳаммадбобур Муҳиддинов ва Муҳаммадюнус Муҳаммадмусо, “Ҳар мўминнинг орзуси”, Мурувватли-дил пресс, 2026.

 

Нажмиддин домла Ҳасанов

«Ҳасанхон қори» жоме масжиди имом-хатиби