Юз берган кучли тўфондан бир бой кишининг барча мол-дунёси сувга ғарқ бўлибди. Бутун бойлиги бирпасда йўқ бўлганига чидамаган бой кўчаларда фарёду-фиғон чекиб йиғлаб кетаётса, қаршисидан бир одам чиқиб қолибди:
- Кап-катта одамга йиғлаш нимаси? - дея савол берибди ажабланиб.
- Мен йиғламай ким йиғласин? - дебди у. - Бир зумда ҳамма мол-мулкимдан айрилиб, фақир-қашшоқ бўлиб қолдим-ку!..
- Кўп ғам чекма, - дея овутишга тушибди йўловчи киши. - Умр йўлдошинг борми?
- Бор, - дебди бой бироз ҳайрон бўлиб.
- Унинг ақлу-ҳуши, фаросати борми? Бой бир зум ўйланиб қолибди ва:
- Ҳа, бу жиҳатдан бахтиёрман! Фаросатли, солиҳа, ҳар доим кайфиятимга қараб яшайдиган жуфти ҳалолим бор, - дебди бой.
- У ҳолда нега йиғлайсан, эй ғофил банда?! Бу дунёда мато учун ҳам кўз-ёш тўкадими, одам? Сабоқ учун бир гап айтай сенга, мен шундай бир хотинга уйланганманки, эрнинг қадр-қимматига етмайди. Сен фалокатнинг нималигини билмас экансан. Агар сен ҳам ақли калта, тили узун, жағи тинмас бир хотинга уйланган бўлганингда, ўшанда билардинг ҳақиқий фалокат нималигини! Дўконларинг сувга ғарқ бўлган бўлса, сен соғ экансан-ку, ҳаммасини топасан. Фақат ёнингда кўнглингдагидек аёлинг сенга мададкор бўлса, маънавий қувват бериб турса тезда ўзингни ўнглаб оласан, - дебди, йўловчи.
Халқимизда "Яхши хотин ярим давлат" деган гап бежиз айтилмаган. Дарҳақиқат, солиҳа, оқила аёл фақат жуфти ҳалолининг эмас, бутун жамиятнинг гултожи ҳисобланади. Чунки, тарбияси гўзал аёл аввало, ота-оналарини эъзозлайди, турмуш ўртоғини ардоқлайди, асосийси, фарзандларига чиройли тарбия бериб, жамиятга комил инсонларни вояга етказиб беради.
ТИИ талабаси
Тожиддинов Абдуссомад
ФИТР САДАҚАСИ НИМА УЧУН БЕРИЛАДИ?
Фитр садақаси – рўзадан чиқиш муносабати билан бериладиган садақа. У Рамазон ойида беҳуда гап-сўзлар, қилинган хато ва камчиликларни ювиш ҳамда камбағал, мискинлар, етим ва бечораларнинг очликларини кетказиш мақсадида жорий қилинган.
Имом Вакиъ ибн Жарроҳ раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Фитр садақаси – саҳв саждасига ўхшайди. Намознинг вожиб амали тарк бўлганда, саҳв саждаси билан намоз тўғрилангандек, фитр садақаси ҳам рўзанинг камчиликларини тўлдиради”.
Ҳанафий мазҳабида фитр садақаси вожиб амал ҳисобланади.
ҚАЧОН БЕРИЛИШИ КЕРАК?
Фитр садақасини рамазон ҳайити куни тонг отгандан яъни бомдод намозининг вақти киргандан бошлаб ҳайит намозига чиқишдан олдинги вақтга қадар бериш вожиб. Рамазон ойи бошланиши билан берилса ҳам бўлади.
Аммо ҳайит намозидан кейинга қолдирмаслик керак. Агарда киши фитр садақасини ҳайит намозигача бера олмаса, намоздан кейин беради, лекин савоби рамазон ойида берганчалик бўлмайди, аммо бериши шарт. Яъни уни беролмай қолган киши зиммасида фитр садақасини бериш вожиб бўлиб қолаверади.
КИМЛАР БЕРИШИ КЕРАК?
Хур, нисоб миқдоридаги мулкка эга бўлган (фитр садақасининг нисобида молнинг ўсувчи бўлиши эътиборга олинмайди) мусулмон эркак ва аёлнинг зиммасига фитр садақасини бериш вожиб бўлади. Нисоб миқдоридаги мулкка эга киши балоғатга етмаган болалари номидан фитр садақасини бериши вожиб.
Киши аёли ва балоғатга етган фарзандлари учун фитр садақасини бериши вожиб эмас, балки уларнинг ўзлари бериши мақсадга мувофиқ саналади. Аммо балоғатга етган фарзандлари ва аёли учун улар айтишмаса ҳам, фитр садақасини берса, улар зиммасидан фитр садақаси соқит бўлади.
Ҳайит кечаси туғилган чақалоқ учун ҳам отаси фитр садақа бериши вожиб бўлади. Ҳомила ва ҳайит кунидан олдин вафот этганлар учун эса вожиб бўлмайди.
КИМЛАРГА БЕРИЛАДИ?
Фитр садақаси мусулмон камбағал-мискинларга берилади. “Фатавои Ҳиндия” китобида келтирилишича, фитрни беришда энг афзали, аввало, (камбағал) ака-ука, опа-сингиллар ҳисобланади. Сўнгра уларнинг фарзандлари. Улардан кейин амаки-аммалар, сўнгра уларнинг фарзандлари. Тоға-холалар ва уларнинг фарзандлари сўнг юқоридагилардан ташқари қариндошлар. Улардан кейин қўшнилар, касбдошлар, кейин ҳамшаҳарлар ёки қишлоқдошлар ҳақли ҳисобланади.
КИМЛАРГА БЕРИЛМАЙДИ?
Фитр садақаси нисоб миқдорича моли бўлган бой кишига, ўзининг ота-онаси, бобо-момосига, ўзининг ўғил-қизларига ва уларнинг фарзандларига, эр-хотин бир-бирига бериш мумкин эмас.
Шунингдек, ғайридинга, фосиққа, гуноҳ ва маъсиятга, шунингдек мусулмонларга зарар келтирадиган ҳар қандай ишларга сарфлайдиган кимсаларга берилмайди.
Фитр садақасини муҳтожларнинг қўлларига қийматини бериш жоиз. Бу пуллар масжид қурилиши, умумий хайрия ишлари учун берилиши мумкин эмас.
РЎЗА ТУТМАГАНЛАР ҲАМ ФИТР САДАҚАСИНИ БЕРАДИМИ?
Бирор узр сабабли рўза тута олмаганлар ҳам ўзлари ёки улар номидан нафақа бериши керак бўлган одам фитр садақасини бериши керак.
ФИТР САДАҚАСИ ҚАНЧА МИҚДОРДА БЕРИЛАДИ?
Фитр садақасининг миқдори қуйидагича белгиланди:
2 кг буғдой ёки унинг қиймати – 10 000 (ўн минг) сўм;
2 кг буғдой уни ёки унинг қиймати – 12 000 (ўн икки минг) сўм;
4 кг арпа ёки унинг қиймати – 20 000 (йигирма минг) сўм;
2 кг майиз ёки унинг қиймати – 110 000 (бир юз ўн минг) сўм;
4 кг хурмо ёки унинг қиймати – 200 000 (икки юз минг) сўм деб белгиланди.
Ҳар ким ўз имкониятига қараб ушбу тўрт маҳсулотнинг хоҳлаган бир туридан фитр садақасини берса кифоя.
Эслатма! Фитр садақаси қийматлари Тошкент шаҳар бозорларидаги нархга асосан белгиланган бўлиб, ҳар бир вилоят ўз бозорларидаги нархга қараб фитр садақасини белгилайди.
Даврон НУРМУҲАММАД