Юз берган кучли тўфондан бир бой кишининг барча мол-дунёси сувга ғарқ бўлибди. Бутун бойлиги бирпасда йўқ бўлганига чидамаган бой кўчаларда фарёду-фиғон чекиб йиғлаб кетаётса, қаршисидан бир одам чиқиб қолибди:
- Кап-катта одамга йиғлаш нимаси? - дея савол берибди ажабланиб.
- Мен йиғламай ким йиғласин? - дебди у. - Бир зумда ҳамма мол-мулкимдан айрилиб, фақир-қашшоқ бўлиб қолдим-ку!..
- Кўп ғам чекма, - дея овутишга тушибди йўловчи киши. - Умр йўлдошинг борми?
- Бор, - дебди бой бироз ҳайрон бўлиб.
- Унинг ақлу-ҳуши, фаросати борми? Бой бир зум ўйланиб қолибди ва:
- Ҳа, бу жиҳатдан бахтиёрман! Фаросатли, солиҳа, ҳар доим кайфиятимга қараб яшайдиган жуфти ҳалолим бор, - дебди бой.
- У ҳолда нега йиғлайсан, эй ғофил банда?! Бу дунёда мато учун ҳам кўз-ёш тўкадими, одам? Сабоқ учун бир гап айтай сенга, мен шундай бир хотинга уйланганманки, эрнинг қадр-қимматига етмайди. Сен фалокатнинг нималигини билмас экансан. Агар сен ҳам ақли калта, тили узун, жағи тинмас бир хотинга уйланган бўлганингда, ўшанда билардинг ҳақиқий фалокат нималигини! Дўконларинг сувга ғарқ бўлган бўлса, сен соғ экансан-ку, ҳаммасини топасан. Фақат ёнингда кўнглингдагидек аёлинг сенга мададкор бўлса, маънавий қувват бериб турса тезда ўзингни ўнглаб оласан, - дебди, йўловчи.
Халқимизда "Яхши хотин ярим давлат" деган гап бежиз айтилмаган. Дарҳақиқат, солиҳа, оқила аёл фақат жуфти ҳалолининг эмас, бутун жамиятнинг гултожи ҳисобланади. Чунки, тарбияси гўзал аёл аввало, ота-оналарини эъзозлайди, турмуш ўртоғини ардоқлайди, асосийси, фарзандларига чиройли тарбия бериб, жамиятга комил инсонларни вояга етказиб беради.
ТИИ талабаси
Тожиддинов Абдуссомад
Тошкентнинг машҳур Ҳазрати Имом мажмуаси ҳудудидаги 10 гектар майдонда барпо этилган Ислом цивилизацияси маркази биноси уч қаватдан иборат бўлиб, узунлиги 161 метр, эни 118 метрни ташкил этади.


Гумбазининг баландлиги 65 метр, умумий фойдаланиш ҳудуди эса 42 минг квадрат метрдан зиёд.
Марказ биноси Президент Шавкат Мирзиёевнинг меъморий ғоя ва таклифлари асосида лойиҳалаштирилган.


Президент Шавкат Мирзиёев жамоатчилик вакиллари билан биргаликда улуғ айёмлар – муборак Рамазон ҳайити ва Наврўз байрами олдидан расман ўз эшикларини очган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаров халқимиз учун муборак туҳфа бўлган мажмуанинг аҳамиятига тўхталди.


– Ислом цивилизацияси маркази ҳам илмий, ҳам эътиқодий нуқтаи назардан ўтмиш ва бугунни боғловчи кўприк вазифасини ўтайди. Унинг фаолиятини бутун дунё, айниқса, илм аҳллари, олимлар диққат билан кўтаётган эди. Келиб зиёрат қилишни ният қилишар эди.
Бугун эзгу ниятларимизга эришдик. Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази нафақат юртимиз аҳли, балки бутун дунё учун туҳфа бўлди.