Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
10 Ноябр, 2026   |   30 Жумадул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:44
Қуёш
07:05
Пешин
12:12
Аср
15:27
Шом
17:11
Хуфтон
18:27
Bismillah
10 Ноябр, 2026, 30 Жумадул аввал, 1448

Ибратли дунё

10.02.2017   19817   2 min.
Ибратли дунё

Юз берган кучли тўфондан бир бой кишининг барча мол-дунёси сувга ғарқ бўлибди. Бутун бойлиги бирпасда йўқ бўлганига чидамаган бой кўчаларда фарёду-фиғон чекиб йиғлаб кетаётса, қаршисидан бир одам чиқиб қолибди:

- Кап-катта одамга йиғлаш нимаси? - дея савол берибди ажабланиб.

- Мен йиғламай ким йиғласин? - дебди у. - Бир зумда ҳамма мол-мулкимдан айрилиб, фақир-қашшоқ бўлиб қолдим-ку!..

- Кўп ғам чекма, - дея овутишга тушибди йўловчи киши. - Умр йўлдошинг борми?

- Бор, - дебди бой бироз ҳайрон бўлиб.

- Унинг ақлу-ҳуши, фаросати борми? Бой бир зум ўйланиб қолибди ва:

- Ҳа, бу жиҳатдан бахтиёрман! Фаросатли, солиҳа, ҳар доим кайфиятимга қараб яшайдиган жуфти ҳалолим бор, - дебди бой.

- У ҳолда нега йиғлайсан, эй ғофил банда?! Бу дунёда мато учун ҳам кўз-ёш тўкадими, одам? Сабоқ учун бир гап айтай сенга, мен шундай бир хотинга уйланганманки, эрнинг қадр-қимматига етмайди. Сен фалокатнинг нималигини билмас экансан. Агар сен ҳам ақли калта, тили узун, жағи тинмас бир хотинга уйланган бўлганингда, ўшанда билардинг ҳақиқий фалокат нималигини! Дўконларинг сувга ғарқ бўлган бўлса, сен соғ экансан-ку, ҳаммасини топасан. Фақат ёнингда кўнглингдагидек аёлинг сенга мададкор бўлса, маънавий қувват бериб турса тезда ўзингни ўнглаб оласан, - дебди, йўловчи.

Халқимизда "Яхши хотин ярим давлат" деган гап бежиз айтилмаган. Дарҳақиқат, солиҳа, оқила аёл фақат жуфти ҳалолининг эмас, бутун жамиятнинг гултожи ҳисобланади. Чунки, тарбияси гўзал аёл аввало, ота-оналарини эъзозлайди, турмуш ўртоғини ардоқлайди, асосийси, фарзандларига чиройли тарбия бериб, жамиятга комил инсонларни вояга етказиб беради.

ТИИ талабаси

Тожиддинов Абдуссомад

Бошқа мақолалар

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуни қўрқитган оят

11.03.2026   15590   2 min.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуни қўрқитган оят

“Нисо” сурасида шундай бир оят борки, у Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳуни қаттиқ ўйга солган ва у киши: “Бу Қуръондаги энг қўрқинчли оятлардан бири” деб айтганлар. Оят:


﴿مَنْ يَعْمَلْ سُوءًا يُجْزَ بِهِ﴾


“Ким ёмонлик қилса, ўша (ёмонлик) билан жазоланади” (Нисо сураси, 123-оят).

Бу оятни эшитганда саҳобалар жуда қаттиқ хавотирга тушганлар. Чунки инсон ҳаётида хатолар, камчиликлар, гуноҳлар бўлиб туради. Саҳобалар: “Агар ҳар бир ёмон иш учун жазо бўлса, унда биздан ким нажот топади?” деб ташвишга тушганлар. Ривоят қилинишича, Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу бу оятни эшитиб: “Ё Аллоҳнинг Расули! Агар ҳар бир ёмон иш учун жазо бўлса, биз ҳалок бўламиз-ку?” деб сўраганлар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй Абу Бакр! Сен касал бўлмайсанми? Сен чарчамайсанми? Сен ғам-ташвишга ботмайсанми?” деб сўрадилар. Абу Бакр розияллоҳу анҳу: “Албатта шундай ҳолатларга тушаман”, деб жавоб бердилар. Шунда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Мана шу нарсалар сен қилган хатоларинг учун каффоратдир”, дедилар.

Уламолар бу оятни бундай тушунтиришган:
Инсон қилган ёмон ишларининг жазоси фақат охиратда эмас, балки дунёда ҳам баъзан каффорат билан тўланади:
- Касаллик,
- Ташвиш,
- Мусибат,
- Қийинчилик,
- Қалбдаги изтироб.

Булар мўминни гуноҳлардан поклайди. Шунинг учун бу оятда икки хислат жамланган:
- Адолат — ҳар бир амал ҳисобга олинади.
- Раҳмат — Аллоҳ бандасини дунёда поклаб туради.

Яна уламолар айтадилар:
Нисо сураси инсонни икки қанот билан қўллайди:
- Хавф (қўрқув).
- Ражо (умид).
Шунинг учун бу сура мўминнинг қалбини тарбия қиладиган энг таъсирли суралардан бири.

Ҳомиджон қори ИШМАТБЕКОВ