Юз берган кучли тўфондан бир бой кишининг барча мол-дунёси сувга ғарқ бўлибди. Бутун бойлиги бирпасда йўқ бўлганига чидамаган бой кўчаларда фарёду-фиғон чекиб йиғлаб кетаётса, қаршисидан бир одам чиқиб қолибди:
- Кап-катта одамга йиғлаш нимаси? - дея савол берибди ажабланиб.
- Мен йиғламай ким йиғласин? - дебди у. - Бир зумда ҳамма мол-мулкимдан айрилиб, фақир-қашшоқ бўлиб қолдим-ку!..
- Кўп ғам чекма, - дея овутишга тушибди йўловчи киши. - Умр йўлдошинг борми?
- Бор, - дебди бой бироз ҳайрон бўлиб.
- Унинг ақлу-ҳуши, фаросати борми? Бой бир зум ўйланиб қолибди ва:
- Ҳа, бу жиҳатдан бахтиёрман! Фаросатли, солиҳа, ҳар доим кайфиятимга қараб яшайдиган жуфти ҳалолим бор, - дебди бой.
- У ҳолда нега йиғлайсан, эй ғофил банда?! Бу дунёда мато учун ҳам кўз-ёш тўкадими, одам? Сабоқ учун бир гап айтай сенга, мен шундай бир хотинга уйланганманки, эрнинг қадр-қимматига етмайди. Сен фалокатнинг нималигини билмас экансан. Агар сен ҳам ақли калта, тили узун, жағи тинмас бир хотинга уйланган бўлганингда, ўшанда билардинг ҳақиқий фалокат нималигини! Дўконларинг сувга ғарқ бўлган бўлса, сен соғ экансан-ку, ҳаммасини топасан. Фақат ёнингда кўнглингдагидек аёлинг сенга мададкор бўлса, маънавий қувват бериб турса тезда ўзингни ўнглаб оласан, - дебди, йўловчи.
Халқимизда "Яхши хотин ярим давлат" деган гап бежиз айтилмаган. Дарҳақиқат, солиҳа, оқила аёл фақат жуфти ҳалолининг эмас, бутун жамиятнинг гултожи ҳисобланади. Чунки, тарбияси гўзал аёл аввало, ота-оналарини эъзозлайди, турмуш ўртоғини ардоқлайди, асосийси, фарзандларига чиройли тарбия бериб, жамиятга комил инсонларни вояга етказиб беради.
ТИИ талабаси
Тожиддинов Абдуссомад
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Лайлатул қадрни Рамазоннинг охирги ўн кечасининг тоқ (кеча)ларидан изланглар", деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Қадр кечасининг
1 сонияси 23 соатдан афзал
1 дақиқаси 58 кундан афзал
1 соати 9 йилу 8 ойдан афзал
1 кечаси 83 йилу 3 ойдан афзал
Оиша онамиз розияллоҳу анҳо айтадилар: "Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам (охирги) ўн кунлик кириб келса белбоғларини маҳкам боғлардилар, кечаларини тирилтирар ва аҳлларини уйғотардилар" (Имом Бухорий ривояти).
Бу йилги рамазон ойининг охирги тоқ кечалари:
21 кеча: 10 март (сешанба)дан — 11 март (чоршанба)га ўтар кечаси;
23 кеча: 12 март (пайшанба)дан — 13 март (жума)га ўтар кечаси;
25 кеча: 14 март (шанба)дан — 15 март (якшанба)га ўтар кечаси;
27 кеча: 16 март (душанба)дан — 17 март (сешанба)га ўтар кечаси;
29 кеча: 18 март (чоршанба)дан — 19 март (пайшанба)га ўтар кечаси.
Шундай экан, рамазон ойининг охирги 10 кунлигида кўпроқ
- зикр ва дуо қилинг;
- Қуръон тиловат қилинг;
- нафл намозларни ўқинг;
- закотингизни беринг.
- Аллоҳ таолонинг мағфирати ва раҳматини сўранг: “Аллоҳумма иннака афуввун, туҳиббул афва, фаъфу ъанний”.
- ҳар куни хайр-эҳсон қилинг;
- фитр садақасини беринг!
Аллоҳим барча мўминларга Рамазоннинг охирги ўн кунлигида Сени рози қиладиган амалларни қилишга муваффақ айла ва солиҳ амалларимизни қабул эт!
Даврон НУРМУҲАММАД