Юз берган кучли тўфондан бир бой кишининг барча мол-дунёси сувга ғарқ бўлибди. Бутун бойлиги бирпасда йўқ бўлганига чидамаган бой кўчаларда фарёду-фиғон чекиб йиғлаб кетаётса, қаршисидан бир одам чиқиб қолибди:
- Кап-катта одамга йиғлаш нимаси? - дея савол берибди ажабланиб.
- Мен йиғламай ким йиғласин? - дебди у. - Бир зумда ҳамма мол-мулкимдан айрилиб, фақир-қашшоқ бўлиб қолдим-ку!..
- Кўп ғам чекма, - дея овутишга тушибди йўловчи киши. - Умр йўлдошинг борми?
- Бор, - дебди бой бироз ҳайрон бўлиб.
- Унинг ақлу-ҳуши, фаросати борми? Бой бир зум ўйланиб қолибди ва:
- Ҳа, бу жиҳатдан бахтиёрман! Фаросатли, солиҳа, ҳар доим кайфиятимга қараб яшайдиган жуфти ҳалолим бор, - дебди бой.
- У ҳолда нега йиғлайсан, эй ғофил банда?! Бу дунёда мато учун ҳам кўз-ёш тўкадими, одам? Сабоқ учун бир гап айтай сенга, мен шундай бир хотинга уйланганманки, эрнинг қадр-қимматига етмайди. Сен фалокатнинг нималигини билмас экансан. Агар сен ҳам ақли калта, тили узун, жағи тинмас бир хотинга уйланган бўлганингда, ўшанда билардинг ҳақиқий фалокат нималигини! Дўконларинг сувга ғарқ бўлган бўлса, сен соғ экансан-ку, ҳаммасини топасан. Фақат ёнингда кўнглингдагидек аёлинг сенга мададкор бўлса, маънавий қувват бериб турса тезда ўзингни ўнглаб оласан, - дебди, йўловчи.
Халқимизда "Яхши хотин ярим давлат" деган гап бежиз айтилмаган. Дарҳақиқат, солиҳа, оқила аёл фақат жуфти ҳалолининг эмас, бутун жамиятнинг гултожи ҳисобланади. Чунки, тарбияси гўзал аёл аввало, ота-оналарини эъзозлайди, турмуш ўртоғини ардоқлайди, асосийси, фарзандларига чиройли тарбия бериб, жамиятга комил инсонларни вояга етказиб беради.
ТИИ талабаси
Тожиддинов Абдуссомад
“Халқаро Қуръони карим мукофоти” Шайх Маҳмуд Халил ал-Ҳусарийни дунё миқёсидаги Қуръон шахсияти сифатида танлади
“IQNA” сайти хабарига кўра, Бирлашган Араб Амирликлари Президенти ўринбосари, Вазирлар Кенгаши раиси, Дубай амири Шайх Муҳаммад бин Рошид Ол Мактум жаноблари мисрлик машҳур қори, Шайх Маҳмуд Халил ал-Ҳусарий раҳимаҳуллоҳни “Дубай халқаро Қуръони карим мукофоти” нинг ғолиби сифатида эълон қилди.
Дубай амири Шайх Муҳаммад бин Рошид Ол Мактум ўзининг X (собиқ Twitter) аккаунтида шундай деб ёзди:
“Дубай халқаро Қуръони карим мукофоти” Қуръони карим китобига хизмат қилиш, ҳофизлар ва қориларни тақдирлаш, Қуръони карим илмлари бўйича хизмат кўрсатган фидоийларга эҳтиром кўрсатиш мақсадида 28 йилдан бери фаолият юритиб келмоқда. Бугун биз буюк бир улуғ исломий шахсни дунё миқёсидаги “Қуръони карим шахсияти” сифатида тақдирлашимизни эълон қиламиз: “Шайх Маҳмуд Халил ал-Ҳусрий... Замонамизнинг тиловат уламоларидан бири... Биринчи бўлиб Қуръони каримни тўлиқ мураттал (тартил) услубида ёзиб қолдирган... Шарқу ғарбда энг кўп тарқалган етук қорилардан бири сифатида эътироф этилган. Аллоҳ таоло у кишини раҳматига олсин ва ушбу буюк ишларини ҳасанот тарозисига қўшсин”.
Шайх Муҳаммад бин Рошид Ол Мактум қўшимча қилди: "Шунингдек, бу йил “Дубай халқаро Қуръони карим мукофоти” доирасида дунёнинг турли бурчакларидан танланган олтита ажойиб қори овозини танладик. Улар 2026 йил учун “Қуръони карим тиловати бўйича энг хушовоз қори” унвони учун мусобақалашади. Юракларни титратадиган овозлар... Республика овоз бериш эшигини очиб, жамоатчиликни 2026 йилнинг энг гўзал Қуръон овозини танлаш тадбирида қатнашишга таклиф этамиз. Ғолибларни шу йилнинг 2 март куни Қуръони карим ва унинг аҳлини улуғлайдиган тантанали маросимда мукофотлаймиз”.
Илёс АҲМЕДОВ