Юз берган кучли тўфондан бир бой кишининг барча мол-дунёси сувга ғарқ бўлибди. Бутун бойлиги бирпасда йўқ бўлганига чидамаган бой кўчаларда фарёду-фиғон чекиб йиғлаб кетаётса, қаршисидан бир одам чиқиб қолибди:
- Кап-катта одамга йиғлаш нимаси? - дея савол берибди ажабланиб.
- Мен йиғламай ким йиғласин? - дебди у. - Бир зумда ҳамма мол-мулкимдан айрилиб, фақир-қашшоқ бўлиб қолдим-ку!..
- Кўп ғам чекма, - дея овутишга тушибди йўловчи киши. - Умр йўлдошинг борми?
- Бор, - дебди бой бироз ҳайрон бўлиб.
- Унинг ақлу-ҳуши, фаросати борми? Бой бир зум ўйланиб қолибди ва:
- Ҳа, бу жиҳатдан бахтиёрман! Фаросатли, солиҳа, ҳар доим кайфиятимга қараб яшайдиган жуфти ҳалолим бор, - дебди бой.
- У ҳолда нега йиғлайсан, эй ғофил банда?! Бу дунёда мато учун ҳам кўз-ёш тўкадими, одам? Сабоқ учун бир гап айтай сенга, мен шундай бир хотинга уйланганманки, эрнинг қадр-қимматига етмайди. Сен фалокатнинг нималигини билмас экансан. Агар сен ҳам ақли калта, тили узун, жағи тинмас бир хотинга уйланган бўлганингда, ўшанда билардинг ҳақиқий фалокат нималигини! Дўконларинг сувга ғарқ бўлган бўлса, сен соғ экансан-ку, ҳаммасини топасан. Фақат ёнингда кўнглингдагидек аёлинг сенга мададкор бўлса, маънавий қувват бериб турса тезда ўзингни ўнглаб оласан, - дебди, йўловчи.
Халқимизда "Яхши хотин ярим давлат" деган гап бежиз айтилмаган. Дарҳақиқат, солиҳа, оқила аёл фақат жуфти ҳалолининг эмас, бутун жамиятнинг гултожи ҳисобланади. Чунки, тарбияси гўзал аёл аввало, ота-оналарини эъзозлайди, турмуш ўртоғини ардоқлайди, асосийси, фарзандларига чиройли тарбия бериб, жамиятга комил инсонларни вояга етказиб беради.
ТИИ талабаси
Тожиддинов Абдуссомад
Банданинг ҳаққи енгил қараладиган нарса эмас. Бу ҳақ – то адо қилинмагунча кечилмайдиган ҳақ. Бу шундай ҳақки, Аллоҳ таоло аралашмайдиган ҳақ.
Банданинг ҳаққи иймоннинг бир бўлаги. Адо қилинмагунча жаннатга киришдан тўсиб турадиган девор. Бандани ҳаққини адо қилиш аслида иймон келтиришдан бошланади.
Гувоҳлик бераман албатта Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқдир, яна гувоҳлик бераман албатта Муҳаммад алайҳиссалом Аллоҳнинг бандаси ва элчисидир.
“Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқдир” бу калом Аллоҳнинг ҳаққидир.
“Муҳаммад Аллоҳнинг бандаси ва элчисидир” буниси эса банданинг ҳаққидир.
Ушбу жумлалар бир-биридан ажратилганда эса, иймон мукаммал бўлмайди.
“Намозни баркамол ўқингиз”, Аллоҳнинг ҳаққидир.
“Закот берингиз” банданинг ҳаққидир.
“Аллоҳга итоат этингиз” Аллоҳнинг ҳаққидир.
“Пайғамбарга итоат этингиз” банданинг ҳаққидир.
“Менга ва ота-онангга шукр қилгин”
“Менга (шукр қилгин)” Аллоҳнинг ҳаққидир.
“Ота-онангга шукр қилгин” банданинг ҳаққидир.
Агар киши Аллоҳнинг ҳаққини гўзал адо қилса-ю, банданинг ҳаққига риоя қилмаса нажот топмайди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Ким ҳаж қилса-ю, (унда) рофас (фаҳш) ва фисққа йўл қўймаган бўлса, у уйига худди онадан янги туғилгандек гуноҳлардан пок бўлиб қайтади” (Имом Бухорий ривояти).
“Ҳаж” – Аллоҳнинг ҳаққи.
“Фахш ва фисқ” бандалар ҳаққига риоя қилмаслик оқибатида бўлади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга “Фалончи аёл кечалари намоз ўқиб, кундузлари рўза тутади. Бироқ тили ёмон, қўшниларига беҳаёлик билан озор беради”, дейишган эди, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Унда яхшилик йўқ, у дўзахда” , дедилар (Имом Ҳоким ривояти, саҳиҳ ҳадис).
“Намоз ва рўза” Аллоҳнинг ҳаққи. Аёл уни адо қиларди.
“Тилдаги озор ва беҳаёлик” бандаларнинг ҳаққи. Шу ҳақ адо қилинмагани сабабли “Унда яхшилик йўқ, у дўзахда”, дедилар.
Ёрбек ИСЛОМОВ,
Олмазор тумани “Охунгузар” масжиди имом-хатиби.