Юз берган кучли тўфондан бир бой кишининг барча мол-дунёси сувга ғарқ бўлибди. Бутун бойлиги бирпасда йўқ бўлганига чидамаган бой кўчаларда фарёду-фиғон чекиб йиғлаб кетаётса, қаршисидан бир одам чиқиб қолибди:
- Кап-катта одамга йиғлаш нимаси? - дея савол берибди ажабланиб.
- Мен йиғламай ким йиғласин? - дебди у. - Бир зумда ҳамма мол-мулкимдан айрилиб, фақир-қашшоқ бўлиб қолдим-ку!..
- Кўп ғам чекма, - дея овутишга тушибди йўловчи киши. - Умр йўлдошинг борми?
- Бор, - дебди бой бироз ҳайрон бўлиб.
- Унинг ақлу-ҳуши, фаросати борми? Бой бир зум ўйланиб қолибди ва:
- Ҳа, бу жиҳатдан бахтиёрман! Фаросатли, солиҳа, ҳар доим кайфиятимга қараб яшайдиган жуфти ҳалолим бор, - дебди бой.
- У ҳолда нега йиғлайсан, эй ғофил банда?! Бу дунёда мато учун ҳам кўз-ёш тўкадими, одам? Сабоқ учун бир гап айтай сенга, мен шундай бир хотинга уйланганманки, эрнинг қадр-қимматига етмайди. Сен фалокатнинг нималигини билмас экансан. Агар сен ҳам ақли калта, тили узун, жағи тинмас бир хотинга уйланган бўлганингда, ўшанда билардинг ҳақиқий фалокат нималигини! Дўконларинг сувга ғарқ бўлган бўлса, сен соғ экансан-ку, ҳаммасини топасан. Фақат ёнингда кўнглингдагидек аёлинг сенга мададкор бўлса, маънавий қувват бериб турса тезда ўзингни ўнглаб оласан, - дебди, йўловчи.
Халқимизда "Яхши хотин ярим давлат" деган гап бежиз айтилмаган. Дарҳақиқат, солиҳа, оқила аёл фақат жуфти ҳалолининг эмас, бутун жамиятнинг гултожи ҳисобланади. Чунки, тарбияси гўзал аёл аввало, ота-оналарини эъзозлайди, турмуш ўртоғини ардоқлайди, асосийси, фарзандларига чиройли тарбия бериб, жамиятга комил инсонларни вояга етказиб беради.
ТИИ талабаси
Тожиддинов Абдуссомад
Насиҳат
Шайх Сулаймон ибн Халаф Божийнинг фарзандларига васияти
Етук фақиҳ, имом ва ҳофиз Шайх Сулаймон ибн Халаф Божий раҳимаҳуллоҳ фарзандларига васият қила туриб, уларга ҳаётда ҳар бир мўмин киши билиши зарур бўлган кўплаб насиҳатларни беради. Мазкур ўгитлар сиз азиз ўқувчиларимиз учун манфаатли бўлишини инобатга олиб, журналимиз саҳифаларида бериб боришни лозим топдик.
Шайх Сулаймон ибн Халаф раҳимаҳуллоҳ айтади:
Эй фарзандларим! Батаҳқиқ, сизнинг зиммангизга фарзи айн бўлган амаллар таклифи (шариат юклатган масъулият) тушадиган ёшга етдингиз. Мен эса сизларни насиҳатни англайдиган, тўғри йўлни фарқлай оладиган, таълим олиш ва илм эгаллашга муносиб ёшга етганингизни билдим. Шунинг учун сизларга васиятимни очиқ баён этишим лозим.
Гапларимга эътиборли бўлиб, кўрсатмаларим ва насиҳатларимга амал қилинг. Мен сизларни ҳеч қачон ёмонликка буюрмаганман. Мен кўрсатган йўлдан юринглар ва баён қилган ҳолатларимдан ўрнак олинглар.
Шуни билингларки, бизлар – Аллоҳ таолонинг фазли билан – наслимизга етган тўғрилик, диний етуклик, поклик ва ҳаё билан тўлиқ яшаган одамлар авлодиданмиз. Яъни Айюб ибн Вориснинг авлодлари. Улар шундай зотларки: бобомиз Саъд, ундан кейин Саъднинг фарзандлари: Сулаймон, Халаф, Абдурраҳмон ва Аҳмаддур. Уларнинг орасида энг солиҳи, диндори, тақво ва ибодати билан ажралиб турган киши сизларнинг боболарингиз – Халаф эди. У киши ўзининг катта обрўси, мавқеи ва дунёсининг кўплигига қарамай, молу дунёдан юз ўгирган, камтар ҳаёт кечирган киши эди.
Энди бу ишларни давом эттириш сизнинг зиммангизга тушади. Шундай экан, уларнинг йўлидан бошқа йўлни тутманглар, уларнинг ҳолатидан бошқасига рози бўлманглар. Агар улардан ҳам юқори даражага етишга қодир бўлсангиз, бундан фақат ўзингизга фойда. Аммо ундай бўлмаса, ҳеч қурса уларнинг даражасидан ортда қолманглар. Агар насиҳатларимга амал қилсангиз, солиҳлар йўлида собит турасиз, дунё ва охиратда яхшилик топасиз.
Васиятларимнинг энг муҳими – Аллоҳга иймон келтириш
Сизларга биринчи васиятим – Иброҳим алайҳиссалом ва Яъқуб алайҳиссаломнинг фарзандларига қилган васиятларидир: “Эй фарзандларим! Аллоҳ сизлар учун бу динини танлади. Бас, фақат мусулмон бўлган ҳолингиздагина вафот этинглар” (Бақара сураси, 132-оят). Шунингдек, Луқмон алайҳиссаломнинг фарзандига қилган насиҳатидир: “Эй ўғилчам! Аллоҳга ширк келтирма! Чунки ширк – албатта улкан зулмдир” (Луқмон сураси, 13-оят).
Сизларга бу борадаги насиҳатимни қаттиқ тарзда таъкидлайман, қайта-қайта эслатаман. Бу динга боғланишингиз ва уни маҳкам ушлашингиз учун жон куйдираман. Дунё ишларининг ҳеч бири Аллоҳ таоло бизга ато этган бу диндан сизларни ажратиб қўймасин. Бу дин учун жонларингизни фидо қилишингиз керак, унда дунё мол-мулкини аямаслигингиз лозим. Чунки бу динсиз кофир киши дўзахга тушса, унга ҳеч қандай яхшилик фойда бермайди. Мўмин киши бу дин билан жаннатга киради, унга ҳеч қандай ёмонлик зиён қилмайди: “Кимки исломдан бошқа дин истаса, ундан ҳеч қачон қабул қилинмайди ва у охиратда зарар кўрувчилардан бўлади” (Оли Имрон сураси, 85-оят).
Агар сизлар Аллоҳ таоло танлаган бу динда вафот этсангиз, умид қиламанки, биз жаннатда қайта учрашамиз – у ерда нафрат ҳам, ажралиш ҳам бўлмайди. Аллоҳ таоло менинг ўша учрашувга бўлган шавқу завқимни ҳам билади. Шу билан бирга, сизлардан бирортангиз йўлдан озиб, фитна сабаб адашиб қолишингиздан қаттиқ хавотирда эканлигимни ҳам билади. Агар шундай бўлса, Аллоҳнинг ғазаби уни қамраб олади ва ҳалокат жойига етказади. Абадий дўзах унга муқаррар бўлади. У ҳолда адашган киши солиҳ аждодлари билан жаннатда бирга бўлолмайди, оталари, ота-боболарининг салоҳияти унга наф бермайди: “Эй инсонлар! Парвардигорингиздан қўрқинг ва яна шундай бир кундан қўрқингки, у кунда на ота ўз фарзандига фойда беради, на фарзанд отага. Албатта Аллоҳнинг ваъдаси ҳақдир. Бас, дунё ҳаёти сизларни алдамасин. Ва шайтон – алдамчи – сизларни Аллоҳдан чалғитмасин” (Луқмон сураси, 33-оят).
(Давоми бор.)
Ҳомиджон қори ИШМАТБЕКОВ
таржимаси
"Ҳидоят" журналининг 2026 йил 3-сонидан