Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
11 Ноябр, 2026   |   1 Жумадул сони, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:45
Қуёш
07:06
Пешин
12:12
Аср
15:26
Шом
17:10
Хуфтон
18:26
Bismillah
11 Ноябр, 2026, 1 Жумадул сони, 1448

Ибратли дунё

10.02.2017   20140   2 min.
Ибратли дунё

Юз берган кучли тўфондан бир бой кишининг барча мол-дунёси сувга ғарқ бўлибди. Бутун бойлиги бирпасда йўқ бўлганига чидамаган бой кўчаларда фарёду-фиғон чекиб йиғлаб кетаётса, қаршисидан бир одам чиқиб қолибди:

- Кап-катта одамга йиғлаш нимаси? - дея савол берибди ажабланиб.

- Мен йиғламай ким йиғласин? - дебди у. - Бир зумда ҳамма мол-мулкимдан айрилиб, фақир-қашшоқ бўлиб қолдим-ку!..

- Кўп ғам чекма, - дея овутишга тушибди йўловчи киши. - Умр йўлдошинг борми?

- Бор, - дебди бой бироз ҳайрон бўлиб.

- Унинг ақлу-ҳуши, фаросати борми? Бой бир зум ўйланиб қолибди ва:

- Ҳа, бу жиҳатдан бахтиёрман! Фаросатли, солиҳа, ҳар доим кайфиятимга қараб яшайдиган жуфти ҳалолим бор, - дебди бой.

- У ҳолда нега йиғлайсан, эй ғофил банда?! Бу дунёда мато учун ҳам кўз-ёш тўкадими, одам? Сабоқ учун бир гап айтай сенга, мен шундай бир хотинга уйланганманки, эрнинг қадр-қимматига етмайди. Сен фалокатнинг нималигини билмас экансан. Агар сен ҳам ақли калта, тили узун, жағи тинмас бир хотинга уйланган бўлганингда, ўшанда билардинг ҳақиқий фалокат нималигини! Дўконларинг сувга ғарқ бўлган бўлса, сен соғ экансан-ку, ҳаммасини топасан. Фақат ёнингда кўнглингдагидек аёлинг сенга мададкор бўлса, маънавий қувват бериб турса тезда ўзингни ўнглаб оласан, - дебди, йўловчи.

Халқимизда "Яхши хотин ярим давлат" деган гап бежиз айтилмаган. Дарҳақиқат, солиҳа, оқила аёл фақат жуфти ҳалолининг эмас, бутун жамиятнинг гултожи ҳисобланади. Чунки, тарбияси гўзал аёл аввало, ота-оналарини эъзозлайди, турмуш ўртоғини ардоқлайди, асосийси, фарзандларига чиройли тарбия бериб, жамиятга комил инсонларни вояга етказиб беради.

ТИИ талабаси

Тожиддинов Абдуссомад

Бошқа мақолалар

Рўза саратонга қарши

30.05.2019   56791   4 min.
Рўза саратонга қарши

Инсон танасида витаминлар мувозанатини сақлаб қолиш, соғлом юриш ва теран фикрлаш учун кунига уч марта овқатланиш керак, деган фикр мавжуд. Эҳтимол бу озиқ-овқат ишлаб чиқарувчилар ва фармацевтика саноати вакиллари катта даромад олиши мақсадида тез-тез танаввул қилиб туришга рағбатлантиришдир.

Албатта, бу корпорацияларга одамлар озиқ-овқат ва ичимликни ортиқча истеъмол қилишдан тийилишлари, рўза тутишлари ёки соғлом турмуш тарзини кечиришлари кабиларда манфаатдорлик йўқ. Шунинг учун улар реклама орқали очкўзликка тарғиб қилишади ҳамда еб-ичиш фақат очлик ва чанқоқни қондириш учун эмас, балки ўйин-кулги ва вақтни ўтказиш учун ҳам керак бўлишини инсонларга уқтириб боришади.

Бунга қарши ўлароқ дунёдаги миллионлаб мусулмонлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тавсияларига мувофиқ ҳар ҳафтада икки марта душанба ва пайшанба кунлари рўза тутадилар, натижада улар шундай катта фойда олишадики, ҳатто улар бу фойдани тахмин ҳам қила олишмайди.

Шу билан бирга, замонавий тадқиқотчилар кўплаб касалликларни озиқ-овқатни чеклаш ва рўза тутиш орқали самарали тарзда даволаниши мумкин деган хулосага келишади. АҚШдаги Бостон коллежи профессори, доктор Томас Сейфрид, онкология билан курашда метаболик ёндашувни қўллаш бўйича илк қалдирғоч сифатида ушбу хулосага келди.

Жон Хопкинс университетининг нейробиология лабораториясининг мудири профессор Марк Мэттсон ўзининг эълон қилган кўплаб мақолаларида таъкидлашича, ҳафтада икки марта оч юришлик Паркинсон ва Алцгеймер каби кенг тарқалган касалликлар ривожланиш хавфини камайтириши мумкин экан.
Овқатланиш режимини ўзгартириш мия фаолиятига таъсир қилади. Нейробиологлар овқатни меъёридан кўп танаввул қилиш, ортиқча тўйиш мия иш қобилиятини тўхтатишини пайқашди. Озиқ-овқатдан сақланиш миянинг нейрокимёвий ўзгаришига олиб келади, асабийлашиш даражасини пасайтиради ва стрессга чидамлилигини оширади.

Рўза - мия учун чақирувдир. Рўза тутадиган киши миясида протеинни кўпроқ ишлаб чиқартиради ва нейрон ва нейлон боғламлари ўсишини тезлаштиради. Рўза туфайли ўрганиш қобилияти ортиб, хотира яхшиланади. Рўза янги асаб ҳужайралари ва илдиз ҳужайраларнинг ишлаб чиқарилишига ёрдам беради.

Профессор Маттсон, тез-тез рўза тутувчиларда ДНКларини қайта тиклаш учун кўпроқ нерв ҳужайралари борлигини аниқлади. Рўза илдиз ҳужайраларини янгилаш орқали иммунитет тизимини ҳимоя қилишга ёрдам беради.

2007 йилда Американинг “Клиническое питание” журналида рўза тутиш саратон, юрак-қон томир тизимининг касалликлари ва диабет касалликлари учун самарали восита эканлигини тасдиқловчи бир қатор ишлар эълон қилинган эди. Ушбу тадқиқот натижалари фармацевтика компаниялари ва озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари учун мутлақо зарарли. Уларнинг ниятлари жуда аниқ: одамларни меъёридан кўп ейишга мойил қилиш, ва бунинг натижасида одамларни семириб кетиш билан боғлиқ муаммоларини ҳамда диабет ва бошқа кўплаб касалликлардан даволаш ишлари билан шуғулланиш.
Бироқ, олимлар ҳафтада икки марта овқатланишдан тийилиш ва рўза тутишнинг афзалликларини тасдиқлайдиган кўплаб янги далилларни тобора кашф этишда давом этишларига ва охир-оқибат инкор қилиб бўлмас далиллар орқали вазиятни ўзгартириш мумкин бўладиган вақт келишига ишонтирмоқдалар.

Сўзимиз охирида Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллоллоҳу алайҳи васаллам) нинг кам ейишни турли хил касалликларнинг олдини олиши ва одамга очликни қондириш учун оз миқдордаги озиқ-овқат кифоя қилишига урғу берган сўзларини келтирмоқчимиз. Ҳадисда келтирилишича, киши қорнидан кўра ёмонроқ идишни тўлдирмайди. Унга ўз кучини сақлаб қолиши учун кифоя қиладиган луқмалар етарлидир. Агар (ундан кўп) овқат ейиши муқаррар бўлса, ошқозоннинг учдан бир қисми овқат учун, учдан бир қисми ичиш учун ва қолган учдан бири эса нафас олиш (ҳаво) учундир. (Имом Термизий). Муқаддас динимизнинг битмас-туганмас мўжизалари шу тариқа қиёматга қадар кашф қилинишда давом этаверади.

Саиджамол Масайитов