Юз берган кучли тўфондан бир бой кишининг барча мол-дунёси сувга ғарқ бўлибди. Бутун бойлиги бирпасда йўқ бўлганига чидамаган бой кўчаларда фарёду-фиғон чекиб йиғлаб кетаётса, қаршисидан бир одам чиқиб қолибди:
- Кап-катта одамга йиғлаш нимаси? - дея савол берибди ажабланиб.
- Мен йиғламай ким йиғласин? - дебди у. - Бир зумда ҳамма мол-мулкимдан айрилиб, фақир-қашшоқ бўлиб қолдим-ку!..
- Кўп ғам чекма, - дея овутишга тушибди йўловчи киши. - Умр йўлдошинг борми?
- Бор, - дебди бой бироз ҳайрон бўлиб.
- Унинг ақлу-ҳуши, фаросати борми? Бой бир зум ўйланиб қолибди ва:
- Ҳа, бу жиҳатдан бахтиёрман! Фаросатли, солиҳа, ҳар доим кайфиятимга қараб яшайдиган жуфти ҳалолим бор, - дебди бой.
- У ҳолда нега йиғлайсан, эй ғофил банда?! Бу дунёда мато учун ҳам кўз-ёш тўкадими, одам? Сабоқ учун бир гап айтай сенга, мен шундай бир хотинга уйланганманки, эрнинг қадр-қимматига етмайди. Сен фалокатнинг нималигини билмас экансан. Агар сен ҳам ақли калта, тили узун, жағи тинмас бир хотинга уйланган бўлганингда, ўшанда билардинг ҳақиқий фалокат нималигини! Дўконларинг сувга ғарқ бўлган бўлса, сен соғ экансан-ку, ҳаммасини топасан. Фақат ёнингда кўнглингдагидек аёлинг сенга мададкор бўлса, маънавий қувват бериб турса тезда ўзингни ўнглаб оласан, - дебди, йўловчи.
Халқимизда "Яхши хотин ярим давлат" деган гап бежиз айтилмаган. Дарҳақиқат, солиҳа, оқила аёл фақат жуфти ҳалолининг эмас, бутун жамиятнинг гултожи ҳисобланади. Чунки, тарбияси гўзал аёл аввало, ота-оналарини эъзозлайди, турмуш ўртоғини ардоқлайди, асосийси, фарзандларига чиройли тарбия бериб, жамиятга комил инсонларни вояга етказиб беради.
ТИИ талабаси
Тожиддинов Абдуссомад
Парижда Президент ташаббуси асосида ташкил этилган халқаро конференцияда Ўзбекистоннинг ислом цивилизацияси тарихидаги беқиёс ўрни, буюк аждодлар мероси ва Ислом цивилизацияси марказининг халқаро илмий-маърифий платформа сифатидаги янги имкониятлари муҳокама қилинмоқда.
7 октябрь куни Париж шаҳридаги ЮНЕСКО Бош қароргоҳида “Ислом цивилизацияси: Мовароуннаҳрнинг буюк маънавий ва илмий мероси ҳамда маърифат истиқболлари” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтмоқда, хабар бермоқда iccu.uz.
Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси асосида ташкил этилган мазкур нуфузли анжуман Ўзбекистоннинг бой тарихий, илмий ва маънавий меросини халқаро майдонда кенг тарғиб қилиш, Мовароуннаҳрдан етишиб чиққан буюк аллома ва мутафаккирларнинг жаҳон цивилизацияси тараққиётига қўшган ҳиссасини янада кенг ёритиш, шунингдек, илм-фан, маданият ва таълим соҳаларида халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган.
Тадбир аввалида Ўзбекистоннинг тарихий мероси, мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли маърифий ислоҳотлар ҳамда Президент Шавкат Мирзиёевнинг халқаро майдонда илгари сурган ташаббусларини акс эттирувчи махсус видеолавҳа намойиш этилди. Унда давлат раҳбарининг БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқида илгари сурилган “Жаҳолатга қарши маърифат” ғояси ҳам ўз ифодасини топган.
Халқаро конференциянинг очилиш маросимида ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси Президенти Хондер Талҳа, ЮНЕСКО Ижроия кенгаши раиси Носир бин Ҳамад Ал Ҳинзаб, Ўзбекистон Республикасининг ЮНЕСКОдаги Доимий вакили Камол Мухторов, ЮНЕСКО Бош директорининг фанлар бўйича ёрдамчиси, профессор Дениз Пирес де Карвалью иштирок этди.
Анжуманнинг асосий маърузаси билан Ислом цивилизацияси маркази директори, Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти раиси Фирдавс Абдухолиқов иштирок этди.
Конференциянинг биринчи панели “Янги Ўзбекистон: маънавий ва интеллектуал мерос ҳамда замонавий тараққиёт” мавзусига бағишланди. Унда Ўзбекистоннинг янги Ренессанс сари интилиши, ислом цивилизациясининг умуминсоний қадриятлари, буюк алломалар илмий меросининг маърифат ва бағрикенглик ғояларини қарор топтиришдаги аҳамияти муҳокама қилинди.
Хусусан, Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ қилиш маркази (IRCICA) Бош директори профессор Маҳмуд Эрол Қилич, Оксфорд Ислом тадқиқотлари маркази директори доктор Фарҳан Низомий, Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмита раиси биринчи ўринбосари профессор Давронбек Маҳсудов, Женева Дипломатик доираси президенти Роберт Блум ва бошқа халқаро экспертлар ўз маърузалари билан иштирок этди.
Анжуманнинг иккинчи панели Ислом цивилизацияси марказининг халқаро илм-фан, маданият ва мулоқот платформаси сифатидаги ўрнига бағишланди.
Унда Марказнинг янги авлод музейи, халқаро илмий-маърифий хаб ва жаҳон миқёсида илм-фан ҳамда маданиятлараро мулоқотни ривожлантиришга хизмат қилувчи платформа сифатидаги фаолияти ҳақида фикр алмашилди.
Шунингдек, Италия, Ўзбекистон ва ЮНЕСКО ҳузуридаги Ислом ҳамкорлик ташкилоти Доимий кузатувчи делегацияси вакиллари иштирокида ислом илми ва Ренессанс ўртасидаги боғлиқлик, динлараро ва маданиятлараро мулоқот, Ислом цивилизацияси марказининг халқаро ҳамкорлик имкониятлари, Ўзбекистон Фанлар академияси билан истиқболли илмий лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Конференциянинг учинчи панели эса “Мовароуннаҳрнинг буюк аллома ва мутафаккирлари: жаҳон цивилизацияси тараққиётини шакллантирган мерос” мавзусига бағишланди.
Унда Мовароуннаҳр алломаларининг жаҳон цивилизацияси ривожига қўшган ҳиссаси, Имом Бухорийнинг ишончли билим, ахлоқ ва илмий масъулият анъаналари, Имом Мотуридийнинг бағрикенглик ва мўътадиллик фалсафаси, Имом Термизийнинг ҳадисшунослик илми тараққиётидаги ўрни, шунингдек, Алишер Навоий меросининг Европада ўрганилиши масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Мазкур мавзулар бўйича Буюк Британиянинг “Al-Furqan Islamic Heritage Foundation” ижрочи директори Сали Шаҳсавари, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директор ўринбосари Отабек Муҳаммадиев, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Комилжон Шермуҳамедов, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори доктор Музаффар Жониев ҳамда Ислом цивилизацияси маркази илмий котиби Рустам Жабборов маърузалар қилди.
Шу тариқа, ЮНЕСКО Бош қароргоҳидаги халқаро конференция доирасида Мовароуннаҳрнинг бой илмий-маънавий мероси нафақат тарихий қадрият, балки бугунги кунда тинчлик, бағрикенглик, маърифат ва цивилизациялараро мулоқотни ривожлантиришга хизмат қилувчи муҳим умуминсоний мерос сифатида намоён этилмоқда.
Конференция якунида илм-фан, маданият ва таълим соҳаларида халқаро ҳамкорликнинг янги йўналишларини белгилаш, қўшма илмий ва маданий лойиҳаларни амалга ошириш, шунингдек, Ислом цивилизацияси марказининг халқаро илмий ва маърифий алоқаларини янада кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати